Иссиқ об-ҳавода ходимлар учун қандай кафолатлар бор?
Саволларга ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берган.
Ассалому алайкум, меҳнат ҳуқуқига оид саволим бор эди. Иссиқ об-ҳаво шароитида ходимларни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкинми?
– Ҳа, агар иш берувчида тегишли техник ва ташкилий имкониятлар мавжуд бўлганда ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувига кўра, ходимни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкин.
Амалдаги қонунчиликда иссиқ ҳавода ходимларга енгиллик бериш бўйича аниқ муайян бир норма мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 352-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.
Агар иш берувчида тегишли техник ва ташкилий имкониятлар мавжуд бўлганда ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувига кўра ходимни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш мумкин. Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида иссиқ об-ҳаво шароитида ходимларни мажбурий равишда масофадан ишлашга ўтказишни талаб қилувчи норма йўқ.
Аммо иш берувчи ходимнинг розилиги билан ва меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритган ҳолда, юқори ҳарорат туфайли турли хавфларни олдини олиш мақсадида ходимни масофадан ишлашга ўтказиши мумкин (мажбур эмас).
Масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари МК 452-464-моддаларида белгиланган.
Айнан иссиқ об-ҳаво шароитида бундай чорани қўллаш тўғрисида махсус норма мавжуд эмас, лекин умумий қоидалардан келиб чиқиб ходимни вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкин.
МК 452-моддаси 4-қисмига кўра, муайян иш берувчида ишлаётган шахснинг аввалги меҳнат вазифасини давом эттирган ҳолда одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши меҳнат шартларининг ўзгаришидир.
МК 135-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнат шартларини ўзгартириш, улар қайси тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда амалга оширилади.
МК 458-моддасига кўра, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, шунингдек ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар рўй берган тақдирда ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда иш берувчида тегишли техник ва ташкилий имкониятлар мавжуд бўлганда вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуқ бериладиган ходимларнинг тоифалари қуйидагилардан иборат:
- ҳомиладор аёллар;
- ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари, васийлари;
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- ёшга доир пенсионерлар;
- ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар.
Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида назарда тутилган ходимларнинг бошқа тоифалари ҳам вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуққа эга бўлиши мумкин.
***
Ҳаво анча иссиқ бўляпти, иш берувчилар ходимларига қўшимча 1соат дам олишга рухсати бериши мумкинми?
– Меҳнат қонунчилигида ҳаво ҳарорати мана бунча градусдан ошиб кетса ёки тушиб кетса, ходимлар учун мана бундай кафолат ва имтиёзлар бор деган махсус қоидалар йўқ! Бу қоидалар иш ўринларини аттестациядан ўтказиш натижасида ёки ташкилотнинг меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларида белгилаб қўйилади!
Меҳнат кодексининг 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.
Меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нималар киради?
МК 12-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:
- жамоа келишувлари;
- жамоа шартномалари;
- иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
- ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.
Демак, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда аномал об-ҳаво шароитларида (масалан, ўта иссиқ ёки ўта совуқ об-ҳавода) ходимлар учун алоҳида кафолатлар назарда тутилиши мумкин.
Агар ташкилотнинг жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида алоҳида кафолатлар назарда тутилмаган бўлсачи?
Эътибор беринг, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар жумласига, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам киритилмоқда.
Яъни жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ноқулай об-ҳаво шароитида ходимлар учун кафолатлар назарда тутилмаган бўлсада, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатларда (буйруқлар, фармойишлар, қарорлар) ҳам алоҳида кафолатларни назарда тутилиши мумкин. Чунки юқорида таҳлил қилиб ўтганимиздек, иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар жумласига киради.
МК 361-моддасига кўра (Иш жойларига қўйиладиган талаблар), иш жойлари жойлаштириладиган бинолар (иншоотлар) тузилишига кўра уларнинг белгиланган фунционал мақсадига ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос бўлиши керак.
Иш вақти давомида иш ўринлари жойлашган хонада ҳарорат, ёруғлик, шунингдек вентилация санитария нормалари ва қоидаларига мос бўлиши керак.
Бундан ташқари, МК 25-моддасига кўра (Иш берувчининг мажбуриятлари), иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш норматив талабларига мувофиқ бўлган меҳнат хавфсизлигини ва шарт-шароитларини таъминлаши шарт!
МК 205-моддасига кўра, йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки иситилмайдиган ёпиқ хоналарда ишлайдиган, шунингдек юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахслар учун махсус танаффуслар берилади! Иш берувчи иситиш, совитиш учун асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва ходимларнинг дам олиши учун яроқли бўлган хоналарни таъминлаши шарт. Бундай танаффуслар тақдим этиладиган ишларнинг рўйхати, ҳарорат кўрсаткичлари, шунингдек ушбу танаффусларнинг даврийлиги ва давомийлиги иш ўринларини меҳнат шароитлари ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфи бўйича аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сон қарорига 1-илова “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотларга қўйиладиган талабларни белгилайди.
***
Хусусий клиникадан касаллик варақаси олиб келсам, ўтмас экан. Шу тўғрими?
– Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сон буйруғига илова “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги 2667-сон Йўриқноманинг 4-бандига кўра, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари, қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан берилади.
Эътибор беринг, қоида тариқасида дейилмоқда. Яъни бундан фақат давлат даволаш-профилактика муассасалари меҳнатга лаёқатсизлик варақалари беришга ҳақли деган хулосага келмаслик керак.
Йўриқноманинг 5-бандига кўра, соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тегишли даволаш-профилактика муассасалари меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш ёки тиббий-ижтимоий экспертиза бўйича етарли малакали ходимга эга бўлган тақдирда, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари беришга ҳақли. Бунда соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимидаги даволаш-профилактика муассасаси стационар шароитда фаолият юритаётган бўлиши зарур.
Демак, агар хусусий клиника Йўриқноманинг 5-бандидаги талабларга жавоб берса, улар меҳнатга лаёқатсизлик варақалари беришга ҳақли.
Қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:
- тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
- шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
- суд-тиббий экспертиза муассасалари;
- пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаториялари бундан мустасно;
- физиотерапия, даволаш физкултураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.
Саволларга ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси
Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0