Аламим бор...
Албатта, мақолага қўйилган ушбу сарлавҳа умумий мазмунга қандайдир тушкун руҳ бераётгандек туюлиши мумкин. Аммо унда асло маломат йўқ. Ўтмишни қоралаш, ўтганлардан гина-кудурат қилиш ниятидан йироқмиз. Қолаверса, бугунги ёруғ кунларимиз, эришаётган ютуқларимиз қийматини акслантириш учун унинг зидди – тарихнинг қоронғи гўшаларидан улги излашга ҳожат ҳам йўқ. Шу ўринда савол туғилиши табиий: ҳаммаси расамадидагидек экан, унда алам нега?
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос
1
«Афсоналар ўз-ўзларича яшамайдилар. Улар ўзларига бизнинг ҳаёт ва қон ато қилишимизни кутишади. Дунёда ҳеч бўлмаса, бир одам уларнинг чақириғига жавоб берса бас, афсоналар бизни битмас-туганмас обиҳаёт билан суғоришга шай. Бизнинг вазифамиз – уларни унутмаслик. Шундай қилишимиз керакки, ҳеч бир афсона ўлим уйқусига толмасин», деган эди Альбер Камю бир замонлар.
Ўкинчнинг боиси, гарчи айнан бўлмаса-да, фаранг адиби айтаётган фикрга жуда яқин. Зотан, биз ҳам узоқ йиллар афсонавий тарихимиз, маданиятимиз, аждодларимиз киму, бу дунёда жойимиз қаерда бўлганини унутдик. Дунёнинг чети, учинчи даражали бир давлат, халқ деб қарашларига кўникдик. Ва энг аламлиси, замонавий дунё саҳнидаги маданий ва тарихий ўрнимиз қумга сингган сувдай «йўқолиб» қолди... «Ўзбек», «Ўзбекистон» сўзлари ҳақиқий мазмунидан чекиниб, дунё харитасида қайсидир маконни топишда мурожаат қилинадиган жуғрофий нуқта даражасига тушди. Мамлакатимиз номидаги от ясовчи «истон» қўшимчаси бошқа турдош «истон»лар аро адашиб, жўрттага, баъзан эса мутойиба тарзида зикр этиладиган бўлди...
Мушоҳадамизга жиддий тус берадиган бўлсак, хорижлик машҳур бир сиёсатшуноснинг таассуф билан айтган ушбу гапи айни ўринга мос тушади: «...умуман олганда, бугун хорижда кўпчилик одамлар Ибн Сино ва Ал-Берунийлар юртини писанд қилмай, бу ерга бошқа бирор манзилга бориш учун кесиб ўтиш керак бўлган нотинч ҳудуд сифатида қарайдилар». Ҳа, бу борада у ҳақ эди. Биз унинг таърифидан хафа бўлишимиз керакмаски, асл вазият ҳам шундан ортиқ эмасди.
Ҳолбуки, ўша сиёсатчи ишора қилганидек, бизнинг ватанимиз интеллектуал ва маданий мерос, сиёсий-ҳарбий анъаналар жиҳатидан юқорида айтганимиз бошқа «истон»лар аро «адашиб» юришга асло «муносиб» эмас.
Ҳолбуки, бу замин инсоният тарихида ўчмас из қолдирган икки буюк уйғониш даври – мусулмон ва Темурийлар ренессансига бешик бўлган. Дунёнинг ярмини эгаллаган қудратли империя-салтанатлар маркази бўлган.
Бироқ қани ўша тарих, қани ўша бизга шон-шараф, улуғворлик ва буюк руҳ бахш этувчи хотира?!.
Тарихимиздан, аслиятимиздан озгина хабардор ҳар бир одамни бу савол оғир ўйга толдиради ва айни маънавий тушкунлик қалбида оҳистагина аламни қўрлантиради...
2
Бугун Ўзбекистон қандай йўлга кирганини ва бу ерда нималар бўлаётганини зукко таҳлилчилар, маърифатли инсонлар кўриб, ҳис қилиб турганига ишонаман. Аммо бир нозик жиҳат борки, буни ҳаммаям илғаб олаётганига шубҳам бор. Мен илгариги бир неча мақолаларимда билдирган фикримда собитман – узоқ йиллар кўп балоларни бошидан кечиришга мажбур бўлган бу юрт ва унинг халқи эндиликда нафақат мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, балки унуттирилган ва бағридан юлиб олинган улуғ ўтмиш хотираси, маданияти ва аждодлари меросини тиклаш ҳамда бу шарафли ҳаракат ўлароқ ўз кимлигини топишга, маънавий янгиланишга бел боғлади, десам, тўғри бўлади.
Ислом цивилизацияси марказига топширилган кисва бўлаги.
Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзмаси
Ислом цивилизацияси марказидаги Вақт девори лойиҳаси
Иккинчи Ренессанс зали
Гапнинг мавриди келди, бир масала бўйича фикримни очиқ айтмоқчиман. Зотан, унинг бугунги мақолага алоқаси бор. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс масаласида гап-сўзлар кўтарилган ва бу мулоҳаза ғоя сифатида юқори минбарлардан айтилган кезларда баъзилар бунга истеҳзо билан қараганини яхши эслайман. Бундай кайфиятдагиларни бугун «йўқ» десам, ёлғон гапирган бўламан – шундай тушунча ва қарашдагилар ҳозир ҳам бор. Аммо муаммо шундаки, бу каби одамлар олиб борилаётган сиёсатнинг фақат устки қатламинигина кўраётир. Шавкат Мирзиёев феноменидаги «ўзга»лик шундаки, у ичидаги орзу-армони, ўз халқи, ватанига бўлган ёниқ муҳаббатини намойишкорона ифода этмади, писанда қилганлар, турли даражадаги киноя-ю қочиримлардан баландроқ турди. Аммо унинг фаолиятини жиддий кузатган киши Президент сийратидаги асл манзарани, оташин ғояни илғаши мумкин.
3
«...Нима учун Ислом цивилизацияси марказини қилдик? Миллатимизнинг шону шавкатини тарихга муҳрлаб қўйиш учун. Бу ерга кирган одам чиққандан кейин бу миллатга таъзим қилиши учун қилдик буни...».
Айни иқтибос мазмунан Президентимизнинг шу йил мустақиллик байрами арафасидаги фаоллар билан бўлган учрашувдаги жонли нутқидан олинди. Қуйида келтирадиган матнимиз эса, давлат раҳбарининг 2023 йилги нутқидан. Мана, унда нима деган эди:
«Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: «ўзбек» деганда, фақат эрта-ю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик.
Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди. Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз».
Фавқулодда икки иқтибосни чоғиштириб ўқиган киши биринчисининг кейингисига нима алоқаси бор, деган хаёлга бориши мумкин ва бу табиий ҳам. Чунки икки матн ҳам давр, ҳам мазмун жиҳатидан фарқланади. Аммо уларни изма-из мақолага жойлаётганимизнинг сабаби бор. Сабабки, айни усул биз ҳали айтган, давлат раҳбари ички оламини, орзу-армонларини тусмоллаб кўришда, асл истак ва ғояни аниқлаб олишда ёрдамчи бўлади.
Дарҳақиқат, иқтибослар тагматнига жиддий эътибор қилсангиз, келтирилган мурожаатларнинг кўздан панада қолаётган риторикаси уларни бир маънолига айлантириши мумкинлигига шоҳид бўласиз. Яъни, Президентнинг ренессанс, маънавий юксалиш ҳақида айтаётган фикрлари, мурожаатлари шунчаки, дейлик сиёсий популизм эмас, балки фундаментал асосга, аниқ режага асосланган ғоядир. Мана, ўзингиз бир эътибор қилинг, биз бугун мақолага асосий мавзу қилиб танлаган «Ислом цивилизацияси маркази» қурилиши фикри Президент томонидан айнан у эндигина ишга киришган, 2017 йил ўртага ташланган ва бу улуғ ташаббусга киришилган эди. Айнан ўша йиллари Учинчи Ренессанс, тарихий маданий мерос, жумладан, мусулмон ва ундан кейинги темурийлар уйғониш даври, буюк аждодлар хотирасига қарашнинг янги ўзанга ўтгани Президент Шавкат Мирзиёев мафкуравий сиёсатининг асл ўзагига айланди. Бир сўз билан айтганда, унинг ички оламида яшаётган ва мудом уни қийнаётган биргина армон бордек туюлади баъзан. Бу – миллатнинг, ватаннинг қадр-қимматини жойига қўйиш, топталган, баъзан эса оёқости бўлган шону шавкатимизни улуғлаш...
Мен у кишининг халқимиз ўтмиши, ватанимиз тарихи ҳақидаги ёниқ суҳбатларини кўп бор эшитиш бахтига муяссар бўлганман: «Ўзбек ёки Ўзбекистон, деса нега доим пахта, ош, дўппи-ю чопон ва яна пахта гулли чойнак-пиёлани, чойхона-ю меҳмондўстликнигина мисол қилишади, шулардан бошқа дунёга кўрсатадиган, бизни танитадиган қийматли нарсамиз йўқми? Буюк тарихимиз, дунёни қўлига қаратган, ўз илми зиёси билан жаҳонни мафтун қилган аждодларимиз меросини нега дунёга кўз-кўз қилмаймиз? Нега шундай буюк тарихий хотирадан ҳадиксираймиз, бекитамиз, кўрмаганга оламиз, улуғларнинг номларини айтишдан, меросларини элга танитишдан чўчиймиз. Ахир инсониятга математикадан тортиб, тиббиётгача, фалакиётдан фалсафа-ю мусиқагача дарс берган, бугунги замонавий илм-фаннинг кўплаб соҳаларига асос солган шу улуғларимиз эмасмиди?! Олтойдан Ўрта ер денгизигача, Мисрдан Ҳиндистонгача империялар қурган, дунёдан ҳисоб сўраган ўша ўзимизнинг боболаримиз эмасмиди?.. Бугун биз нега бундай аҳволга тушдик, болаларимизнинг нега елкаси қисиқ, боши хам, нигоҳлари ерга қадалган?..».
