“Оғиб бораётган” бино: Пиза минорасининг сири нимада?
Италия давлати ҳудудида жойлашган бу бино бошқа осори-атиқаларга унчалик ўхшамайди. Унинг ўзига хос хусусияти бор: бино йиллар ўтган сари бир томонга аста-секинлик оғиб бормоқда. У ҳатто бир муддат ўтгандан кейин йиқилишини ҳам илгари сурадиганлар ҳам бор.
Кўпчиликни ўзига мафтун қилган гўзал обида оз эмас, кўп эмас 200 йил давомида қуриб битказилган. Тарихчиларга кўра, бино пойдеворини барпо этишда қурувчилар хатога йўл қўйган. Ана шу хатолик ва асрлар давомида давом этаётган оғиш минорани бутун дунёда машҳур қилиб юборди. Эҳтимол, деярли минг йил аввал қурувчилар адашмаганда, бу бинони деярли ҳеч ким эсламаслиги ҳам мумкин эди.
Европадаги энг гўзал соборлардан бири Пиза собори Пиазза ди Мираколи (Мўжизалар майдони) да қад кўтарганди, аммо XII асрга келиб ҳам ўзининг қўнғироқ минорасига эга эмас эди. 1173 йилда пизаликлар бу камчиликни тузатишга қарор қилишди. Машҳур меъмор Бонанно Писано лойиҳани ўз зиммасига олди, лекин майдоннинг заиф, қурилишга унчалик ярамайдиган тупроғини кўздан қочирди. Қурилиш бошлангандан камчиликлар кўриниб қолди. Биринчи қават қурилгач, минора вертикалдан 4 см га оғиб кетди ва бу пайтда асосий айбдор Бонанно Писано шаҳардан қочиб кетгани маълум бўлди.
Вақти-вақти билан қурилиш қайта тикланди. Минора фақат 1272 йилда, меъмор Жованни ди Симоне раҳбарлигида иш қайта бошланганида, яна эътибор марказига тушди. Меъмор нишаб томонидаги ҳар бир янги қаватда коридорларнинг шифтини баландлигини ошириш орқали қияликнинг ўрнини қоплашга қарор қилди. Ғайриоддий ёндашув конструкциянинг марказий ўқдан силжишига олиб келди ва минора учун бананга ўхшаш шаклни берди. Бироқ, бу муаммони ҳал қилмади ва минора “йиқилишда” давом этди. 1350 йилга келиб, барча саккиз қаватнинг қурилиши тугалланди, 20 йил ўтгач, минора тепасида еттита қўнғироқ ўрнатилди.
Нишабнинг ўрнини қоплаш учун устки қаватлар шундай қурилганки, бир томони бошқасидан баландроқ бўлиб, минорага эгри кўриниш берган. 1372 йилда иш тугагач, унинг вертикалдан оғишиш масофаси аллақачон 92 см эди. Ўшандан бери минора ҳар йили 1-2 мм.га оғди, бу нарса асрлар давомида яққол намоён бўла бошлади.
Пиза минорасининг тарихий аҳамияти машҳур астроном олим Галилео Галилей билан ҳам боғлиқ. 1580 йилларда Пизада яшаган олим минорадан ҳар хил массадаги тўп ўқларини ташлаб физик тажрибалар ўтказди ва бунинг натижасида фанда машҳур бўлган эркин тушиш қонунини кашф этди. Аммо баъзи манбалар олимнинг минорада тажрибалар ўтказгани ҳақидаги маълумотни шубҳа остига оладилар.
Иккинчи жаҳон уруши даврида минора ер билан яксон бўлишига бир баҳя қолди. Италия ҳудудида уруш олиб бораётган иттифоқчилар Буюк Британия ва АҚШ гитлерчилар минорадан кузатув пости сифатида фойдаланаётганидан хавотирланишган. Минорада немис қўшинлари борлигини тасдиқлаш ва уларни йўқ қилиш учун юборилган АҚШ армиясининг сержанти Леон Векштейн собор ва минора композицияси гўзаллигидан ҳайратда қолди ва шу сабабдан бинога артиллерия зарбасини беришдан бош тортди. Мана шу омил минорани вайрон бўлишдан сақлаб қолди.
1951 йилда минора қулаб тушади, деган қўрқув туфайли унинг қўнғироқлари фаолиятдан тўхтатди. 1990 йилда Пиза минораси ташриф буюрувчилар учун ёпилди ва мутахассислар машҳур “бемор”нинг “соғлиғи” ҳақида ғамхўрлик қилишди.
