Янги Марказий Осиё: девор эмас, кўприк барпо этилмоқа
(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Марказий Осиё янги давр остонасида" сарлавҳали мақоласига муносабат)
Бугунги кунда Марказий Осиё тарихида янги саҳифа очилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг чуқур таҳлил ва стратегик қарашларга асосланган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида таъкидланганидек, минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб бориш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда. Бу жараён шубҳасиз, биргаликда тараққиёт сари интилишни ифодалайди ва тарихий аҳамиятга эга.
Бу дадил қадамлар нафақат сиёсий ёки иқтисодий ҳамкорликни, балки маънавий уйғунлик ва умумий қадриятларга суянган жипслашувни ҳам англатади. Чунки халқларимизни бирлаштираётган асосий куч – умумий тарих, умумий маданият ва умумий маънавий илдизлар ҳисобланади.
Минтақадаги барқарорлик ва ишонч муҳити аввало халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинлик туфайли қарор топмоқда.
Бугун Марказий Осиё давлатлари диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурматни давлат сиёсати даражасига кўтарган. Бу эса, минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминловчи асосий омиллардан биридир.
Мақолада таъкидланганидек, Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, девор эмас, кўприк барпо этилмоқда. Бу ғоя нафақат иқтисодий ёки сиёсий маънода, балки маънавий-маърифий мазмунда ҳам катта аҳамият касб этади.
Аслида, дин инсонларни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка чорлайди. Демак, диний соҳа вакиллари бу жараёнда халқларни яқинлаштирувчи, тинчлик-осойишталик ва дўстликни мустаҳкамловчи маънавий кўприк вазифасини бажаришлари зарур. Зеро, минтақадаги умумий осойишталик, радикализм ва бузғунчи ғояларга қарши курашда дин арбоблари, уламолар ва соҳа мутахассисларининг масъулияти ва ўрни беқиёс.
Шунга асосан, Янги Ўзбекистонда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва диний таълим таълим муассасалари қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар онгида бағрикенглик ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, бузғунчи ғояларга қарши кураш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Шу маънода, Марказий Осиё давлатларининг ушбу соҳадаги тажриба алмашиш амалиётини янада кенгайтириш – минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Президентимизнинг мақолаларида таъкидланганидек, Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаларидан бири бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этмоқда. Бу – улкан демографик салоҳият. Эндиги масала, ёш авлодни илмли ва маърифатли, ватанпарвар қилиб, бағрикенглик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш ҳисобланади.
Бу жараёнда, шубҳасиз, диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни беқиёс: улар ёшларни турли бузғунчи ғоялардан асраб, улар қалбида эзгулик, инсонийлик фазилатларини қарор топтиришда масъул ҳисобланадилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун минтақадаги барча мамлакатлар тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлида бир мақсад атрофида жипслашмоқда. Бу жараённинг марказида – ишонч, ҳамжиҳатлик ва умумий маънавий юксалиш тамойиллари турибди, десак тўғри бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур мақоласи ўз мазмун-моҳиятига кўра нафақат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа кўплаб соҳалардаги устувор йўналишларни белгилаб берувчи стратегик дастур, балки Марказий Осиё халқларининг маънавий бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим идеологик манба сифатида ҳам катта аҳамият касб этади. Унда илгари сурилган ғояларнинг изчил амалга оширилиши, шубҳасиз, минтақада барқарор тинчлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва умумий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади. Зеро, Янги Марказий Осиёнинг муштарак мақсадлари ҳам айнан шуни ифода этади.
Содиқ ТОШБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0