Мен Шавкат Миромоновичнинг оғзидан бу гапларни эшитганимга деярли ўттиз йиллар бўлган. Ва аниқ биламанки, ўтган даврлар мобайнида бу ички дард – миллат қайғуси уни руҳан миллатпарвар, ватанпарвар ва ўз халқининг ёвқур бир фарзанди сифатида улғайтирди, тарбиялади.
Дарҳақиқат, унинг ички маломати асоссиз эмас, мутлақо адолатли эди. Озроқ бадиий эҳтирос билан айтадиган бўлсак, тарих бизга ҳақсизлик кўрсатаётгандек ҳам туюларди. Аммо чин ҳақиқат шуки, улуғ аждодларимиз томонидан яратилган илмий ғоя ва кашфиётлар нафақат аниқ фанларда, балки тарих, география, фалсафа, маданият, санъат ва архитектура соҳаларида ҳам дунё илм-фани ва цивилизацияси ривожида янги саҳифа очган. Хусусан, буюк бобокалонимиз Абу Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган саноқ тизими, Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари, Абу Райҳон Беруний оддий устурлоб ёрдамида Ер радиусини ўта аниқлик билан ўлчагани, 1492 йилда эса Христофор Колумб Америка соҳилларига айнан Аҳмад ал-Фарғоний тузган Ернинг даражасини аниқлаш ҳақидаги ҳисоб-китоблари асосида етиб боргани – ота-боболаримизнинг чексиз ақл-заковати ва юксак илмий салоҳиятидан далолат эди. Ва яна ўз даврида Самарқанд қоғозининг дунёда энг сифатли, деб эътироф этилиши ёки Европадаги нуфузли сарой ва ибодатхоналарнинг зеб-зийнати Фарғона водийсида ишлаб чиқарилган ипакдан тайёрлангани ҳам аждодларимиз маънавий ва моддий меросининг нечоғлиқ беқиёс аҳамиятга эга эканини яққол тасдиқлайди. Бундан ҳам ёрқинроқ ва қизиқарлироқ фактни АҚШлик машҳур сиёсатшунос олим Фредерик Стар бир мақоласида келтиради. У биринчи ренессанс даври ҳақида гапираётиб шундай дейди: «...Марказий Осиёда охирги улкан «маданий энергиянинг портлаши» Салжуқий турклар ҳукмронлиги остида рўй берди ва тахминан 1037 йилдан бошлаб бир асрдан кўпроқ вақт давом этди. Ўзларининг шарқий пойтахтлари бўлмиш ҳозирги Туркманистоннинг Марв ва бугунги Афғонистон – Эрон чегарасидаги Нишопур шаҳарларидан туриб, улар кўп соҳаларда кашфиётчиларни қўллаб-қувватлади. Эришган ютуқлардан бири сифатида кенг жойларни қопловчи қўшгумбазни келтириш мумкин. Дастлабки ютуқлар маҳсулини ҳозир Марвнинг қаровсиз қолган вайроналари мисолида кўришимиз мумкин. Флоренция ибодатхонасидаги Филиппо Брунеллески гумбази ва Санкт-Петербургдаги Авлиё Николай соборидан бошланган «дунё бўйлаб саёҳат» натижасида мазкур кашфиёт Вашингтондаги АҚШ Капитолий биносининг гумбазида ҳам ўз аксини топди».
Албатта, бу ҳақли эътироф аждодларимизнинг меъморчилик санъатида ҳам мислсиз бўлганини кўрсатади. Аммо буни бугун тўрт-бешта мутахассисдан бўлак ким билади ва эътироф этади? Ким халқимиз ва ватанимиз шундай улкан салоҳиятга эга бўлганини тарғиб қилади?.. Ўша пайтлардаёқ мен Шавкат Миромоновичнинг сўзлари ва кўзларида айнан шу ўкинчни, саволларнинг қотиб қолган суратларини кўрганман...
4
Ўтган асрнинг ўрталарида ижод қилган европалик бир файласуф ўз даври, қитъа ва жаҳонни қамраб олган уруш кулфатлари ва қабоҳати ҳақида ёзар экан, «шундай олатасир бир замонда рассомлар ўз қўноқларида хотиржам «мудраётган» товуқлар тасвирини чизаётган экан, демак, инсоният қалбида гўзалликка, яратувчилик, тинчлик ва эзгуликка бўлган ишонч ҳали сўнмаган», деган эди.
Мен эса орадан деярли бир аср ўтгач, файласуфнинг фикрларига қуйидагича қўшимча қилишим мумкин: дунё атом ҳалокати остида қолаётган бир даврда (ҳолбуки, бизнинг минтақамиз тўрт ядровий давлат билан қўшни) бундан ҳам таассуфлиси, жаҳон тартибининг эгасиман, дейдиган қудратлардан бири мудофаа вазирлиги номини «уруш вазирлиги»га ўзгартириш эҳтиёжи ҳақида гап-сўз қилаётган бир маҳалда инсоният тамаддунлари, мозий мероси, санъат ва абадият, умуминсоний қадриятлар ҳақида гапириш, бу борада катта ишларга журъат топиш учун одамда қалб қандай бўлиши керак, деган савол қўйсам, буни ким ўринсиз, дея инкор қила олади?! Ёки Камю назарда тутган, афсоналар ўлим уйқусига толмаслиги, бу оламда ҳеч бўлмаса биргина одам улар чақириғига жавоб беришга ўзида журъат топа олиши, уларга ҳаёт ва қон ато қилиши кераклигини тарихий зарурат сифатида англаётганига ишора қилсам, қандай куч менинг йўлимга чиқиши мумкин?!.