Илм-фан ва компьютер технологияларидаги ютуқлар миноранинг оғирлик марказини ва тушиш траекториясини ҳисоблаш, шунингдек, тупроқнинг зичлиги ва ҳаракати ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконини берди. Бу жараён ўтган асрнинг 70-йилларига тўғри келди. Бундан ташқари, олимлар қўнғироқ минораси ташкил этилганидан бери ҳар йили вертикалдан тахминан 1 мм.га оғиб, муқаррар равишда қулашда давом этишини аниқладилар.
1990 йил бошида Пиза минораси хавфсизлик нуқтаи назаридан ташриф буюрувчилар учун ёпиқ эди. Тадқиқот оғир вазиятни кўрсатди: ўша вақтга келиб, қўнғироқ минорасининг бурчаги беш градусдан ошди (таққослаш учун: 1350 йилда бу кўрсаткич 1,4 даража эди). Минорани сақлаб қолиш учун ўн йилдан ортиқ меҳнат ва 30 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланган ноёб режа ишлаб чиқилди. Лойиҳани британиялик муҳандис Жон Бурланд, шунингдек, бутун дунёдан 12 нафар бошқа экспертлар бошқарган. Иш бир неча асосий босқичларга бўлинган.
Биринчидан, структуранинг оғирлигини камайтириш учун қўнғироқлар минорадан олиб ташланди. Кейинчалик, базанинг шимолий томонида қўшимча мувозанат учун умумий оғирлиги 600 тонна бўлган қўрғошин блоклари ўрнатилди.
Шундан сўнг, бино бир неча юз метр узунликдаги улкан пўлат кабеллар билан боғланди, улардан одатда симли кўприкларни қуришда фойдаланилган. Улар қазиш ишлари пайтида миноранинг қулашига йўл қўймаслик учун зарур эди.
Кейинчалик, минора остида диагонал туннеллар қазилиб, унинг шимолий қисми остидан керакли миқдордаги тупроқ олиб ташланди, шунингдек, сув ҳам тортиб олинди. Шундан сўнг қурувчилар 15 метрлик бетон қозиқларни ерга қоқиб, пойдеворни мустаҳкамладилар. Ниҳоят, барча ишлар бажарилгандан сўнг, минорани қўллаб-қувватловчи пўлат кабеллар тортилди, шундан сўнг бинонинг босқичма-босқич тўғриланиши бошланди.
Натижада минора 43,8 смга текисланди. Пойдеворни мустаҳкамлаш учун яна бир неча йил керак бўлди ва 2001 йил охирида Пиза минораси жамоатчиликка қайта очилди. Минора аслида Пиазза деи Мираколи ёки “Мўъжизалар майдони”ни ташкил этувчи каттароқ бинолар ансамблининг бир қисми саналади. Ушбу ансамбл собор, монументал қабристон ва қўнғироқ минорасининг ўзи ва бошқаларни ўз ичига олади. 1987 йилда бутун мажмуа ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу эътироф ушбу ўрта асрлардаги биноларнинг маданий ва меъморий аҳамиятидан далолат беради. Меҳмонларни нафақат эгилган минора, балки бутун майдоннинг гўзаллиги Ўрта асрлар Европа санъати ва меъморчилигининг беқиёс намунаси сифатида ўзига тортиб келади.
2008 йилда минора ўз тарихида биринчи марта оғишдан тўхтагани эълон қилинди. У энди инсон аралашувисиз камида яна 200 йил туриши мумкин эди. Пизада охирги марта миноранинг ҳолатига бағишланган кенгаш 2022 йил охирида йиғилди. Олимлар минора ўзининг 850 ёшини ажойиб ҳолатда қаршилаётганини эътироф этишди.
Пиза минораси ягона оғувчи тарихий бино эмас. Пиза қўнғироқ минораси дунёдаги энг машҳур бинолардан бўлса ҳам, аммо у ягона оғаётган машхур иншоот эмас. Турли мамлакатларда қурилиш пайтида ёки ундан кейин аста-секин оға бошлаган кўплаб тарихий бинолар мавжуд. Улар қаторига ҳатто Лондоннинг машҳур Биг Бенини ҳам киритиш мумкин, гарчи унинг марказий ўқдан четланиши арзимаган ҳажмда бўлса ҳам.
Масалан, Россияда ҳам шунга ўхшаш бинолар мавжуд. Энг машҳурларидан бири - Свердловск вилоятидаги Невянск минораси (1721-1725 йилларда қурилган), унинг энг баланд нуқтасида вертикалдан оғиш 1,85 метрни ташкил этади. Қайсидир маънода у Пиза қўнғироқ минорасига бироз ўхшайди: 57 метрли ушбу иншоот қурилиш вақтида ер ости сувлари томонидан эрозияланган тупроқ туфайли қулай бошлаганди. Йиқилишнинг олдини олиш ва ишни тугатиш учун меъморлар муаммоли томонда махсус ёйилган ғиштлардан фойдаланишди ва минорага қилич шаклини беришди.
Аброр Зоҳидов,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0