Ўзбегим манзараси
Юртдошимнинг:
1. Ўз бозори бўлади
Нью-Йоркдаги ҳашаматли бизнес-марказга олиб борсанг ҳам, Истанбулдаги бош-охири йўқ бозорларни айлантирсанг ҳам ўзининг туманидаги ҳар арава ўтганида лой сачрайдиган бозорини қўмсайверади. Чунки ҳамма нуқталарни билади, ҳар сафар бозор айланиш алоҳида бир ғурур, сотувчилар келинг-келинг дейишса, қуюқ кўришишса бошини янаям баланд кўтариб олади, маза қилиб савдолашади, дафтарга ёздириб, насияга ҳам олиб кетаверади;
2. Ўзининг севимли оши бўлади
Бу таомига дудлаб пиширилган тустовуқ гўшти ҳам, форель балиғининг увилдириғи ҳам тенг келмайди. Ҳатто қўшни вилоят тугул ёнгинасидаги туманга борса ҳам ошидан кўнгли тўлмайди. Ўзи еб юрган тотни топа олмайди ва бошқа ошларни қандай қилиб маза қилиб ейишларига тушунмайди;
3. Ўзи кўниккан тўйлари бўлади
Фақат ўша давраларда, ўша тўйлардагина яйраб ўтиради. Ўзи бирор вилоятлик бўлса, ҳатто пойтахтдаги шоҳона тўйхоналарда атрофида ҳамма гирдикапалак бўлса ҳам кўнгли тўлмайди, ўша дастурхонига гуручлар ёпишган, яқинлари маза қилиб рақс тушган базмларни соғинаверади;
4. Ва ниҳоят бирор жойда ўзининг уйидагидек ухлай олмайди
Ўз ёстиғидаги ҳаловатни топа олмайди. Меҳмонхона ёки мезбон уйининг ҳашамати, гази бор уйларнинг иссиқлиги, чироқнинг ўчмаслиги, ўриннинг қаттиқ ёки юмшоқлиги, ёстиқнинг пардек момиқлигининг аҳамияти йўқ. Ўзининг уйидаги ҳид ва муҳит топилмайди барибир.
Ўзбегим шунақа ...
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0