Албатта, таҳлил қилинаётган мавзу моҳиятан шундай мажозий тил, фалсафий тушунчаларга арзийди. Зотан, айни ғоя замирида нафақат миллат ва ватан манфаати, балки инсоният тафаккурини умуминсоний бир ўзанга бошқариш, қариб ва тобора зерикарли тус олаётган дунё узра уйғониш қўнғироғини чалишга, оламда эзгулик ва гўзаллик ҳали мавжуд эканига ишора бор. Бу ҳақдаги мулоҳазаларни сал кейинроққа қолдирамиз.
5
Ҳозир бошқа, биз учун муҳим яна бир масала ҳақида гаплашсак. Мен доим аллақандай ички бир қизғаниш билан айтаманки, жаҳон маданий тарихидан мустаҳкам ўрин олган «мусулмон тамаддуни» ҳақида глобал миқёсда гап кетганда юртимиз ҳам, халқимиз ҳам кўпинча «ҳисоб»дан тушиб қолади. Аслида эса умуминсоний қийматга эга бўлган бу меросга кўпроқ биз даъвогарроқмиз. Гарчи Боғдод халифалик маркази бўлган ва кимлардир айни буюк Уйғонишни Яқин Шарқ билан боғлашга, етук алломаларни эса форс ва ёки араб маданий оламига алоқадор қилишга ҳарчанд уринмасин, тарихий марказ ҳамда асосий интеллектуал «база» бизга тегишлилигича қолаверади. Бу тарихий аксиомадир. Мушоҳада қилаётган фикрларимизни Ф.Стар бир асарида жуда асосли ва ҳаққоний тарзда шундай ифода қилади: «...Халифа Ал-Маъмун милодий 818 йилда тайинланганига қарамай, Марказий Осиёни тарк этишдан бош тортди ва мусулмон дунёсини ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган бетакрор Марв шаҳридан туриб бошқарди. Кейинчалик Бағдодга кўчар экан, у туркий лашкарлари билан бир қаторда ўзи билан форсий ва туркий маданиятлар таъсирининг «қоришмасидан» ҳосил бўлган Марказий Осиёнинг қадриятларини олиб кетади. Марказий Осиёдан Яқин Шарққа бу кўчиш юнон билим масканларидан Римга қараб ҳаракатланган қадимий «ақллар кўчиши» йўсинида рўй берган».
Оксфорд университети илмий ходими, қадимшунос олим Пол Уордсворт минтақамиз ўтмиши ҳақида фикр билдираркан, унинг ўз вақтида жаҳон тартиботида тутган муҳим ўрни борасида гапиради. «Кўпчилик сайёрамизнинг улкан материги Овроосиёдаги бир-бирига туташ минтақалар ўзаро жипс боғланган деб ўйлайди, – дейди олим, ВВСга берган интервьюсида. – Аслида бундай эмас. Чунки Марказий Осиёда дунёнинг энг баланд тоғлари жойлашган. Узун ва асов дарёлар оқади.
Милоднинг биринчи минг йиллиги ўртасида Марказий осиёлик савдогарлар бу мураккаб табиатли минтақани кезиш ва савдо-сотиқ қилиш ҳадисини олишганди. Минтақа фақатгина савдо йўллари юраги эмасди. Бу ерда илм-фан ҳамда ижод гуркираган.
Олимлар шаҳарма-шаҳар юриб, билим алмашишган. Ипак йўлидаги Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарлар илм-фан марказларига айланган. Улар ўз вақтида Марказий Осиёнинг Оксфорди ва Кембрижи каби бўлган.
Кўпинча Ипак йўли ҳақида гап кетганда билиб-билмай фақат ё Хитой, ёки Рим империяларига қараб фикр юритишади. Ва бу ҳолатда икки ўртадаги ҳудудлар гўёки ташқи таъсирлар остида қолгандек тасаввур пайдо бўлади. Марказий Осиёнинг ҳаққоний тарихи эса айни стереотипларни ўзгартиришга ёрдам беради. Зотан, бу ерликлар ўз ақл закоси ҳамда ўзига хос маданиятлари билан Овроосиёни битта қилиб боғлай олишган...».
Лекин муаммо шундаки, Уордсворт алоҳида айтаётганидек, ҳақиқатан ҳам, бу ўлка узоқ йиллар ташқи таъсирлар соясида қолиб кетди. Энг ачинарлиси, бугун ҳам бизни у ёки бу буюк қудрат (держава)нинг «томорқа»си сифатида кўрсатиб, сафлардан суриб чиқаришга интилаётганлар йўқ эмас...
