Яхшилар яшасин, яхшилар!
Шаҳрисабз туманининг «Оқолтин» маҳалласида истиқомат қилувчи Хуршидабону Муҳаммадиева кутилмаганда танг аҳволда қолди. Унинг 6 ёшли қизалоғи Мубина боғчада ҳушидан кетди. Ҳамшира болани зудлик билан шифокорлар кўригидан ўтказиш зарурлигини уқтирди.
– Эрингиз қаерда? – дея сўради шифокор одмигина кўйлак-лозимда, ранглари ўчиб кетган рўмолининг учи билан оғзини ёпиб турган аёлга бошдан-оёқ разм соларкан. – Вазият жиддий. Тошкентгами, Самарқандгами олиб бориш, у ердаги малакали шифокорлар кўригидан ўтказиш зарур. Болангизнинг юраги оғир хаста…
– Қандай хасталик экан у? – деди зарда билан эри ва елкасидаги докани отиб юборди. – Пулим йўқ.
– Кимда ошиб-тошиб ётибди? – деди Хуршидабону бўғзига тиқилган алланечук аламдан овози титраб. – Ким касал бўлсин, дебди. Даволатамиз.
Ниҳоят, Мубинани Тошкентга олиб боришга келишдилар. Аммо Тошкентдаги шифокорларнинг жавоби эр-хотинни буткул довдиратиб қўйди. Ўша кунларни эсларкан, «Ичимга чироқ ёқса ёришмас эди. Нафасим қисиб келаверарди. Бошимда кучли шовқин пайдо бўлар, кўзим тиниб, қадамларим чалкашарди», дейди Хуршидабону.
Оила етишмовчиликдан қийналарди. Эр-хотин ўртасидаги можаролар тобора авж оларди. Бир куни эр туйқусдан «ажрашаман» деди.
«Бўлди, тоқатим тоқ бўлди, ўн минг АҚШ доллари озмунча пул эмас. Мен уни топа олмайман. Ҳиндистонга ҳам олиб боролмайман. Шунча харажатдан кейин бола тузаладими, йўқми, Худога аён. Ўзи зўрға кунимни кўриб юрган бўлсам, бу ташвишлар билан умрим ўтиб кетишини истамайман».
У аёлни қизи билан кўчага ҳайдаб солди.
Хуршидабону икки-уч маҳалла нарига келин бўлиб тушган эди. Болалигида отасидан айрилган, уни онаси ёлғиз боши билан вояга етказганди. Оиланинг бор-йўқ даромади онанинг камгина маоши эди, холос. Мубинанинг бувиси ўша пайтларда туман шифохонасида фаррош бўлиб ишлар эди. У шу меҳнати ортидан рўзғор тебратарди. Хуршидабонуни келин қилиш ниятида келганлар рўзғори зўрға ўтиб турган оилалардан бўлиб чиқди. Тўй ҳам одмигина ўтди. Хуршидабону кунлик ишларга ёлланиб, озми-кўпми рўзғорга барака киритди. Оила бошига оғир мусибат тушгач эса, ниқоблар ечилди, кимнинг кимлиги ошкор бўлди.
Хуршидабону одоби, фаросати ўзгача қиз бўлиб улғайганди. Шу боис она уйида ҳам кунлик ишларга чиқиб, топганини йиға бошлади. Бир йилда йигирма миллион сўмга яқин жамғарди. Аммо вақт ўтган сари Мубина тез-тез ҳушидан кетадиган бўлди.
