Меҳнатнинг меваси хўрликми?
“Устаман. Одамлар бергани билан тирикчилик қиламан. Қишлоқчилик, кўпчиликда нақд пул бўлмайди, насияга ишлаймиз. Лекин ишлатиб, кейин ҳақимизни бермай хўрлайдиганлар шу қадар кўпайдики.
Оилада кўпчиликмиз, шу боис алоҳида иморат қилиб чиқишга мажбур бўлдим. Лекин уйим битиши қийин бўлиб кетди, томи ёпилган тўрт деворда рўзғор тебратиб турибман. Байрам олди болаларга ширинликлар улашай, уйнинг кам-кўстини қилай дея қарздорларимга навбати билан учрашдим:
1. 900 минг ҳақим қолган ўртоғим “Кечагина укам машина олди, бор пулимни бериб қўйдим” дея етти ой наридаги пулни яна мавҳум муддатга сурди;
2. Деворини оқлаб берганимда 400 минг беришни ваъда қилган танишим “Тошкентдаги уйимнинг ижара пули чиқса бераман” деб эшикни ёпди;
3. Учинчиси қалин ўртоғим эди, гуруҳимизга шашлик ейишга кетишаётганини ёзганди. Арзимас 350 минг сўм ҳақимни уч ойдан бери чўзади. Телефон қилсам ҳозиргина ёзиб турган дўстим кўтармай қўяқолди. Менинг болаларим ҳам шашлик ермикан а?;
4. Қариндошим эди буниси. 500 минг қарз олганди. Айнан ўзим санаб берган қарз, ишлаган ҳақим ҳам эмас. “Ҳозиргина олган холодильнигим кредитини тўладим. Кейинроқ келарсан” деб гапни калта қилди. Кўз олдимга музлаткич йўқлигидан нолиган хотиним келди;
5. “Шу ҳафтада молимни сотиб бераман” деган, ундан кейин етти бозор ўтган қарздорнинг эшигини тақиллатдим. Очмади. Мен тақиллатган эшик ва деразалар янги қўйилибди. Уйга қайтдим ва эшик йўқлигидан эски гилам қоқиб қўйилган хонамга кирдим.
Олтинчисига боргим келмади. Томоғим ғиппа бўғилиб турарди...”
Қишлоқдаги таниш укам ёзибди. Мен эса муштарийларга илиндим.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0