6
Тан олиш керак, бизда тарихга назар турли даврларда турлича бўлган. Шундай вақтлар бўлдики, баъзан унинг итоаткор қулига айландик. Баъзан эса ундан фахрланиш билангина ўзимизни овутдик. Билгунимизча тўқиб-бичдик, қўлга қайчи олиб, истагимизга мосладик. Очиқроқ гапирадиган бўлсак, совет даврида мозийга қарашимиз қандай бўлганини кўпчилик яхши билади. Аммо мустақилликка эришгандан кейин ҳам ўтмиш маданиятга муносабатларимизда унчалик кўп ўзгариш бўлган эмас. Тўғри, бу борада умуман янгилик бўлмади, дейиш ноинсофлик бўлади. Нималардир гапирилди, ташаббуслар кўрсатилди, аммо ҳали айтганимдек, хоҳишга кўра. Айни масалада гап кетар экан, мен Шаҳрисабздан «йўлга тушиб» Самарқанд орқали пойтахт Тошкентнинг қоқ марказида ўзининг тугал поэтик ифодасини топган ансамбль – буюк соҳибқироннинг бронзадан ясалган муҳташам сиймоларини алоҳида айтган бўлардим. Улуғ бобомиз шахси ва меросига кўрсатилган эҳтиром айтиш мумкин бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларида қилинган энг катта ишлардан бири эди. Тарихий ёдгорлик ўрнатилган кенг ва улуғвор майдонга унинг номи берилиши ҳамда туташ манзилда Темурийлар тарихи давлат музейининг бунёд этилиши ўтмиш меросга бўлган расмий муносабатимизни янада ойдинлаштирди. Яъни бунда Темур сиймоси ва салтанати маҳобатини мустақил давлатчилигимиз рамзи (шу ўринда айтиш керакки, бу ғоя яқин тарихимизда илк бор жадидлар томонидан кўтарилган. Улар бу борада фақат соҳибқирон шахсияти билан чекланмаган. Кўктурк Атилла, Билга Хоқон, Ўзбекхон ва ҳатто биз мудом иккиланадиган Чингиз хотираси ҳам улар миллий тафаккурини ёритиб турган) сифатида қабул қиламиз, деган маъно бордек эди. Очиғи, эндигина эркинликни қўлга киритган собиқ совет республикаси учун бу мутлақо тушунарли ва ҳатто олқишга арзийдиган ходиса эди. Аммо бу хотиржамликни «бузадиган» истиснолар ҳам йўқ эмасди. Ўша маҳаллар, гарчанд расмий бўлмаса-да, биз юқорида кўп гапирган «тарихга қарашимиз» шундай тус олдики, унга кўра, ўтмишимиз Темур ва Темурийлардан бошланади ва оёқлайди... Албатта, бу мулоҳаза дағалроқдай туюлиши мумкин, аммо асл аҳвол бундан пеш эмасди. Тўғри, минг йил нари ўтган алломалар, шахслар аҳён-аҳён эсланар, сиёсий матнларга зеб бериш учун номлари маърузаларга киритиларди, бироқ ҳеч маҳал халқимизнинг уч минг йилдан ортиқ, дея эътироф этилаётган ўтмиши кенг маънода тан олинмасди. Эҳтимол, бугун Берунийни, Хоразмийни, ибн Синони, Форобий ва бошқа улуғларимизни араб ё форс миллатига мансуб эди, деяётганларга бизнинг ўз меросимизга бўлган айни ўша муносабатимиз ҳам сабабдир. Қайдам, аммо бу жуда ғалати ва мантиқсиз қараш эди.
Ўзингиз ўйланг, ўша пайтларда ҳам шаҳарларимиз, маданиятимизнинг неча минг йилликлиги ҳақида гапирар, қадим кентлар, дунё тан олган баъзи алломаларимизнинг 1000-2000 йиллик «тўй»ларини нишонлардик. Ва шу билан бирга тушунарсиз равишда миллий тарихимизни яна XIV аср – Темур давридан бошланади, деган қарорга рағбат кўрсатардик. Энг қизиғи, ундан олдинги ўнлаб, кейин ўтган бус-бутун олти аср ҳақида эса деярли эсланмас, бу ўтмиш олим ва ёзувчиларнинг қўлёзмаларидагина «ҳаёт кечириш»га маҳкум этилганди гўё. Юмшоқ қилиб айтганда, бу моҳиятан тарихни мафкурага, сиёсатга бўйсундириш эди. Яъни ўтмишни саралаймиз, чамалаймиз ва сиёсатимизга мос бўлагини олиб ўз «эҳтиёжимиз» учун истифода этамиз. Масалан, давлат ёки сиёсий-мафкуравий популизм йўлида. Дейлик, зиёлилар ва омманинг эҳтиросини босиш, қолаверса, халқаро жамоатчилик кўзига ўзини постколониал «ботқоқ»дан чиқиб кетаётгандай кўрсатиш илинжидагина қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш учун Юнусободда мажмуа ва зиёратгоҳ қурамиз, йилига бир марта бўлса-да, уларнинг ҳақига Қуръон тиловат қилдириб, қўлларимизни дуога очамиз, бироқ озодлик йўлида шаҳид бўлган бу ойдинларимиз номини қора рўйхатлардан ўчирмаймиз. Собиқ иттифоқ олий суди қарори билан отилган ва «халқ душмани» сифатида бадном этилганлар рўйхати аслича қолаверади...
