Пуллик автотураргоҳлар керак эмас(ми)? Жамоатчилик орасида тортишув авжига чиқмоқда
Шу кунларда пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги “пулли парковка” бўйича қарорни бекор қилиш ҳақидаги жамоавий мурожаат “Менинг фикрим” порталига жойланди. Муаллифнинг таъкидига кўра, ушбу қарор кўпчиликнинг норозилигини келтириб чиқарган ва мурожаат орқали уни бекор қилишнинг қонуний йўли мавжуд. Ушбу мурожаат ортидан жамоатчилик икки гуруҳга бўлинди.
Биринчи гуруҳдагилар ташаббусни сўзсиз қўллаб-қувватлаб, бундай турдаги автотураргоҳлардан воз кечиш лозимлигини айтишди. Иккинчи гуруҳдагилар эса парковкалар зарурлигини, аммо ҳозирги ҳолатда кўплаб шошма-шошарликлар қилиниб, ажратилган ҳудудлар талабга жавоб бермаслигини таъкидлаб чиқишди. Хўш, бизга бундан тураргоҳлар керакми? Кимнинг фикрида кўпроқ жон бор?
Аслида пулли парковкалар халқаро тажрибада синовдан ўтган ва тирбандликнинг камайишига ҳисса қўшадиган, одамларга қулайлик яратадиган ижобий лойиҳа саналади. Хорижий тажриба ҳам тўловли автотураргоҳлар транспорт оқимини яхшилашга ёрдам берганини кўрсатади. Масалан, Москва, Будапешт, Олмаота ва бошқа шаҳарларда бундай тизим жорий этилганидан сўнг тирбандликлар 15−25 фоизга камайгани кузатилган. Беш миллиондан ортиқ инсон яшайдиган, жуда кўплаб автомобиллар ҳаракатланадиган Тошкентга бу керак эди. Боз устига Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда енгил автомобиллар сони аҳоли каби шиддат билан ўсмоқда. 2023 йилда Ўзбекистонда ҳар минг кишига 95 автомобил тўғри келса, бу рақамлар 2024 йилда 103 тани ташкил қилди. Автотураргоҳлар масалани бир қадар юмшатиши фараз қилинганди.
Ўзбекистонда ушбу масалада дастлаб 2024 йилда илк режалар эълон қилинди. 2025 йилнинг бошида тарқалган хабарларга кўра, пойтахтда 200 мингдан ошиқ бундай объектлар барпо этилиши хабар қилинди. Парковкалар ишга туша бошлагач, ижтимоий тармоқларда эътирозлар болалаб кетди. Муаммо асосан нархларнинг қимматлиги, парковкаларнинг оддий ва талабга жавоб бермаслиги (оддий оҳак билан чизиб қўйилган, холос) ва бошқаларга қаратилди.
Шундай норозилик ва тортишувлар фонида собиқ депутат Расул Кушербаев бундай парковкаларни бутунлай ёпишни илгари сурди. Унинг айтишича, йўл четларини бўяб қўйиб, тураргоҳ қилиш ва пул ишлаш амалиёти яшамаслиги керак. “Ўйлайманки, бу кўпчиликни бефарқ қолдирмайди. Жамоавий мурожаатимиз модераторлар томонидан маъқулланса бўлди, овоз йиғиб бекор қилишининг қонуний имконияти пайдо бўлади”, - дея ёзган Кушербаев. Айрим фаолларнинг унинг фикрини қўллаб-қувватлади. “Расул Кушербаевнинг “Тошкентда йўл четларини бўяб қўйиб, “пулли парковка”га айлантириш учун асос бўлган қарорни бекор қилиш керак" деган фикрига мен қўшилмайман! Мен ҳукуматнинг қарорига қўшиламан! Ахир давлатга пул керак, пул! Катта пул! Абдуллажонникидан ҳам катта пул! Уйимизнинг олдигача пулли “парковка” қилиш керак. Бирор қарич пулсиз жой қолмаслиги керак! Уйимизга кириб-чиқишимиз ҳам пулли бўлиши керак!”, дея истеҳзоли тарзда фикрини билдирган журналист ва ёзувчи Каримберди Тўрамурод.
