+36C

+36C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Маданият вазирлигидан янги «Кашфиёт»

ёхуд Абдулҳамид Чўлпон қандай қилиб «Абдулла Чўлпон»га, Абдулла Авлоний эса «Абдулҳамид Авлоний»га айланди?
Жамият
97 17:52 | 15.06.2026 17:52

Маданият вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар «улкан салоҳияти»ни яна бир бор намойиш этиб, ўзбек халқини яна «ҳайрат»да қолдирди. Бу галги «кашфиёт» – пойтахтимиздаги муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройида, минглаб томошабинлар кўз ўнгида кузатилди. Вазирлик томонидан ўтказилган ҳисобот концерт дастури нафақат куй-қўшиқлар, балки ўзбек адабиёти тарихига киритилган «инқилобий янгилик» билан ҳам элга «манзур» бўлди…


Гап шундаки, саҳна тўридаги улкан ва замонавий мониторда ўзбек маърифатпарвар шеъриятининг улуғ вакили, миллат ҳурлиги учун жон берган жадид бобомиз Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг сурати пайдо бўлади. Бу – қарсак чалиб, олқишлашга арзийдиган ҳолат. Аммо сурат остига Абдулла Чўлпон деб ёзилган…


Ҳа, адашмадингиз! Сиз-у биз йиллар давомида мактаб дарсликлари ва китобларда ўқиб, Абдулҳамид деб таниган, ардоқлаган улуғ шоиримиз Маданият вазирлигининг енг шимариб қилган «ҳисоботи»да бир лаҳзада «Абдулла»га айланиб қолди.


Ким билсин, эҳтимол, маънавият ва маданият тарғиботчилари бўлмиш мутасаддилар «Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Ориповлар қаторида Чўлпон ҳам «Абдулла» бўлса, исмлар ансамбли чиройлироқ чиқади», деб ўйлашгандир? Ёки бўлмаса, исмнинг «Ҳамид» қисми концертнинг умумий бюджети каби «оптималлаштириш»га учрагандир?


Йўқ, улар бундай ўйлашмаган. Агар шундай бўлганида, қон босимингни оширадиган иккинчи хатога, аниқроғи, саводсизликка йўл қўйишмасди. Яъни маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний катта мониторда «Абдулҳамид Авлоний» бўлиб чиқмасди.


Нима бўлгандаям, Интернет аҳли ва ижтимоий тармоқлар фаоллари ҳам аянчли, ҳам кулгили бу ҳолатни ҳақли равишда кескин танқид қилишмоқда. Жамоатчиликнинг умумий фикри қуйидагича: «Агар мамлакатнинг Маданият вазирлиги ўз миллатининг энг буюк сиймоларини танимаса, исмларини тўғри ёзолмаса, оддий халқдан, ёшлардан нимани кутиш мумкин?»


Шахсан мен учун бу саводсизлик «техник хато» дея баҳоланиб, битта узр сўраш билан шунчаки унутиладиган мавзу эмас. Чунки бундай дабдабали тадбирлар учун давлат бюджетидан миллионлаб маблағлар сарфланади, ҳафталаб репетициялар қилинади, сценарийлар бир неча босқичли чиғириқлардан ўтказилади. Саҳна ортида (бир неча кун) ўнлаб режиссёрлар, муҳаррирлар, бадиий раҳбарлар ва вазирлик масъуллари ҳамма жараённи назорат қилиб, бўлажак концертга тайёргарлик кўришади. Наҳотки, уларнинг ҳеч бири катта экранда «ярқираб» турган саводсизликни пайқамаган бўлса?! Шуниси алам қилади...


Бир вақтлар шўро мафкураси Чўлпонни қатағон қилиб, асарларини ёқиб, исмини тарихдан ўчиришга уринган эди. Бугун эса, мустақил юртда, ўз ватанида унинг исмини «зукко маданиятчи»лар ўзгартириб ўтирибди. Бу бепарволик ва лоқайдлик ниқобидаги «қатағон» эмасми?


Жадидлар, хусусан, Абдулҳамид Чўлпон миллатни маърифатли қилиш учун жонини фидо қилган, Абдулла Авлоний борини берган эди. Қарангки, биз уларнинг исм-шарифларини тўғри ёзишни эплолмайдиган даражада «саводли» бўлибмиз…


Агар миллат тарбияси ва маданиятига масъул бўлган вазирликнинг ҳисобот-дастури шундай бўлса, қолган ишлари, ҳисоботлари қай даражада экан-а?


Умид қиламизки, Маданият вазирлигидан бундан кейин бундай «топилма»ларга йўл қўймайди. Яна қайдам, ким билсин…


Бугун вазирликнинг «маданий» савиясини кўриб, кўзлар қўрқмоқда, ўзбек маънавиятининг эртасидан кўнгиллар титрамоқда.


Хулоса ўрнида: оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ва кўп ёритиладиган мавзу – саводсизлик! Йиллар давомида қатор-қатор мисоллар билан бонг урилса-да, афсуски, саводсизлик кўчалардаги реклама ва эълонлардан катта саройдаги катта саҳнага кўчибди. Мана шуниси ҳақиқий фожиа…


Барчага халқ дардида куйиб-ёнган «Абдулла Чўлпон» шеъриятидан, «Абдулҳамид Авлоний» асарларидан баҳраманд бўлишни тилаб қоламиз!


Алижон АБДУРАҲМОНОВ
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6693 16:57 | 05.08.2023