“Бухоро” болалар кулгусига тўлди
22 июнь куни Бухоро шаҳрида 250 ўринли замонавий "Бухоро" болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Ушбу маскан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан, мамлакатимизда болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар доирасида барпо этилди. Янги оромгоҳ нафақат соғломлаштириш, балки маънавий-маърифий, ижодий ва жисмоний ривожланиш маскани сифатида фаолият юритиши назарда тутилган.
Оромгоҳнинг очилишида вилоят ҳокими, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, волонтёрлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тантанали маросимда сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими янги масканнинг очилиши билан барча болалар ва уларнинг ота-оналарини самимий табриклади.
— Бугунги кунда болаларнинг соғлом ўсиши, уларнинг иқтидори ва қобилиятини ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш — давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир. Янги оромгоҳ ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади, — деди ҳоким ўз нутқида.
Замонавий инфратузилма ва мақсадли дастурлар
"Бухоро" оромгоҳи 4,2 гектар майдонни эгаллаб, 56 миллиард сўмлик сармоя асосида қурилди. Унда икки қаватли ётоқхона, ошхона, маъмурий бино, тиббиёт пункти, кутубхона, маънавият хонаси, амфитеатр, волейбол ва минифутбол майдонлари ҳамда сув ҳавзаси мавжуд.
Болаларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида оромгоҳда 12 кунлик намунавий тарбиявий дастур асосида тадбирлар амалга оширилади. Ушбу дастур халқаро тажриба ва миллий қадриятлар уйғунлигида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ватанпарварлик, миллий ғоя ва умуминсоний қадриятларни сингдиришга алоҳида эътибор қаратилган.
— Биз фақат болалар дам олишини эмас, уларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний салоҳиятини юксалтиришни ҳам мақсад қилганмиз, — дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бўлими раҳбари Ҳамза Рўзиев. — Бу оромгоҳ келажагимиз бўлган ёш авлодга инвестиция сифатида хизмат қилади. Бундан кейин ҳар бир бола бу ердан фақат дам олибгина қолмай, ўзидаги иқтидорни ҳам кашф этади.
Қайд этиш лозимки, янги оромгоҳнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ташкил этилган. Болалар хавфсизлиги, тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом ва тўйимли овқатланиш, санитария ва жамоат тартибини таъминлаш юзасидан тегишли мутахассислар ва масъуллар жалб этилган.
Инсон қадри учун хизмат қилади
Умуман, Бухоро вилоятида 2025 йил ёз мавсумининг биринчи давраси доирасида жами 143 та оромгоҳ фаолият юритмоқда. Ушбу оромгоҳлар орқали 19 810 нафар бола қамраб олинади. Хусусан, 11 та стационар оромгоҳда — 8 400 нафар, 132 та кундузги оромгоҳда — 11 410 нафар бола соғломлаштирилади. Бу — ҳар бир бола учун мазмунли дам олиш ва ривожланиш имкониятини яратишга қаратилган улкан кўламдаги ишларнинг амалий натижасидир.
"Бухоро" болалар соғломлаштириш оромгоҳи — бу нафақат дам олиш маскани, балки ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган муҳим ижтимоий лойиҳа ҳамдир. Ушбу ташаббус “Инсон қадри учун” деган олий мақсадга хизмат қилувчи яна бир амалий қадам сифатида халқимиз, хусусан, бухоролик ўғил-қизлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“ИШОНЧ”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0