Валюта UZS
  • USD

    12 210.7115.21

  • EUR

    14 036.21-13.01

  • RUB

    150.360.65

+14C

+14C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+14c

  • Hozir

    +14 C

  • 09:00

    +17 C

  • 10:00

    +20 C

  • 11:00

    +21 C

  • 12:00

    +23 C

  • 13:00

    +24 C

  • 14:00

    +25 C

  • 15:00

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +19 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Seshanba, 31-March

+14C

  • Hozir

    +14 C

  • 09:00

    +17 C

  • 10:00

    +20 C

  • 11:00

    +21 C

  • 12:00

    +23 C

  • 13:00

    +24 C

  • 14:00

    +25 C

  • 15:00

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +19 C

  • Seshanba, 31

    +14 +20

  • Chorshanba, 01

    +15 +20

  • Payshanba, 02

    +16 +20

  • Juma, 03

    +16 +20

  • Shanba, 04

    +15 +20

  • Yakshanba, 05

    +15 +20

  • Dushanba, 06

    +14 +20

  • Seshanba, 07

    +13 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax
Ўзгача ракурс
90 10:16 | 31.03.2026 10:16

“Ватан” чойни аччиқ дамлаб, ёстиққа суяниб ўқиладиган журнал…


“Ватан” - элитар журнал.


“Ватан” - интеллектуал элита журнали.


Таниқли журналист, «Озодлик» радиосининг собиқ бошловчиси Сарвар Усмон Ўзбекларда уруғ-аймоқчилик ва сартлар мавзусига тўхталар экан, “Ватан” журналининг 2025 йилги 4-сонида босилган “Сарт сўзи мажҳулдир” сарлавҳали мақоласи (Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1915 йили “Ойна” журналидан кўчириб босилган)га ҳамда профессор Ғайбулла Бобоёровнинг “Бир атама кечмиши” сарлавҳали мақоласига эътибор қаратди.


Журналист “Сарт ва Сартр ёки фаранг файласуфи Сартрнинг сарт(лар)га қандай алоқаси бор?” деб номланувчи мақоласини бошлар экан, сўз аввалида, ўзи ва қариндошларининг Ўзбекларда бўлган “92 уруғидан биронтасига ҳам тааллуқли эмас”лигини таъкидлайди.


“Ҳа, мен сартман. Яъни мен ўзбекнинг 92 уруғидан биронтасига ҳам тааллуқли эмасман. Умуман оиламиз тааллуқли эмас. Ҳамшаҳарларим - миллатдошларим ҳам сарт. Ҳар ҳолда “биз фалон уруғданмиз”, деган гапни бирор ўшлик ўзбекдан ҳам, шаҳрихонлик қариндошларимдан ҳам эшитган эмасман”, – деб ёзади Сарвар Усмон.


Ўшлик журналист уруғчилик ва ўз уруғи ҳақидаги қарашларини қуйидагича ҳикоя қилади:


“Суриштирганман уруғимизни. Жуда кўп суриштирганман. Қондошларимдан биронтаси ҳам айтиб беролмаган. Айтиб беролмагани унутганимиздан эмаслигини, чунки биз уруғчилик муносабатларидан ташқарида эканимизни 1981 да чиққан “Изоҳли луғат”дан билганман. “Кўчманчиликдан ўтроқ ҳолга ўтиб, қабила, уруғчилик муносабатларига барҳам берган ўзбекларнинг айрим қисмига революциядан (1917) илгари берилган ном”, дейилган ўша луғатда. “Изоҳли луғат” мен учун Тил Конституциясидир. Мен Конституцияни ҳурмат қиламан ва шунинг учун кўнганман шу таърифга, уни тўла қабул қилганман.


