Эртага водий вилоятларида метан заправкалари ишламайди
Бугун водийдаги метан заправкаларда катта навбатлар кузатилди. Ҳайдовчилар газ қуйиш учун соатлаб навбат кутишди.
Бунинг сабаби эртага 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади. Метан заправкалар ишламаслиги ҳақида хабар тарқалгач, ҳайдовчилар ёппасига газ қуйиш шохобчасига шошди. Натижада, метан заправкаларда узоқ навбатлар пайдо бўлди.
Яна бир хавотир туғилади: эртага йўл кира нархлари ошмаса бўлди. Чунки, газ қуйиш шохобчалари ишламаган пайтда йўл кира нархлари ошиб кетганига бир неча маротаба гувоҳ бўлганмиз.
Хабарда келтирилишича, Фарғона водийсининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қўшимча магистрал газ қувури қурилди: 5-6 сентябрь кунлари янги қувурни тармоққа улаш ишлари олиб борилади.
Истеъмолчиларнинг табиий газ таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида Давлат дастурлари доирасида магистрал газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км. қўшимча қувур қурилиши якунига етказилди.
Мазкур қувурнинг ишга туширилиши водий вилоятлари истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0