Майли, бу алоҳида ва жуда чуқур мавзу. Буни эсга олганимнинг сабаби шу ҳолат расмий сиёсатнинг қанчалик самимий ёки акси бўлганини яхши очиб бериши мумкинлиги учундир. Шу боис унга мухтасар тўхталдим.
7
Энди мақоламизга асос қилиб олинган объект ҳақида ҳам тўхталсак, менимча, тўғри бўлади. Юқорида айтганимиздек, ушбу мажмуа қурилишига 2017 йилда киришилган эди. Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган лойиҳа 10 гектарлик майдонни ўз ичига олади. Муҳташам иншоотнинг узунлиги 161, эни 118 метрга етади. У уч қаватдан иборат. Марказидаги мовий гумбаз баландлиги 65 метрни ташкил этади. Бино 1,8 гектар майдонда барпо этилиб, фойдаланиш ҳудуди 42 минг квадрат метр. Бу статистиканинг ўзи шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра, дунёда Ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган энг катта мажмуалардан бирига айланади. Келинг, ушбу муҳташам обидани ўз кўзи билан кўрган ва бундан чексиз ифтихор, ғурур туйган одам сифатида уни батафсилроқ шарҳласам.
Мажмуа Шарқ ва миллий меъморчилик анъаналари асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, ичига чор тарафдан тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Ҳар бир портал ва бинонинг ташқи (фасад) қисми илм, маърифат, бағрикенглик, ота-онага ҳурмат каби муқаддас қадриятларни тарғиб этувчи Қуръон оятлари ва ҳадислар билан безатилган.
Марказ музейида Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Ўзбек хонликлари даври, Ўзбекистон XX асрда, Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс экспозициялари ўрин олади. Бундан ташқари, унинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, шунингдек, Al-Furqan, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази, Туркия, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларининг 100 дан ортиқ илмий институтлари, музей ва кутубхоналари филиаллари очилади.
Эътиборлиси, Марказ фаолиятида маҳаллий ва хорижий тажрибалар асосида илмий тадқиқотларни лойиҳалаштириш тизими ҳам жорий этилган. Шу ўринда хаёлдан қочмаслиги учун бир масалани айтиб кетай. Биз бугун юртимизда дунёга келган буюк ҳодиса – икки ренессанс ҳақида жуда кўп гапирамиз. Аммо унинг қандай юз кўрсатганлигини кўпам мушоҳада қилиб ўтирмаймиз. Тарих шуни кўрсатадики, бу уйғониш даврлари ўз вақтида маданиятлар алмашинуви, жаҳон илм-фанига интеграциялашув орқали юз берган эди.
Марказда дунёнинг кўплаб илм масканлари, маданий институтлар бўлимларининг бизнинг олимлар, зиёлилар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиши, содда қилиб тушунтирганда, жаҳондаги энг илғор (эсланг, халифа Маъмун ҳам, Темур ҳам ўз салтанатига юксак ақл эгаларини йиққан ва рағбатлантирган) интеллектларни Ўзбекистонга олиб келиш жуда катта истиқболдан дараклайди. Кези келганда шуни айтиш керакки, мазкур иншоот қурилиши ва бу ердаги музей ва бошқа маданий объектларнинг жиҳозланишида дунёнинг ўнлаб давлатларидан энг олди мутахассислар, олимлар иштирок этишган. Шунинг учун ҳам марказнинг довруғи у очилмасданоқ оламга ёйилди, десам, тўғри гапни айтган бўламан. Зотан, ҳозирданоқ Ислом санъати музейи (Малайзия), Сулаймония кутубхонаси (Туркия), Азрет-Султон мажмуаси (Қозоғистон), Болонья университети (Италия), Ратти фонди, Альберто Леви коллекцияси, Миллий Озарбайжон тарихи музейи, АҚШнинг Дэвид Пейли, Брюс Баганза, Дэвид Рейсборн коллекциялари, Россия давлат Эрмитажи, Санкт-Петербургдаги Давлат дин тарихи музейи ва Маржоний фонди каби кўплаб ташкилотлар ўз кўргазмалари билан унинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш истагини билдирган.