Мен кўнганману бироқ ўзига, умуман ўзбекка нисбатан “сарт” сўзи ишлатилса мувозанатини йўқотадиган, кайфи бузилиб, бир кўкариб, бир бўзариб қоладиган миллатдошларим бор. Улар бу сўзни ўзларига, умуман ўзбекка нисбатан камситиш, деб қабул қилади. Шунинг учун бу масалада улар билан баҳсга киришмасликка уринаман. Чунки луғатниям тан олишмайди улар. Мен луғат изоҳининг бошини (“кўчманчиликдан ўтроқ ҳолга ўтиб, қабила, уруғчилик муносабатларига барҳам берган ўзбеклар…”) аргумент қилиб келтирсам, улар қорамалдоғини бигиз қилиб изоҳнинг охирини (“...революциядан (1917) илгари берилган ном”) кўрсатади. “Луғатингиз ҳам ўзбеклар ўзларини шундай атаган демаяпти, “берилган ном”, деяпти, яъни ўрислар бизни шундай номлаган”, дейди улар.


Сарт сўзи атрофида шу кунда ҳам бот-бот чиқиб турадиган бундай баҳслар юз йил олдин ҳам бўлганини, миллат жадидлари бу масалада анча-мунча сиёҳ сарфлаганини яқинда “Ватан” журналида ёритилган эски мақоладан билдим.


Журналнинг 2025 йилги 4-сонида (“Ватан” йилнинг ҳар чорагида биттадан чиқади) Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бундан 111 йил муқаддам, 1915 йили “Ойна” журналида босилган “Сарт сўзи мажҳулдир” сарлавҳали мақоласи кўчириб босилди.


Мен ҳозир сизга Беҳбудий домланинг мақоласини сўзлаб бермоқчи эмасман. Уни ўзингиз ўқиб оласиз. Мен фақат бундан бир аср муқаддам ҳам сарт сўзи мажҳул бўлганига эътиборингизни қаратмоқчиман, холос. Бу мажҳуллик сабаблари эса, журналнинг худди шу сонида босилган “Бир атама кечмиши” сарлавҳали мақолада батафсил ёритиб берилган.


Мақола муаллифи профессор Ғайбулла Бобоёров мавзуга кирар экан, шундай дейди:


“Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва баъзи илмий давраларда бундан юз йиллар олдин бирмунча кенг қўлланилган, ХХ аср бошларида Туркистон жадидлари орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлган ва ўтган асрнинг 20-йилларидан расман истеъмолдан чиқарилган “сарт” атамаси атрофидаги баҳсларга дуч келяпмиз. Айниқса, айрим қўшниларимиз, қардошларимиз томонидан билиб-билмай айтилаётган гап-сўзлар ушбу атаманинг асл негизи қаерда, у қачондан бошлаб ва айнан кимларга нисбатан ишлатила бошлагани масаласига ойдинлик киритиш талабини қўймоқда”.


Мақола муаллифи ўз олдига “ўзбекларнинг бир қисми сартдир” ёки аксинча “ўзбекларнинг уруғчилик муносабатларини унутган қисмини сарт атаб бўлмайди”, деган фикрни уқтириш вазифасини қўймаган. У мақоласи сарлавҳасига чиқарилганидай, “сарт” атамаси тарихини ёритиб берган холос ва мақола шуниси билан қадрли. Ундаги маълумотлар “сарт” атамаси атрофида бундан буён ҳам давом этадиган баҳсларда ҳар икки томон учун аргумент бўла оладиган фактларни келтирган.


Бас, шундай экан, бу мавзуда биров билан баҳсга киришмоқчи бўлсангиз, аввал “Ватан”нинг 2025 йилги 4-сонини топиб, Беҳбудий ва Бобоёров домлаларнинг мақолаларини ўқиб чиқинг.


Сарт сўзи билан боғлиқ гапларни шу ерда тўхтатиб, энди Сартрга ўтамиз.


Сартрга ўтишдан олдин бир гап: газета-журнал муҳаррирлари икки хил: журъатли ё журъатсиз бўлади. Муаллифлар кўнгиллари кўчасига кириб, ҳар нарсани ёзиб келавериши мумкин, лекин ўша кўнгил кўчалари битиклари чоп қилинадими-йўқми, бу - муҳаррирнинг журъатига боғлиқ. Мен “Ватан”нинг бир неча сонини варақлаб ана ўшандай журъатни кўряпман.


