Педагогларнинг иш ҳақларини вақтида тўлаш бўйича қатъий назорат ўрнатилади
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги 15-мажлиси бўлиб ўтди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов иштирокида ўтказилган йиғилишда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темур Комилов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси вакиллари иштирок этишди.
Мажлисда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарув органлари, Агентликлар, тасарруфдаги ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда Республика кенгашининг ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчилари, Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши ҳамда туман ва шаҳар кенгашлари раисларига ташкилот ва муассасаларда ходимларнинг устамалари ва иш ҳақлари билан боғлиқ бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланиши бўйича 2025 йил давомида қатъий назорат ўрнатиш, ходимларнинг ҳуқуқлари бузилиши аниқланган ҳолда зудлик билан юқори турувчи органларга мурожаат қилиш вазифаси юклатилди.
Ўтказилган мажлисда қуйидаги топшириқлар берилди:
– мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари номенклатурасига кирувчи ва иш берувчи сифатида меҳнат шартномаси имзоланган раҳбарлар учун 2025 йилга мўлжалланган таътиллар жадвали тузиш ва нусхасини 2025 йил 10 январга қадар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига тақдим этиш;
– туман ва шаҳарлар миқёсида ҳудудий тармоқ жамоа келишувларининг ҳамда барча ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаларининг 2024 йилда бажарилиши муҳокамасига бағишланган йиғилишларни 2025 йилнинг 1 апрелига қадар юқори савияда ташкил қилиш ва бунда иш берувчиларнинг масъулиятини янада ошириш;
–иш берувчилар томонидан ташкилот ва муассасасаларда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатаётган бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раисларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш;
–жамоа шартномаларининг 2025 йилдаги ижросига бағишланган барча йиғилишларда туман ва шаҳар ММТБ раҳбари ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари раисларининг шахсан иштирокини таъминлаш ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига оид барча саволларига жавоб бериш.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда тармоқ даражасида доимий асосда фаолият кўрсатувчи ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг 2025 йилга мўлжалланган фаолияти бўйича иш режаси ҳам тасдиқланди. Унда қуйидагилар белгиланди
– таълим муассасаларида муносиб меҳнат шароитларининг яратилишини ва меҳнатни муҳофаза қилиш, санитар-гигиена масалаларини назорат қилиш;
– таълим тизими ходимлари учун таътиллар жадвалини тузишга эришиш ва улар ўз вақтида таътил олиш ҳуқуқидан фойдаланишларини назорат қилиш;
– ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларининг қонунчиликка зид равишда бекор қилинишининг олдини олиш бўйича тегишли тушунтиришлар ва тарғиботларни амалга ошириш чораларини кўриш;
– буйруқларни тўғри расмийлаштириш бўйича кўрсатмалар бериш;
– тизимда самарали меҳнат қилаётган ходимлар ва касаба уюшмаси фаолларини “Халқ таълими аълочиси” ҳамда “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирлаш;
– меҳнат соҳасидаги ва таълим тизимига оид қабул қилинаётган қонун хужжатлари лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли вазирлик, идораларга тақдим қилиш.
Мажлис давомида йил якунларига бағишланган маъруза ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Т.Комилов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Далиев ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси вакиллари ўз йиллик фаолиятларига оид ҳисоботларини ҳам тақдим этишди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0