Музей фаолиятини йўлга қўйиш жараёнларида яна бир муҳим жиҳатни кўрдим ва бу мени ниҳоятда хурсанд қилди. Яшириб нима қилдик, илгарилари ижтимоий тармоқ ёки хорижнинг расмий ОАВларида «Ўзбекистондаги фалон музей ёки институтдан қадимий қўлёзма, тарихий қимматга эга бўлган артефакт ўғирланиб, қинғир йўллар билан писмадон давлатга чиқариб юборилган», деганга ўхшаш хунук, қалбингни оғритадиган ахборотларни кунда бўлмаса-да, тез-тез эшитиб, ўқиб турардик. Бугун эса гап хуфиёна ўғриликлар ҳақида эмас, балки худди шундай қароқчилик, талончилик йўллари билан четга олиб чиқиб кетилган халқимизнинг маънавий бойликлари юртимизга қайтарилаётгани ҳақида. Гап шундаки, яқинда Лондондаги «Сотбис» ва «Кристис» савдо уйлари, йирик коллекционерлар ва арт-диллерлардан мазкур музей учун Ўзбекистон маданий меросига оид 580 дан ортиқ (эътибор қилинг, олти юзга яқин дурдоналаримиз ўзимизга қайтмоқда. Бу тарихимизда кўрилмаган ҳолат) турли артефактлар сотиб олинган. Уларнинг орасида Амир Темур топшириғига асосан хаттот Умар Ақта томонидан кўчирилган улкан Қуръон қўлёзмасининг бир парчаси (Бойсунғур Қуръони), Бобурийлар даврига оид иккита ханжар, битта қилич, битта қимматбаҳо ханжар дастаси, XVIII-XIX асрларда ўзбек хонликлари даврида яратилган 5 дона кашта, Бобурийлар ва Сафавийлар даврига оид 3 та миниатюра, Олтин Ўрдага тегишли 2 та олтин тақинчоқ, Жалолиддин Румийнинг Бобурийлар даврига оид «Маснавийи маънавий» асари, Темурийлар даврида кўчирилган Ҳофизи Абрунинг «Мажмаъ ут таворих» асари саҳифаси, Сўғд, Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид сопол ҳамда кумуш идишлар...
Ислом цивилизацияси марказининг умумий кўриниши
Ислом цивилизацияси маркази шон-шуҳрат зали
Қуръони Карим зали
Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси
8
XVI-XVII асрларда яшаган тарихчи Мутрибий Самарқандий ўз асарларидан бирида шайбонийлар сулоласининг ёрқин вакили, Туроннинг сўнгги ҳукмдори Абдуллоҳхоннинг бунёдкорлик салоҳияти ҳақида ёзатуриб, хоннинг қуйидаги иқрорини келтиради: «...Амир Алишер Султон Ҳусайн мирзонинг ходими бўла туриб ўзидан бир минг хайр иншооти ёдгор қолдирди. Биз подшоҳмиз, қурилишлар сонини ўн мингга етказмасак, ўзимизни ҳукмдорман, деб юрган эканмиз-да».
Бундан кўринадики, тарихда ўтган буюк қалбли ҳар бир етакчи қуриш, яратишга ўз абадиятининг гарови сифатида қараган. Аммо булар орасида ҳам ўзидан ўчмас из қолдирганлари унчалик кўп бўлмаган. Маърифатга, санъатга, маданиятга суянган, шу улуғ дарёлардан сув ичган ташаббусларнинг умригина боқий бўлган. Буни биз ўз тарихимиздан биринчи ва иккинчи ренессанс юзага чиққан замонлар мисолида айтиб ўтдик.
Шавкат Мирзиёев илгари сурган ғоя глобал, умуминсоний аҳамияти билан ниҳоятда ноёбдир. Масалан, ушбу марказ фаолият йўналиши билан танишсангиз, унда ўтган замонлардагидек «тарихнинг итоаткор қулига айланиш»ни эмас, аксинча, ўтмиш мероси ва анъаналарини бугунги кун билан трансформация қилиш – боғлаш, тарих ва келажакни уйғунлаштириш орқали нурли истиқболни яратишга иштиёқни пайқайсиз. Марказга жаҳоннинг юзлаб нуфузли олимлари ташриф буюриб, бу ерда ижод ва тадқиқот олиб бориши катта-катта мўъжизаларга туртки бериши эҳтимолдан кўп узоқ эмас. Тарихда бунга мисолларни кўплаб топиш мумкин. Масалан, бугун оламга машҳур «Аида» операси ёки АҚШдаги «Озодлик» ҳайкали яратилиш тарихини ҳаммаям билавермайди.
1869 йили Миср ҳукмдори Исмоил пошо Сувайш канали очилиш маросими учун машҳур итальян композитори Жузеппе Вердига янги опера ёзишга буюртма берган. Ва бу буюртма – «Аида» операси 1871 йили Қоҳира театрида илк бор намойиш этилади. Бундан ташқари, у каналнинг кириш жойига сув устига ўрнатиш учун француз ҳайкалтароши Фредерик Бартолдига қўлига машъал тутиб олган мисрлик аёл ҳайкалини бунёд этишни илтимос қилади. Бироқ бу лойиҳа қимматлиги учун ундан фойдалана олмайди. Кейинчалик машҳур ҳайкалтарош лойиҳа ғоясидан «Озодлик»ни тайёрлашда фойдаланган...
