Қамоқхона ва жиннихона — машҳур «Иванушка»нинг аччиқ қисмати
Эдуард Изотов 1936 йил 11 ноябрда Белоруснинг Витебск вилояти Суражский туманида ҳарбий хизматчи оиласида туғилган. 1954 йилда ВГИКнинг актёрлик бўлимига ўқишга кирди ва уни 1959 йилда тугатди. Эдуард Изотовнинг фильмдаги дебюти 1959 йилда «Дашт сукунатида» фильмидаги Чаликов бош роли эди.
Кўпчилигимиз ёшликда «Аёзбобо» филм-эртагини кўриб улғайганмиз. Ундаги қаҳрамонлар ўз ролларини маҳорат билан ўйнашган, улар барча эртаклардаги каби мурод-мақсадига етади. Аммо «Аёзбобо» бош рол ижрочиларининг ҳаёт йўли бир текис бўлмаган. Жумладан, Иван роли ижрочиси Эдуард Изотов арзимаган сабаб билан қамоққа тушиб, уч йил умрини турмада ўтказди, бу унинг соғлиғига, руҳиятига таъсир ўтказди. Охир-оқибатда Изотов умрининг охирида Москва шифохоналаридан бирида оғир касалликдан вафот этди.
1964 йилда «Аёзбобо» экранларга чиққандан сўнг, Эдуард Изотов учун машҳурлик даври бошланди. Миллионлаб мухлислар шўх ва шиддатли Иванушка ролининг мафтункор ижрочисини, шу жумладан унинг филмдаги шериги Наталя Седих (Настенка)ни ёқтириб қолишди. Актёрнинг кейинги ҳаёти ҳам эртак каби эди - унинг рафиқаси машҳур ва гўзал Инга Будкевич бўлиб, ажойиб қизи Вероника туғилди. Аммо тўсатдан никоҳ бузилди. Кейинчалик Будкевич ўз хотираларида Эдуарднинг онаси никоҳга қарши бўлгани ва уни хушламагани ҳақида гапирган. Изотов иккинчи рафиқаси билан бахт топишга ҳаракат қилди. Аммо актёрнинг иккинчи турмушида қатор кўнгилсизликлар юз берди.
Эдуард Изотов 1936 йил 11 ноябрда Белоруснинг Витебск вилояти Суражский туманида ҳарбий хизматчи оиласида туғилган. 1954 йилда ВГИКнинг актёрлик бўлимига ўқишга кирди ва уни 1959 йилда тугатди. Эдуард Изотовнинг фильмдаги дебюти 1959 йилда «Дашт сукунатида» фильмидаги Чаликов бош роли эди. 1964 йилда таниқли режиссёр Александр Роунинг «Аёзбобо» эртак фильмидаги Иванушка роли унга шон-шуҳрат ва томошабинлар меҳрини келтирди. Изотов шу тариқа кўп йиллик актёрлик фаолиятини бошлади ва 20 ёшида Кинематографлар уюшмасининг энг ёш аъзоси бўлди. У «26 Боку комиссарлари», «Қилич ва қалқон», «Олов, сув ва мис қувурлар», «Узоқ қорлар акс-садоси», «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси», «Буюк қарама-қаршилик», «Мудофаа учун сўз», «Мимино», «Ота Сергиус», «Орзулар вақти» ва бошқа филмларида ролларни ижро этган.
Эдуард Изотовнинг 1956-1980 йиллардаги биринчи рафиқаси унинг синфдоши, машҳур актриса Инга Будкевич бўлиб, у Александ Роунинг «Олов, сув ва мис қувурлар» ва «Узун ўрамасоч гўзал Варвара» эртак фильмларидаги роллари билан машҳур бўлган. Бу никоҳдан 1960 йилда Вероника Изотова исмли қизча туғилди, у ҳам келажакда актрисалик касбини танлади. Лекин оила 1980 йилда парокандаликка учради. Изотовнинг иккинчи хотини Ирина Ладиженская эди. Улар 1982 йилдан 1986 йилгача турмуш қурган. Ирина киножурнал муҳаррири,1986 йилдан 1992 йилгача у кинотеатрда бадиий раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган.
Изотов ўзининг маҳобатли овози туфайли СССРда энг талабгир дубляж актёрларидан бирига айланди. Буни чет элликлар ҳам, иттифоқдаги ҳамкасблари ҳам эътироф этган. Масалан, актёр «Бошсиз чавандоз» фильмида Олег Видовни гапиртирганди. Бундан ташқари у ўнлаб филмларни овозлашда иштирок этди, улар қаторида «Хазиналар ороли», «Капитан», «300 спарталик», «Жаноб Ҳиндистон» каби филмлар бор.
