Қори Ишкамбанинг замони ўтмадими?
...Манзуранинг турмуш ўртоғи автофалокатга учради. Фарҳод айб ўзида бўлганлиги боис, нариги томон билан келишишга ҳаракат қилди, машинасини таъмирлаб беришни зиммасига олди. Бу кам маблағ талаб қилмасди. Қўлида кераклича пул йўқ. Ошна-оғайниларидан, қариндошларидан қарз сўради, натижа бўлмади. Нариги тараф эса қистовга оляпти. Машинани тезроқ таъмирлатиб бермаса, тегишли жойга арз қилишини айтди. Шунда қўшниси фоизга пул беришини эшитган Манзура, эри билан маслаҳатлашиб, уникига қарз сўраб борди.
Сўраган пулингизни бераман. Фақат олти ойда пулни қайтара олмасангиз, уйингизни менинг номимга ўтказишингизни кўрсатиб тилхат ёзиб берасиз.
Манзурага шу тобда пул сув билан ҳаводай зарур бўлгач, кўнмай иложи йўқ. У аслида қўшнисидан 100 миллион сўм олган бўлса-да, 150 миллион сўм қарз олдим дея тилхат ёзиб берди. Автофалокат машмашаси шу билан ёпилди. Аммо, энди навбатдаги можаро бошланди. Қўшнисининг пулини қайтириши зарур. Фарҳод киракашлик қила бошлади. Кеча-кундуз машина бошқариб, бир ойда олти миллион сўмдан зиёд даромад қилди. Бироқ, қўшнисига берилган беш миллион сўм фоизига ҳам етмади. Кейинги ойда эса омади умуман чопмади. Лицензиясиз фаолият кўрсатаётгани учун жарима тўлашига тўғри келди. Энди нима қилиш керак? Машинани гаровга қўйиб, кредит олмоқи бўлишди. Бахтга қарши, банклар фақат кейинги беш йилда ишлаб чиқарилган машиналарни гаров сифатида қабул қилишар экан. Машинани бозорга олиб чиқишди. Бир ярим ой деганда 100 миллион сўмга сотишди. Бу пайтда уларнинг қўшнисига берадиган пуллари миқдори 150 миллион сўмдан ошиб кетган эди. Қўшни 35 миллион устама ва 65 миллион сўм «она пули»дан қайтиб, 85 миллион сўм асосий қарзлари қолганлигини билдирди. Манзура тақинчоқларини сотиб, саккиз миллион сўм топди. Фарҳод бу пулни олиб, ишлаш учун хорижга кетди. Омади чопмади. Бу пайтда белгиланган олти ой муддат ўтиб бўлган эди. Қўшни масалани кескин қўйди: “Марҳамат қилиб ё пулимни қайтаринглар ёки уйни менинг номимга ўтказиб берасизлар”. Манзура соддалик қилиб берган пулларига тилхат ҳам сўрамаган экан. Уйни қўшнисининг номига расмийлаштириб, ўз уйида ижарада яшай бошлашди. Бу орада уйлар нархи бир неча бор тошиб кетди. Фарҳод тушкунликка тушиб, ичкиликка берилди… охир-оқибат оила парокандаликка юз бурди.
Бу ўзимизнинг маҳаллада, кўз олдимизда бўлган воқеа. Афсуски, ҳеч ким бу оилани сақлаб қололмади. Аввал бошдан нотўғри йўлнинг танланганлиги оқибатида оила дарз кетди. Балки, мана шундай оқибатлари учун ҳам ота-боболаримиз судхўрликни қаттиқ қоралашган, муқаддас динимизда “рибо” дея таъриф берилиб, гуноҳ саналгандир. Судхўрлик қилган ҳам, ундан қарз олган ҳам бирдай жазога лойиқ дейишади кўпни кўрган инсонлар.
Манзура каби фоизга пул олиб, бор-йўғидан айрилганлар камми? Бошқалар судхўрлар тузоғига илинмаслиги учун нима қилиш керак?
– Фоизга пул олиш ҳақида эшитсам, юрагим қинидан чиқиб кетади, –дейди ўзини Фароғат деб таништирган аёл. – Уч йил муқаддам ҳамкасбимга қўшнимдан фоизга пул олиб бердим. Ҳеч қандай гаровсиз. Беш ойдан сўнг ҳамкасбим ишдан бўшаб, хорижга кетиб қолди. Бу пайтда у қарзининг ярмини қайтариб улгурган эди. Сизга ёлғон, менга рост, қолган етти миллион сўмни ўн миллион сўм қилиб тўлашимга тўғри келган. Қайнона-қайнотам, турмуш ўртоғимдан роса гап эшитганман. Жазо тариқасида икки ой фарзандларимни менга кўрсатишмаган. Шунда судхўрлик дунёдаги энг оғир гуноҳ деган фикрга келганман.
