Ишхонада ичиш ёки маст ҳолда келиш бўшатишга асос бўладими?
Савол: Айни пайтда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бўйича амалга оширилмоқда. Янгиланган тартибга кўра, икки томонлама шарномани бекор қилиш ҳақида батафсил маълумот олсам дегандим.
Соҳиб Диёров
Жавоб: Меҳнат кодексининг 161-моддасига асосан, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузгани учун бекор қилиш ҳуқуқига эга. Яъни агар хизматчи ҳеч қандай сабабсиз иш жойида 3 соатдан ортиқ вақт мобайнида йўқ бўлиши, корхона, ташкилот ёки муассасага маст ҳолда келиши, техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиши ёки раҳбарининг мол-мулкига зарар етказиши, масалан, ўғирлаши каби ҳолатлар рўй берган тақдирда шарномани бекор қилиш мумкин.
Бунда жараён актлар, хизмат ёзувлари ва комиссия хулосалари билан расман қайд этилиши жоиз. Ишчидан ёзма тушунтириш сўралади. Бунинг учун камида икки кун муҳлат берилиши лозим. Агар ходим тушунтириш беришдан бош тортса, икки нафар гувоҳ иштирокида далолатнома тузилиши талаб этилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғисида буйруқ қабул қилиниб, унда аниқ модда ва қўпол хато тури кўрсатилиши шарт.
Ишдан бўшатилган куннинг ўзида ходим билан ҳисоб-китоб қилишини зарур. Ойлик маош, фойдаланилмаган таътил бўлса, компенсация, меҳнат дафтарчаси ва бошқа зарур ҳужжатлар топширилиши даркор.
Эътибор бериш муҳим бўлган яна бир жиҳат шундаки, ҳар бир жараён қонуний асосда расмийлаштирилиши керак. Ҳужжатлар тўлиқ ва ишончли бўлиши жоиз. Акс ҳолда, буйруқ ноқонуний деб топилиши мумкин.
Борди-ю, ходим ўз ҳуқуқларини бузилган деб ҳисобласа, уч ой муддат ичида судга даъво-ариза киритиш ҳуқуқига эга.
Саволга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари
Алишер САИДОВ жавоб берди
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0