Душман излаш кайфияти: ўзбеклар нега ўзидан шубҳаланади?
Тан оламизми йўқми, жамиятимизда душман қидириш ва шубҳаланиш кайфияти хукмрон. Бу кайфиятга ҳамма жойда – ишда, кўча -кўйда, ҳамкасблар, дўстлар ва ҳатто оила даврасида гувоҳ бўламиз. Гўё бу ҳолат жамият руҳининг қат-қатига сингиб кетгандай... Қуйидаги иборалар ҳаммамизга таниш бўлса керак: “Тилингга эҳтиёт бўл”, “Ҳеч кимга ишонма”, “Кимдир ёмонлик қилиши мумкин”, “Бу ҳаётда ота-онадан бошқасига ишониб бўлмайди”, “Орқамдан гапиришяпти”, “Бу инсон шубҳали”, “Бизни кимдир кузатяпти”, “Раҳбарга мени ёмонлаган бўлса-чи”...
Баъзида халқда ҳукуматга нисбатан оммавий ишончсизлик кузатилади. “Раҳбарлар алдайди”, “Ишониш қийин масала...”, “Бу ҳаётда доктор билан милицияга ишинг тушмасин”, “Ҳеч кимга ишониб бўлмайдиган замон” , “Банклар чув туширади”, деган гаплар ҳар қадамда қулоққа чалинади. Бугунги замонда бу кайфиятдан ёшлар ҳам мосуво эмас. Йигитлар қизларга, қизлар йигитларга ишонмайди. Оила қуриш арафасидаги йигитлар: “Қизларга ишонч йўқ”, “Яхши қиз топиш қийин бўлиб кетяпти”, “Кимга ишонишни ҳам билмайсан” деса, қизлар: “Ҳамма эркаклар бир гўр”, “Ҳозирги йигитлар пайпоқ алмаштиргандай қиз алмаштиради”, “Покдамон йигит қолмади”, деб жавоб беради. Бу гаплар ортида шунчаки йигит -қиз муносабати эмас, ишонч етишмовчилиги, оғир ҳолатдаги ишонч танқисилиги бор.
Ташқи ҳавф
Ўтган йили бир ўқимишли аёл даб-дурустдан: “Ҳукуматимиз ҳамма давлатлар билан илиқ муносабат ўрнатяпмиз, деб бутун дунёга эшикларни очиб ташлаяпти, охири бахайр бўлсин. Душманларни киргизяпмиз. Каримов ундай қилмаган бўларди,”-деди. Университетда талабалардан бири эса: “Туризмни ривожлантирамиз дейишяпти, лекин туризмни ривожлантириш хато, ташқаридан турли одамлар юртимизга келса, маданиятимизга чанг солади, бу – хавфли”- деди... Кейинчалик ҳам шунга ўхшаш фикрларни кўпчиликдан эшитдим... Бу тоифа дунё билан очиқ мулоқотни хавф деб ҳисоблайди. Чунки уларнинг онгида душман албатта бор ва бўлади, душман ташқарида ҳам бўлиши мумкин.
Журналистикада ҳам ишонч кризиси
Душманни нафақат ташқаридан балки ичкаридан изчил излайдиган тафаккур ҳам мавжуд. Бу қараш тармоқлар, соҳалар ичига ҳам сингиб кетган. Маълум касб вакиллари билан гаплашганимда, улар ўзларининг касблари, тутумларидан келиб чиқиб атрофга руҳан олазарак боқишаётганини кузатаман. Иш юзасидан олимлар билан суҳбатлар ташкил қилишга тўғри келади. Афсуски, ўзини зиёли қатлам санайдиган – олимлар орасида ҳам шубҳаланиш кайфияти бор. Баъзан суҳбатдошларим: “Ҳалиги олим фалон жойга ишласа керак”, “Ҳозир ҳам ватанфурушлар кўп”, “Фалон олимни Россиянинг агенти деб ўйлайман” дейишади.
Журналист сифатида ҳамкасбларим билан мулоқат қилиб, учрашиб қолсам ҳам шу кайфият! Уларнинг тилидан ҳам шубҳа-гумонларни акс эттирадиган гаплар ёғилиб келади: "Ҳалиги журналист ортида ким туради деб ўйлайсиз?" , "Фалончи журналист фалон жойнинг одами бўлса-чи", “У шу қадар қўрқмай танқид қиляпти, демак бир гап бор”... Яъни сўз эркинлиги ҳақида гапирилаётган муҳитни ҳам гумонлар бошқармоқда. Ижтимоий тармоқлар фаоллашган сари ёлғон ахборот, фейк маълумотлар ҳам руҳиятимиздаги ишончсизлик ҳолатини янада мураккаблаштиргандай бўлди. Ўйлаб қоласан, ишончнинг бу қадар оғир кризиси қачон пайдо бўлди экан?