Олий ўқув юртини тамомлаб, иш бошлаганимга бир ойдан ошди. Онам бетоб бўлиб қолди. Жарроҳлик амалиёти учун катта миқдорда маблағ керак. Тўлов контракти асосида ўқиганман, шу боис ота-онам ортиқча маблағ жамғариш имконига эга бўлмаган. Банкка кредит сўраб мурожаат қилгандим, кейинги олти ойдаги иш ҳақим тўғрисида маълумотнома сўрашди. Табиийки, менда бундай маълумотномани тақдим қилиш имкони йўқ. Шу боис судхўрдан қарз олишга қарор қилдим. Ишим ярим соат ичида битди. Паспортимни бериб, оғайним тавсия қилган нотаниш шахсдан фоизга пул олдим. Онам соғайиб кетди, асосийси шу. Ҳозир иш ҳақимни қарзимни тўлашга йўналтирганман, –дейди Жасур.
Қонунчиликда фоизга пул бериш таъқиқланмаган. Боиси, ҳаёт давом этар экан, инсонлар бир-биридан қарз олиб, қарз беришга эҳтиёж сезишади. Қарзни устама билан ёки шунчаки бериш фуқаронинг ихтиёрида. Ҳуқуқшунослар, фуқаролар қарз муносабатларини қонуний асосларда йўлга қўйишларини тавсия қилади. Нотариал тасдиқланган қарз шартномасида қарз миқдори, тўлаш тартиблари, муддатлари, устама фоиз ёки фоизсиз эканлиги, томонларнинг талаблари аниқ кўрсатилиши шарт. Ана шунда турли можароларнинг олдини олган бўламиз.
Судхўрлик инсониятга азалдан йўлдош бўлиб келаётган иллатлардан бири. “Хўжа Насриддин қиссалари”даги Жаъфар, “Жиноят ва жазо”даги Скаредная кампир, “Судхўрнинг ўлими”даги Қори Ишкамба… булар шунчаки бадиий асар қаҳрамонлари эмас ва улар ўтмишда қолиб кетишмаган. Инсоният пулга эҳтиёж сезар экан, бундайлар яшайверади.
Хўш, судхўрлар жамиятга қандай зиён етказади? Биринчидан, судхўр ёки бошқча айтганда фоизга қарз берувчи шахс ўз фойдасидан солиқ тўламайди. Иккинчидан, судхўрлик оқибатида катта миқдордаги маблағларнинг банкдан ташқари айланиши кузатилади. Охир-оқибат бу маблағлар маълум шахсларнинг қўлида тўпланиб қолади. Бу эса инфляцияга сабаб бўлиши мумкин. Қонунчиликда жисмоний шахсларнинг фоизга пул бериши тақиқланмаганлиги оқибатида судхўрлар қонун ҳимоячилари томонидан назорат қилинмайди, уларнинг рўйхатлари ҳам шакллантирилмаган. Фақат можаро келиб чиққан тақдирдагида масала суд томонидан кўриб чиқилади. Ваҳоланки, судхўрлик фирибгарликка ўхшайди. Ҳеч бир сабабсиз қарз олувчи шахснинг қарзлари ортиб бораверади, айрим ҳолларда узоқ муддатгача фоиз тўлаганидан кейин ҳам мулкидан айрилиб қолади.
Кейинги йилларда кредит берувчи хусусий ташкилотлар кўпайганлиги, банкларда кредит бериш анча соддалаштирилганлиги маблағга эҳтиёжманд юртдошларимиз учун қулайликлар туғдирмоқда. Бироқ, бу ҳақда хабари йўқлигиданми ёки бошқа сабаблар туфайли, ҳали ҳам судхўрга мурожаат қилувчилар топилади. Ёмони, улар қарзини тўлолмай ўзларини ўққа, чўққа ураётганликлари, мулкларидан айрилаётганидир. Ёки аксинча, танишига гаровсиз пул бериб, куйиб қолаётганлар ҳам кам эмас.
Муаммонинг ечими, аввало ўз имкониятингдан келиб чиққан ҳолда сарф-харажат қилишдир. Тасодифий харажатларни қоплаш учун эса ҳали айтганимиздай, тижорат банкларига мурожаат қилган маъқул. Инсонлар бир-бирига оқибатли бўлиб, қўллаб-қувватлагандагина бу муаммо барҳам топади деб ўйлаймиз.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0