Лекин ҳамма ҳам Кушербаев билан ҳамфикр деб бўлмайди. Уларга кўра, парковкаларни йўқотиш билан Тошкентдаги тирбандлик инқирози якун топиб қолмайди. “Умумий халқ мулки бўлган йўл четига битта чизиқ чизиш орқали пайдо бўлган пулли автотураргоҳларни тўлиқ оқлайдиганлар ҳам, пулли автотураргоҳ ғоясини мутлақ рад этадиганлар ҳам хато қиляпти. Яна менимча, бу масалада адолатли йўл шундай: пулли автотураргоҳлар керак, айниқса, шаҳар марказидаги тирбандликларни камайтириш учун; аммо бу халқнинг чўнтагидан қилинган йўллар ҳисобидан бўлиши мутлақо хато. Давлат тирбандликни тартибга солишни, тадбиркорлар эса пулли автотураргоҳлар қилиб пул ишлашни истайдими, марҳамат: давлат гавжум йўллар ва мавзелар ёқасидан бузилишга тушган бинолар ҳудудини ёки бўш ётган ерларни ажратсин, тадбиркорлар эса ўша ерларни сотиб олиб, ёки узоқ йилга ижарага олиб, кўп қаватли автотураргоҳлар қурсин. Шунда адолатли иш бўлади: йўлдаги барча қаторлар ҳаракат учун очилишини истаганмидинглар, ана, очилди; машиналарнинг тўхтаб туришидан пул ишлашни истаганмидинглар, унда марҳамат қилиб бунинг учун қулайлик ва инфратузилма қилинглар. Ҳозирги ишлар эса Poytaxt Parking деган монопол компаниянинг деярли ҳаводан пул ишлашидан бошқа нарса эмас”, дея таклиф беради тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Шу ўринда Тошкентдаги парковкалар нархи етарлича қиммат эканлигига ҳам амин бўламиз. Бу ерда соатига 12 минг сўмгача пул тўлайсиз. Мазкур нарх аҳоли жон бошига ҳисоблаганда биздан бойроқ бўлган айрим давлатлардан қиммат. Узоққа бормаймиз, Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари Остона ва Олмаотада пулли парковкаларнинг соати 100-150 тенге (2,3 минг-4 минг сўм атрофида)ни ташкил этади. Бундан ташқари парковкалар яқинида яшовчилар арзон йиллик тўлов эвазига хизматдан фойдаланиш имкониятига эга. Озарбайжон пойтахти Боку марказида автомобилни бир манат (тахминан 6-6,5 минг сўм) эвазига автотураргоҳга жойлаштириш мумкин. Бишкекда ягона 25 сомлик тариф амал қилади. (3 минг сўмга яқин). Жаҳон бўйича энг қиммат парковка Лондон шаҳрида (соатига қарийб 12 долларни ташкил этади).
Яқин атрофда пуллик тўхташ жойлари бўлган биноларнинг аҳолиси маълум имтиёзларга эга бўлиши жаҳон тажрибасида бор. Автотураргоҳ вақти чекловлари кўпинча қўлланилмайди. Баъзи резидентлар, шунингдек, шаҳарнинг доимий аҳолиси бўлишлари ва у ерда солиқ тўлашлари шарти билан, янада қулайроқ тарифлар ёки рухсатномалардан фойдаланишлари мумкин. Лиссабон, Рим, Буэнос-Айрес, Мехико, Тирана ва Скопе каби шаҳарларда пуллик тўхташ зоналари аҳолиси тўловдан озод этилади. Ереван, Тбилиси, Киев, Бишкек каби шаҳарларда бундай имтиёзлар йўқ.
Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса пуллик парковкалар масаласида ортиқча жон куйдирмасликни тавсия этади. “Ҳайдовчилар ҳақида қайғуриш энг охирида бўлиш керак, ҳаттоки умуман қайғурмаслик керак. Машина сотиб олганми — бу унинг хусусий муаммоси ва масъулияти: бировни босиб ўлдириб қўймаслик, радарга тушмаслик, машинасига парковка учун жой топиш... Ҳозир пулли парковкаларни олабўжи қилиб кўрсатиб, жабрдийда, камбағал шопирлар учун гўёки қайғурилаётгандек кўрсатиляпти —“халқ қийналаяпти”, деб. Бироқ назарда тутилаётган камбағаллар рўзғори учун эски мошинасида кира қилиб ёки бошқа иш қилиб юришибди — уларнинг парковкада тўхтаб туриши учун вақти ҳам йўқ. Шаҳарларимизнинг кўчалари кенг. Тротуарлардан велойўлакларни йўқ қилиб, тротуарларни тўсиқсиз теп-текис қилиб, пиёдаларга тўлиқ топшириш керак”, дея ёзади журналист.
Юқоридаги фикрлардан англашиладики, шаҳримиз тўловли бўлсада, автотураргоҳларга муҳтож. Шаҳарда қурилишлар шиддати тўхтагани йўқ, машиналар ва инсонлар сони ҳам. Узундан-узун тирбандликларга кўзимиз ўрганиб қолди. Лекин пулли автотураргоҳлар бўйича пала-партишлик ва шошма-шошарликлар жамоатчилик ҳафсаласини пир қилмоқда. Энг аввало, парковкалар тарифларини қайта кўриб чиқиш зарур. Чунки аҳоли даромади билан солиштирганда нархлар қиммат. Иккинчидан парковкалар тизимини такомиллаштириш зарур. У шунчаки йўл четини эгаллаган, буёқ билан чизилган ҳудуд бўлмаслиги керак.
Шунингдек, пуллик парковкалардан келадиган даромадлар очиқланса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки шаффофлик жамоатчиликнинг норозилигини сўндиришнинг асосий йўлидир. Халқ ўзи тўлаётган тўловлар нималарга кетаётганини билишга ҳақли.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0