“Содда ўзбек”
Ўзбеклар сўзи тилга олинганда ҳамиша уни ёнида “содда” деган сўз қўшиб ишлатилади: “Ўзбеклар содда халқ”, “ўзбеклар меҳмондўст халқ”, “ўзбекни алдаш осон”, “ўзбек ишонувчан”, “шунчалик ҳам содда бўласанми”, “содда ўзбегим”... ва хокозо.
Аслида мана шу иборалар замирида ҳам “Бизни алдашади”, “Содда бўлмаслик керак!”, “Ишонма”! “Алданасан”, деган ҳимоя меҳанизмлари ишламаяптимкан? Яъни “Ўзбекни кўп алдашган, сени ҳам алдашлари мумкин, шунинг учун ишонма!” деган даъватни ифодаламасмикан бу? Бизда бирор раҳбар бошқа лавозимга ўтса, ортидан қуйидаги хабар тарқалади: “Ўзини ишонган гуруҳини ҳам янги иш жойига олиб кетибди”, “Ишонган ва содиқ кишиларини атрофига тўплаяпти экан”, “Жамосини тузаяпти экан”. Лекин нимага? Янги жойда янги одамлар унга пичоқ уришидан қўрқадими? Демак, раҳбарларда ҳам ишончсизлик психологияси ҳукм сурмоқдами? Бир миллат нега бир-бирига бу қадар ишонмайди?
Адабиётда ҳам “алданган инсон” тимсоли
Яқинда Йўлдош Эшбекнинг “Йиғлаётган қиз” шеърини ўқидим. Шеър бир қарашда алданган ва йиғлаётган қиз ҳақида ёзилгандай туюлади. Аммо устозлардан бири: “Бу шеър шунчаки қиз ҳақида эмас, у миллат ҳақида”, деса, яна кимдир: “Бу шеър илоҳиётга даҳлдор туйғулар, ёлғон дунё ҳақида”,- деди. Қуйида шеърдан парча келтирсам:
“У сени севгандир, йўқ, йўқ, севмаган.
Кўксингга чиройли ўқлар қадаган,
Бировлар аладаган, биров алдаган”.
Ҳозир шеър нима ҳақида эканини таҳлил қилмоқчи эмасман. Аммо адабий тафаккуримизда ҳам ёлғон қурбони бўлиш, алданиш ҳақида катта асарлар борлиги, булар онгмизга бежиз ўрнашмаганини таъкидламоқчиман холос. Миллатни алдашлар орқали уни назорат қилиш тажрибаси эҳтимол шоирнинг мисраларида бўй кўрсатгандир? Аммо қачон, қайси омиллар таъсирида биз алданган, бу қадар шубҳа ва қўрқувдаги жамиятга айланиб қолдик? Нима бўлганда ҳам бу ҳолат танамизда бугун ё кеча содир бўлиб қолган жараён бўлмаса керак. Катта эҳтимол юракларимиздаги гумонлар сўнги 100-150 йиллик турмушимиз ва бошдан кечирганларимиз оқибатидир. 1937 йилдаги қатлиомлар, “хатто қўшнинг ҳам сотган бўлиши мумкин”, “Энг яқин дўстинг ҳам ҳиёнат қилади” деган ҳавотирлар онг остимизда балки ҳалиям шарпадай судралмоқда. Катта эҳтимол 1991 йилдан кейин ҳам ундан халос бўла олмадик. Густав Лебон ўзининг “Омма психологияси” номли асарида шундай ёзади: “Бирор тушунча омма онгига сингиши учун қанчалик узоқ вақт кетган бўлса, омма онги ундан халос бўлиши учун ҳам шунча муддат кетади”.
Ижтимоий дард
Менимча, энг оғир руҳий ҳолат – бу кимдандир шубҳаланиш жараёнини бошдан ўтказиш бўлса керак. Ишонч бўлмаган жойда ҳеч нарса содир бўлмайди. Файласуфлар ҳам: “Сен нимага ишонсанг – ўшасан”, деб бежиз айтиб кетмаган.
Ишонч кўприклари емирилган жамиятни бирлаштириш, бир тан-у бир жон қилиш мумкинми? Одамлар бир-бирига ишонмаса, қандай қилиб улар бир бутун бўла олади? Сиз қўшнингизга ишонмасангиз, қўшнингиз сотувчига ишонмаса, сотувчи севган қизига, қиз тадбиркорларга,, тадбиркор давлатга ишонмаса... бу занжир қаерда узилади? Ишончсизлик муаммоси кўзга кўринмас, аммо оғир ва ечимини кутаётган ижтимоий муаммо. Ўйлайманки, давлатимиз, жамиятшунослар, психологлар, олимлар, журналистлар бирлашиб, ишонч кўприкларини қайта тиклаш устида жиддий бош қотиради.
Мафтуна КАРИМОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0