+25C

+25C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Балиқ берган маъқулми ёки қармоқ?

Яқинда ёрдамга муҳтожлар рўйхатида турадиган хонадон бекасининг шикояти асосида унинг турмуш шароитини ўрганиш учун уйига бордик. Бу оила Тошкент вилоятининг иқтисодий жиҳатдан илғор туманларидан бирида истиқомат қиларкан. Ота кунлик ишлар билан банд, она ошхонада идиш ювувчи, 30 билан 40 ёшнинг орасидаги тоғни урса, талқон қилгулик девкелбатли ўғил эса, унда-бунда мардикорликка чиқиб турганини ҳисобга олмаганда, ғирт бекорчи экан. 8 сотих ер майдонига эга ҳовлиси қаровсиз, ажриқ босиб кетган. «Демак, бу оила ёрдамга муҳтож эмас экан», деган хулосага келдим. Сўлақмондек ўғлон падари ва волидасини оғир меҳнатга рўбарў қилиб, уларнинг топганини еб-ичиб ўтириши… эсиз, эркаклик…
Жамият
80 10:59 | 05.05.2026 10:59

Орамизда чиндан ҳам ёрдамга муҳтож инсонлар кўп. Уларни қўллаб-қувватлаш – инсонийликнинг энг олий кўринишларидан бири. Бу жамият меҳр-оқибатли, бир-бирига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Аммо ёрдамни росмана муҳтожларга кўрсатиш зарур. Берсанг ейман, урсанг ўламан, деб осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтирадиганларни эса текинтомоққа айлантириб қўйиш ҳеч гап эмас. Шундоқ ҳам қаерда ҳоким ёки бирон-бир каттароқ масъулнинг қабули бўлса, ўша жойга бориб, ўзини ночорга солиб, ётиб оладиганлар кўпайиб кетди. Аслида чиндан муҳтож инсон ҳеч қачон бундай пасткашликка бормайди.


Юртимизда йил сайин ижтимоий ҳимоя сиёсати кучайиб, қамрови кенгайиб бораётган бир шароитда ҳақли савол туғиляпти: берилаётган ёрдамлар, ҳақиқатан ҳам, муҳтож инсонни оёққа турғизяптими ёки уни секин-аста боқимандиликка ўргатяптими?


Аслида давлат кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаши зарур ва шундай қилиняпти ҳам. Маълумотларга кўра, 2020 йилларда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 600-700 минг атрофида бўлган бўлса, 2023-2024 йилларга келиб, деярли 2 миллионга етибди. Бу ижтимоий сиёсат кўлами кенгайганидан далолат беради.


2018 йилда ижтимоий ҳимояга ажратилган маблағлар тахминан 35 триллион сўм бўлган бўлса, 2024 йилда 100 триллион сўмдан ошган. Уч бараварлик ўсиш, бу оддий статистика эмас, аксинча, давлат ўз мажбуриятини тўлақонли бажараётганини англатади. Инсон қадри, ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган қатламларни қўллаб-қувватлаш сўзда эмас, амалда ўз ифодасини топаётганидан дарак.


Хўш, шунча маблағ одамларни камбағалликдан чиқардими?


Рақамлар камбағаллик даражаси пасайганини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд ­оиланинг даромадлари оширилиб, камбағаллик даражаси 35 фоиздан 5,8 фоизга қисқартирилди. Албатта, бу ижобий ҳолат. Бироқ ёрдам олувчилар сони камаймагани, аксинча, ортиб бораётгани хавотирли. Ушбу қарама-қаршилик тасодифий эмасдек. Ё камбағалликни аниқлаш методикаси мураккаб ва тўлиқ эмас, ёки ижтимоий ёрдам тизими одамларни мустақилликка олиб чиқишдан кўра, уларни боқимандаликка ўргатишга хизмат қилаётгандек. Демак, бу хусусда жиддий ўйлаб кўриш лозим.


Пандемия даврида жорий этилган «Темир дафтар» тизими ижтимоий ҳимояда янги босқични бошлаб берди. ­Кейинчалик унинг рақамлаштирилиб, ягона ижтимоий ҳимоя реестрига айлантирилиши, шубҳасиз, шаффофлик ва адолатни таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Бу тизим орқали эҳтиёжмандларни аниқлаш, ресурсларни мақсадли тақсимлаш имконияти кенгайди. Аммо ҳар қандай ислоҳот каби бу тизим ҳам амалиётда муайян муаммоларга дуч келяпти. Айрим ҳолларда аслида кўмакка эҳтиёжманд бўлмаганлар киритилиб, ёрдамга ўта муҳтожлар четда қолиб кетаяпти. Маҳаллий даражада таниш-билишчилик, субъектив қарорлар таъсири тўлиқ йўқолгани йўқ. Бу эса ижтимоий адолатга бўлган ишончни сусайтирмоқда.


Дунё тажрибасида ижтимоий ёрдамлар меҳнат билан боғланган, яъни баъзи мамлакатлар «Ишламасанг – ёрдам ҳам чекланади», деган тамойилга амал қилишади. Масалан, Германияда давлатга қарамликни камайтириш учун ишсизлик нафақаси тизими қатъийлаштирилди, иш қидириш мажбурияти кучайтирилди. Натижада ишга жойлашиш кўрсаткичлари ошди. Жанубий Корея эса мутлақо бошқача стратегияни танлаб, ижтимоий ёрдамдан кўра, таълим, саноат ва иш ўринлари яратишга урғу берди. Натижада бир неча ўн йил ичида камбағалликдан чиқиб, юқори даромадли давлатга айланди.


Хорижий тажриба яна шуни кўрсат­яптики, ижтимоий ёрдам ечим эмас, у фақат восита. Балки биз ҳам шу йўлдан борганимиз маъқулдир. Чунки боқимандалик яхшиликка олиб келмайди. Унинг ижтимоий жиҳатларидан ташқари, иқтисодий оқибатлари ҳам бор.


Биринчидан, давлат бюджетига босим ортиб боради. Иккинчидан, меҳнат бозорида пассивлик кучаяди – одамлар иш излашдан кўра, мавжуд ёрдамга таянишни афзал кўришади. Учинчидан, кичик бизнес ва тадбиркорликка қизиқиш сусаяди, чунки риск қилишга эҳтиёж камаяди. Энг хавотирлиси, «Меҳнат қилмасдан ҳам яшаса бўларкан», деган қараш шаклланади.


Шундай экан, моддий ёрдам шартли бўлиши лозим, яъни у иш қидириш, касб ўрганиш, малака ошириш билан боғланиши зарур. Муҳтожларга балиқ эмас, қармоқ бериш керак.


Маълумотлар таҳлили кучайтирилиши, қайси ҳудудда, қайси қатламда боқимандилик юқори экани аниқ ўрганилиши жоиз. Ва, энг асосийси, иш ўринлари яратиш ижтимоий сиёсат марказида туриши шарт. Чунки ёрдамга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашнинг бундан бош­­қа самарали усули йўқ.


Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
ISHONCH.UZ





Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6382 16:57 | 05.08.2023