Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган “Jibek Joly” поезди Тошкентда
"4 январ куни Тошкент марказий темир йўл вокзалида "Олмаота - Туркистон - Тошкент - Самарқанд - Чимкент - Олмаота" йўналиши бўйича ҳаракатланаётган “Jibek Joly” (Ипак йўли) сайёҳлик поездини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди" - дея хабар бермоқда Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 100 нафардан ортиқ йўловчи - оммавий ахборот воситалари вакиллари, сайёҳлик компаниялари ходимлари ва туристлардан иборат сайёҳлик поезди 2025 йилнинг 2-7 январ кунлари сафарда бўлади. Туристлар қулай поездда тунаб, икки мамлакатнинг асосий тарихий ва маданий диққатга сазовор жойларини зиёрат қиладилар.
Тур дастурига экскурсиялар, тушлик ва кечки овқатлар, шунингдек, профессионал гидлар ҳамроҳлиги киради. Бундан ташқари, Тошкент ва Самарқандга ташриф доирасида Қозоғистон сайёҳлик бизнесининг вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан B2B форматидаги учрашувлар ўтказиб, икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қиладилар.
“Jibek Joly” сайёҳлик поезди нафақат диққатга сазовор жойларни томоша қилиш, балки туристик йўналишлар географиясини кенгайтириш, Марказий Осиёда ички ва халқаро туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим қадамдир. Маълумот учун, 2024 йил 18 ноябр куни Тошкентга "Олмаота-Туркистон-Тошкент-Олмаота" йўналиши бўйлаб ҳаракат қилган “Jibek Joly” номли илк сайёҳлик поезди етиб келган эди.
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0