Тошкент вилоятида “Касаба уюшмаси кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон арена” марказий спорт ўйингоҳида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт ўйинлари тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши, вилоят соғлиқни сақлаш ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида старт олди.
Шу кунга қадар, бир ой давомида бўлиб ўтган туман ва шаҳар босқичларида жами 4 минг нафарга яқин тиббиёт ходимлари иштирок этди. Улар орасида ғолибликни қўлга киритган 200 нафардан зиёд ходимлар вилоят босқичида спортнинг минифутбол, волейбол, стол тенниси ҳамда шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро беллашишди.
Мусобақа натижаларига кўра, волейбол бўйича аёллар ўртасида 1-ўринни Оҳангарон тумани, 2-ўринни Бекобод шаҳри, 3-ўринни эса Қуйи Чирчиқ тумани жамоалари эгаллашди. Шунингдек, эркаклар ўртасида 1-ўринни Ангрен шаҳри, 2-ўринни Бўстонлиқ тумани ҳамда 3-ўринни вилоят Тез тиббий ёрдам маркази жамоаси қўлга киритди. Минифутбол бўйича 1-ўринни вилоят Тез тиббий ёрдам маркази, 2-ўринни Бўстонлиқ тумани, 3-ўринни Бекобод шаҳри жамоалари эгаллади.
Мусобақа низомига кўра, тадбир якунида тўпланган баллар умумлаштирилиб, энг яхши натижа кўрсатган Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси “Касаба уюшмаси кубоги” ҳамда 30 млн сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Ғолиб жамоага совринни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Сайёра Файзиева тантанали равишда топширди.
– Бугунги мусобақада ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилдик, – дейди Оҳангарон тумани тиббиёт бирлашмасининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бўйича мутахассиси Хумора Муҳаммедова. – Аммо кубок бизга насиб қилишини кутмаган эдик. Буни эълон қилишганида қувончимиз ичимизга сиғмади. Асосийси, ушбу мусобақа орқали мен вилоятнинг 22 та туман ва шаҳарларида меҳнат қилаётган ҳамкасбларим билан яқиндан танишдим. Шундай мусобақалар тез-тез ташкил этилишини истардик.
Шунингдек, спортнинг стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган 20 нафарга яқин эркак ва аёллар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Иштирокчилар бу каби дўстлик ва бирлаштирувчи спорт тадбирларини байрам ва бошқа муҳим кунларда мунтазам равишда ўтказиб бориш истагини билдиришди.
Холида Эгамбердиева,
ISHONCH




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0