9
Умуман олганда, пойтахтимиз Тошкент ҳеч замонда мақтовга муҳтож бўлган эмас. Тарихи узоқ-узоқларга кетган бу шаҳар ҳақида ўтмишда ўтган буюк боболаримиз Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, Маҳмуд Кошғарий ва ҳатто юнон олими Клавдий Птолемей (II аср) ҳам ўзининг «Географиядан қўлланма» асарида ёзиб қолдирган. Барча даврларда Тошкент, дейилса, «эски шаҳар» ҳамманинг кўз олдига келган. Аммо узоқ асрлар Тошкентнинг маданий орбитаси бўлган айни бу гўшада кейинги 100 йилда нималар юз берди, қандай ободончилик қилинди? Тарихни титкиласангиз, саволингизга жавоб ўрнида ўтган асрнинг 80-йилларида совет даври модернизми сифатида туҳфа қилинган «Чорсу» бозорини ва мустақиллик йилларида барпо этилган Хастимом мажмуасини, кейин унга туташ манзилда қурилган «Зарқайнар» модалар уйини кўришингиз мумкин эди. Ҳолбуки, бу маскан доимо қадим Шошнинг маданий орбитаси бўлиб келган...
Бугун эса вақт ажратиб, «эски шаҳар»га бир боринг ва мўъжизани кўринг. Агар ўзингизни тарих ичига кириб қолгандек ҳис қилмасангиз, хаёлингиз узоқ ўтмиш билан мулоқотга киришмаса, мен кафил. Айниқса, марказнинг асосий кириш эшиги юз тутган «Қорасарой» кўчаси сизни бутунлай мафтун этади. Арзимаган муддат ичида бу даражадаги ўзгаришларни амалга ошириш... Очиғи, одамнинг ақли ожизлик қилади. Ўз вақтида мен ҳам пойтахт туманларининг бир нечасида биринчи раҳбар бўлиб ишлаганман. Ўша даврларда битта канализацияни ишга тушириш учун йиллаб вақт кетар, таъмирлаш учун экскаватор тополмай, ойлаб сарсон бўлардик. Бу ишлар эса худди тушга, эртакка ўхшайди...
Мен аниқ ишонаманки, Ислом цивилизацияси маркази нафақат эски шаҳарнинг руҳоний тарихини қайта жонлантиради, балки Тошкентни худди Самарқанд, Бухоро каби минтақамизнинг маданий орбитасига айлантиради.
10
Рус ёзувчиларидан бирининг «саҳнага милтиқ осилган бўлса, у албатта охирида отилиши керак!» деган машҳур ибораси бор. Гап гарчи театр санъати ҳақида айтилган бўлса-да, мантиқ нуқтаи назаридан бизнинг ҳозирги ҳолатимизгаям мос тушиши мумкин. Мен энди мақолага нега бундай кескин сарлавҳа танлаганим, бундай туйғу кўнглимда қандай пайдо бўлгани ҳақида ҳам гапирмасам, ёзилган матн ўз мантиғини йўқотиши мумкин. Шунинг учун келинг, айтай.
Мен кўз олдимизда очилган ушбу тарих – Ислом цивилизацияси маркази билан танишиб, кўнглимдан иккита ўкинч ўтди. Биринчидан, шундай улуғ тарихимиз бўла туриб, уни дунёга кўрсатолмаган эканмиз. Қолаверса, дунё бўйлаб инсониятни мафтун қиладиган маданий меросимиз сочилиб ётган экану, уларни бир жойга йиғиш, шу нодир буюмларни бизнинг боболаримиз ясаган, ижод этган, ихтиро қилган, деб кўрсатиш ҳақида ўйламабмиз.
Ҳолбуки, совет замонлари зулмини чиқариб ташлаганда ҳам Шароф Рашидовдан кейинги, миллий масалаларда сал-пал нафас олиш имконияти юзага келган даврлардан буён бу мамлакат тепасига нечта раҳбар келди?! Нега биз, ҳатто, мустақиллик йилларида ҳам бу ишларга киришмадик. Нега? Нега? Нега?.. Пулимиз йўқмиди? Ахир устимизга бугун осмондан бойлик ёғилмади-ку. Пахтамиз ҳам, олтинимизу газимиз ҳам ўша-ўша-ку... Унда нима учун бу ишларни илгарироқ қилмадик, кимдан, нимадан қўрқдик?!
Табиийки, бундай ўй-фикрлар одамда тарих ва ўтган аждодларнинг пок руҳи олдида айбдорлик ҳиссини туғдиради. Қолаверса, бой берилган вақт, бефарқлик, буюк тарих ва маданиятга менсимай қараш одамнинг кўнглида, юқорида айтганимдек, аламни қўрлантиради...
Аммо бу кўҳна дунё ҳикматларга тўла. Кўнгилдаги ғам, дилдаги ғуссани кутилмаганда қандайдир ғайритабиий бир ҳодиса ювиб ташлаб, нафақат сизнинг қалбингизни, балки бутун оламни чароғон айлаши мумкин. Шу маънода бугун биз Шавкат Мирзиёевнинг миллатга, ватанга бўлган чексиз муҳаббати, ўз она халқи олдидаги фарзандлик бурчига бўлган садоқатини кечаги кун хатолари, халқнинг дилидаги андуҳларни ювиб кетадиган толенинг бир иноятидек қабул қилсак, адолатдан бўлади, албатта.
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0