– Ўша кезларда Яратгандан фақат бир имкон сўрар эдим, – дейди Хуршидабону. – Қизимни бу оғир мусибатдан қутқаришим, уни соғлом ҳаётга қайтаришим керак эди. Лекин минг ҳаракат қилмай, «қўлим калта» эди. Жамғарган пулларимни олиб, яна Тошкентга бордик, яна олдинги шифокорга учрашдик. «Аҳвол жуда оғир. Шу туришида ўз оёғи билан юргани мўъжиза», деди шифокор. Мен эса тиним билмай ишласам-да, керакли суммани йиға олмаганимни, рўзғорим пароканда бўлиб кетганини ийманиб айтиб бердим. «Маҳаллага боринг, шароитингизни тушунтиринг. Ҳозир «Аёллар дафтари» деган тизим бор, зора, ёрдам беришса», дея йўл-йўриқ кўрсатди шифокор. У ёзиб берган дори-дармонларни олиб, уйга қайтдим. Маҳалладагилар ҳам ҳужжат билан ишлар экан. Сен турмушга чиқиб кетган маҳаллангда рўйхатда турасан, деб мени ҳеч қандай тизимга кирита олишмаслигини айтишди.
Бир сафар у пахта чопиғига чиққан эди. Аёллар салқинлаш учун бироз тин олишди. Ўзаро суҳбат вақтида даврадагилардан бири интернетда туман ҳокими ёлғиз онага уй-жой қуриб берганини ўқиганини айтиб қолди.
– Мубина хаста эканини ҳеч кимга айта олмас эдим. Қиз бола бўлгани учун келажагидан хавотирланардим, – дейди Хуршидабону. – Қолаверса, бировлар менга ва қизимга ачиниб қарашларини истамасдим. Сохта меҳрибончиликларга тоқатим йўқ эди. Ёнимдаги аёллардан бири «Сен ҳам ҳокимга бор. Ҳеч бўлмаса, уйингни таъмирлаб беради», деса, бошқаси ҳар ой ҳокимиятдан ёрдам олишим мумкинлигини айтарди. Қизимнинг аҳволи эса борган сари оғирлашарди. Ахийри, бўлмади, сўраб-суриштириб ҳокимият биносини топиб бордим.
Хуршидабону туман ҳокимининг оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосари Шаҳодат Қурбоновага учрашди. Шу куннинг ўзидаёқ у «Аёллар дафтари»га киритилди.
– Лекин сизга керакли сумма жуда катта экан. Эртага Халқ қабулхонасининг туман бўлими билан ҳамкорликда туман сектор раҳбарларининг фуқаролар қабули бўлади. Имкон топсангиз, келинг. Ҳоким билан учраштираман. Муаммога биргаликда ечим излармиз, балки, – деди Шаҳодат Қурбонова.
Ҳоким кунига юзлаб одамлар билан мулоқот қилавериб, «пишиб» кетган эди. У Хуршидабонунинг аҳволини дарров тушунди. Сўнг сектор котибидан савобталаб инсонлар берган йигирма бир миллион сўмлик маблағ борлигини билгач, шу ернинг ўзида уни Хуршидабонуга топширди. Кейинроқ ғаллакор фермерларнинг бир гуруҳи бу ташаббусга жалб этилди. Кўп ўтмай яна эллик миллион сўм пул йиғиб берилди. Бу ишга «Оқолтин» маҳалласи масъуллари ва ўзига тўқ одамлари ҳам имкон қадар ҳисса қўшдилар.
– Хуллас, саховатпеша инсонларнинг кўмаги билан 2024 йил 28 август куни қизим Ҳиндистонда жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиқди, – дейди Хуршидабону. – Кейинчалик ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўйишмади. Қизим мактабга чиққач, мени ва онамни доимий иш билан таъминлаш чораларини кўришди. Ҳозир иккимиз ҳам заводда ишлаяпмиз. Ойлик маошимиз яхши. Ўзимизни буткул тиклаб олдик. Бунинг учун барча-барчадан миннатдорман.
Ҳа, мамлакатимизда сўнгги ўн йилда Хуршидабонуга ўхшаб қийналган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган, бахтидан куйган, толеи ёрлақамаган минг-минглаб аёлларнинг, оналарнинг мушкули ариди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“ISHONCH”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0