“2,5 миллиард сўмни нималарга сарфлаймиз?” – Андижон шаҳар ҳокимлигининг бюджет маблағини тақсимлашга доир чақириғига жамоатчиликдан бирорта ҳам таклиф келиб тушмади
Андижон шаҳри ҳокимлигининг маҳаллий бюджетнинг 2 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд маблағини тақсимлаш бўйича таклиф-лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди. Бироқ қарийб 500 мингдан зиёд нуфусга эга шаҳар аҳолисидан айни масала бўйича бирорта ҳам таклиф ёки эътироз келиб тушмади.
Давлат раҳбарининг 2022 йил 14 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 10 кун муддатга «E-qaror» электрон тизимига жойлаштирилиши белгилаб қўйилган.
Бундан мақсад харажатлар самарадорлигини ошириш, жумладан, бюджет маблағларини мақсадли тақсимлаш орқали ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш жараёнларига солиқ тўловчиларни ҳам жалб этиш ва уларнинг фикрини инобатга олишдан иборат. Бироқ сўз бораётган масалада жамоатчилик фаоллиги сезилмаётир. Шу йил 31 октябрдан 10 ноябрга қадар муҳокамалар порталида таклиф билдириш учун очиқ турган юқоридаги лойиҳани бор-йўғи 33 киши кўрганлиги ҳам одамларнинг бефарқлиги эмас, балки юқоридаги таомиллардан бехабарлигидан далолат.
Шундай қилиб, Андижон шаҳрида 2 миллиард 600 минг сўмдан зиёд маблағ бу гал ҳам жамоатчилик иштирокисиз тақсимланди. Тақсимотда “Ташаббусли бюджет” жамғармаси, мудофаа бўлимини таъмирлаш ва жиҳозлаш, 50-махсус боғчага мебел сотиб олиш, болалар боғи қўрғон девори учун қурилиш материаллари харид қилиш каби мақсадли сарфлар қаторида ободонлаштириш юмушларига қаратилган баҳсталаб ва шубҳали харажатлар ҳам бор. Жумладан, рўйхатда шаҳар кўчаларига темир панжара ўрнатишга 415 миллион сўм, Регистон майдони ёритиш чироқлари учун 330 миллион сўм, мавсумий ва манзарали гул кўчатлари харидига 112 миллион сўм йўналтирилганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «Ishonch» газетасининг 2025 йил 16 сентябрь кунги 118-сонида “Тежамаганнинг таги – танг” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда бюджет маблағлар мисқоллаб йиғилиб, беҳуда юмушларга ботмонлаб совурилаётгани, жумладан, шаҳар кўчаларига қайта-қайта ўрнатилаётган гултуваклар, темир панжаралар, яшаш даври капалак умрига тенг гуллар учун катта миқдордаги маблағлар ҳавога учирилаётгани сўроқ остига олинганди.
Нурилло Нўъмонов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0