1983 йилда бахтсизлик юз берди. Актёр иккинчи рафиқаси Ирина Ладиженская билан биргаликда Москва марказидаги Пушкинская майдонидаги «Лира» кафеси ёнида валюта айирбошлаётганида қўлга олинди. Актёр долларларни рублга алмаштираётганди, бу пулга дача қурилишини якунлаши керак эди. У валютани этигига яширган ва шу билан жиноятнинг асосий айбдорига айланган. Ўша пайтда Жиноят кодексига кўра, «валюта фирибгарлиги» учун энг кам жазо муддати уч йил эди. Кўпчилик Эдуард Изотовнинг иккинчи хотинини севимли актёрнинг қамоққа тушишида айблади. Машҳур актёрлар - Марина Ладинина, Олег Стриженов, Людмила Хитяева, Николай Рибников, Алла Ларионова, Татяна Конюхова, Инга Будкевич, Лариса Лужиналарнинг илтимосномаларига қарамай Изотов ва Ладиженская уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Изотов жазо муддатини ўтаб саҳнага қайтганидан сўнг, кўпчилик машҳур «Иванушка» жазони қандай ўтказганини билишни хоҳлашди. Аммо Эдуард Константинович бу мавзуда бир оғиз сўз айтмади. «Бу мавзу абадий ёпиқ бўлиб қолди ва агар кимдир шу мавзуга гап очса ёки савол берса, Эдик: «Биз кетамиз», деб суҳбатга якун ясарди. Бу бизнинг фожиамиз ва бошқа ҳеч кимники эмас. Биз бу воқеадан кейин кўпчилик учун ўз уйимиз эшикларини ёпдик», деганди унинг рафиқаси Ладиженская.
Қамоқхона ҳаёти актёрнинг руҳияти ва соғлиғига даҳшатли таъсир кўрсатди. «Қамоқхона унинг орқасига тиралган ўткир пичоққа ўхшаб турарди. У жуда қонунга итоаткор эди ва бирдан жиноятчи бўлиб қолди! Бу синов охир-оқибат уни ўлдирди. Ахир, Эдик ҳаётда эртакдаги Иванушкага ўхшарди. Ростгўй, соддадил...», деганди Будкевич собиқ турмуш ўртоғи ҳақида.
1988 йилда Изотов биринчи инсултни бошдан кечирди, кейин бу жараён бирин-кетин содир бўлди - жами бешта инсулт ўтказилди. Изотов театрда ишлашни давом эттирди, лекин 1997 йилда тўртинчи инсультдан кейин хотирасини йўқотиб, матнларни унутишни бошлади. «Иш билан хайрлашишим керак эди. Мен хафагарчиликни хоҳламайман! Мен бошқа саҳнага чиқмайман», - бу унинг сўнгги сўзлари эди.
Шундан сўнг энг қийин пайтлар келди. Актёр аввал қон томирлар бўйича оғир операцияни бошдан кечирди, кейин неврологик клиникада даволанди. Операциялар учун пулни дўстлари - Борис Хмелницкий, Сергей Никоненко, Александр Панкратов-Черний, Александр Абдуловлар беришган. Касаллик авж олди. Изотов энди мустақил ҳаракатлана олмаётганди, гапиришда қийналар, вақти-вақти билан ҳатто яқинларини танимай қоларди.
У умрининг сўнгги олти ойини ёпиқ психоневрологик пансионатда ўтказди. Актёрнинг иккинчи рафиқасига кўра, Изотов умрининг охирида ҳатто униям эсидан чиқариб, танимай қолган.
2003 йил 8 мартда актёр Москвадаги шифохонада вафот этди. У эндигина 66 ёшни қаршилаганди. У Москва вилоятидаги Химки қабристонида дафн этилган. «У фаолиятини жуда ёрқин бошлади, кейин эса шунчалик шафқатсизларча пастга қулади... У алангаланиб, гугуртдай ёниб кетди. Умрини даҳшат ва ақлдан озган ҳолда якунлади. Дафн маросимида унга қарадим - тобутда нотаниш одам ётарди. Жон уни ўлимдан анча олдин тарк этганди», дея дафн маросимини тасвирлаб берганди Изотовнинг илк рафиқаси Инга Будкевич. Биз филмда ёш ва навқирон сифатида кўриб ўрганган «Иванушка»нинг ҳаёти шу тариқа ниҳоясига етди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0