Озарбайжон Булбули ҳақида Мухтор Ашрафий хотиралари
Булбул (1897-1961) ижоди Озарбайжон мусиқа санъати тараққиёти тарихида бутун бир даврдир. У вокалда инқилоб қилди, ўз она халқи санъатида янги йўл очди. Озарбайжон вокал санъатини ўзининг соф миллий доирасидан чиқариб, янги дунёга олиб чиқди.
У халқ қўшиқчисидан вокал санъатининг етук устасигача бўлган узоқ ижодий йўлни босиб ўтди. Булбулнинг рафиқаси Аделаида Мамедова шундай дейди: "Мен Булбулнинг собиқ СССРнинг барча республикаларидаги гастроллари, спектакл ва концертларида ҳамроҳлик қилганман. Қаерга бормасин, томошабинлар уни чексиз меҳр-муҳаббат билан илиқ кутиб олишарди. Мен унинг бирорта концертини эслай олмайманки, зал тўлмай қолган бўлса. Концерт ёки спектакль бўлишидан олдин афишалар осиб қўйилгач, чипталар яшин тезлигида сотилиб кетарди”.
Булбул гастролларга кўп чиққан. У ватани Озарбайжондан ташқари, айниқса, Москва, Киев, Тошкент ва Тбилисида куйлашни яхши кўрарди. А. Мамедованинг эслашича, Булбулнинг оиласи ҳар йили Тошкент ва Тбилисига саёҳат қилган ва у ердаги дастурлар узоқ давомли бўлган. Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, Озарбайжон мусиқаси ўзбек тингловчисига маънавий жиҳатдан яқин бўлгани учун Ўзбекистон маданиятида ҳамиша муҳим ўрин тутиб келган.
Атоқли ўзбек бастакори, СССР халқ артисти, ўзбек мусиқа санъатининг асосчиларидан бири Мухтор Ашрафий (1912-1975) Булбул овозининг беназир гўзаллигини, вокал маҳорати, қўшиқчилик таъсирчанлигини алоҳида таъкидлаган. Ашрафийнинг ёзишича, атоқли хонанда Булбул бутун санъатини халққа берган ва шу тариқа умумжаҳон эътирофига сазовор бўлган.
– «Олий мартабали Булбулнинг Тошкентга қилган ҳар бир ташрифи шаҳар маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Булбулнинг бизнинг ижодимиз билан яқин ҳамкорлик қилиши ўзбек мусиқа маданияти ривожига ҳам туртки бўлди”. Навоий номидаги опера театри жамоаси Булбул бу ерга тез-тез келиб туриши учун "Кўрўғли" операсини саҳналаштирди. Унинг Кўрўғли ролини ижро этган ҳар бир спектакль катта байрамга айланиб кетди. Унинг концертлари ҳамиша томошабинлар билан тўлиб, катта муваффақиятга эришди", – деб эслайди Мухтор Ашрафий Булбул ҳақида.
Булбулнинг Ўзбекистон колхозларида ўтказган унутилмас чиқишлари ҳам кўпчиликнинг ёдида. Хонанда саҳнага чиққаниданоқ ижродаги соддалиги, ҳар қандай асар мазмунига чуқур кириб бориши билан тингловчиларни ўзига ром этган.
– Булбулнинг Тошкент консерваторияси талабалари билан нақадар самимий учрашув ўтказгани, ўзининг бой ижодий тажрибасини ёшлар билан оталарча баҳам кўргани, атрофдагиларни ўз билими билан бойитганини эслайман. Биз, Ўзбекистон маданият арбоблари Булбулда ўз куч-қудрати намунасини кўрсатаётган, фидойи, санъатга чинакам боғланган санъаткор инсонни кўрамиз, – деб ёзади Ашрафий. Ашрафий Булбулнинг нафақат Озарбайжон, балки бутун Марказий Осиё республикалари мусиқа ва театр маданияти ривожига улкан ҳисса қўшганини эътироф этади.
– “Озарбайжон опера ва балет театри мавжуд бўлган йиллар давомида ундан ажойиб ижрочилар етишиб чиқди. “Қўшиқчи Булбул Мамедов ажойиб маҳорати билан бутун мамлакат бўйлаб шуҳрат қозонди”, — дейди Ашрафий Озарбайжон мусиқали театри СССРдаги энг яхши театрлардан бирига айланганини таъкидлар экан.
Зебо Намозова,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0