Муҳаррирлар яна зийрак ёки… (ҳақорат бўлиб эшитилмасин учун нейтрал “лоқайд” сўзини танлай қолдим) лоқайд бўлади. Зийрак муҳаррир - муштарийлари кайфияти барометри.


Мана энди Сартр. 1964 йили Нобель мукофотлари қўмитаси адабиёт бўйича мукофотни француз файласуфи ва адиби Жан-Поль Шарль Эмар Сартрга (1905-1980) бериш тўғрисида қарор қабул қилган, бироқ бу ҳақдаги қарор чиқиши биланоқ ёзувчи мукофотдан бош тортганини эълон қилган эди. Сартр ўз қарорини “Нега мен Нобель мукофотини рад қилдим” деган мақоласида батафсил тушунтириб ўтган. Ўша мақоланинг “Ватан”да босилиши журнал муҳаррирининг зийраклиги белгисидир: Трамп ва Нобель Тинчлик мукофоти мавзуида бундан бир-икки ой олдин гунглар ҳам гапириб, карлар ҳам эшитгани эсингизда бўлса керак. Бироқ “Ватан”нинг зийрак муҳаррири бундай боғлиқликка ҳеч бир шаклда ишора қилмайди. Бу боғлиқликни илғаб олиш зийрак журналхоннинг иши.


Мен бу ерда Сартр домлага тилмочлик қилмоқчи, унинг мақоласи мазмунини сизга айтиб бермоқчи эмасман. Битикларимдан мақсад Сизни “Ватан”га даъват қилиш, журнални топиб ўқишга чақиришдир.


“Ватан” - элитар журнал. Элитар “элитмоқ” феълидан эмас, “элита” отидан. “Ватан” - интеллектуал элита журнали. Мундарижаси билан, мавзулар спектрининг ранг-баранглиги билан, танланган мақолалар мазмунининг чуқурлиги, баённинг пухталиги билан элитар журналдир. Журнал умумий стилистикаси билан ҳам, полиграфия маҳсулоти сифатида ҳам элитар журналдир. “Ватан” кўк чойни аччиқ дамлаб, ёстиқнинг қаттиқроғига суяниб ўқиладиган журналдир.


Ҳар гал “Ватан”ни варақлаганимда ҳазрат Навоийнинг “Эл нетиб топқай мениким мен ўзимни топмасам…” сатри ёдимга тушаверади. Яқиндагина топиб олганим журнал ҳали гўдак ёшида, ҳаммаси бўлиб эндигина 9 та сони чиқди. Туғилибоқ ўзини ўзбекнинг бир ўғли деб таниган журнал дастлабки сонидан бошлабоқ ўзини-ўзбекни чуқурроқ ўрганишга, яхшироқ билишга урияпти. Ўзининг-ўзбекнинг кимлигини, қаерда, қандай қадриятлар ичида яшаётганини билишга уриняпти, Ҳар бир сонда бериладиган 20 атрофидаги мақоланинг 4-5 таси, албатта, конкрет бир мавзуни батафсил ўрганишга қаратилади. Масалан, бу йилги дастлабки сонда журнал “Секуляризмни қандай тушунамиз”, деган мавзуда мунозара ўтказган, мунозара доирасида 7 та мақола ёритилган. Сиртқи муҳокамада ўзбекистонлик тадқиқотчилардан ташқари тожик, қирғиз, қозоқ олимлари ҳам қатнашган.


Биз шундай жамиятда яшаяпмизки, секуляризм сўзи баъзиларни ҳушёр торттирган бўлиши мумкин. Ишонч билан айта оламанки, журналнинг бу мавзуни бу қадар чуқур ўрганиши секуляризм тарғиботи билан шуғулланаётганини англатмайди. Асло англатмайди. Бунга журнал қўлингизга тегиб қолса, ўқиб ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.


Шу ўринда журналда чоп этилган яна бир мақоланинг (“Ватан”, 2025 йил, 4-сон) кириш қисмини келтиргим келди:


“Бағдоднинг эски шаҳар қисмидаги Расофа туманида “Жомиъ ал-ўзбек” деб номланган, Туркистон меъморчилиги услубида барпо этилган Ўзбек масжиди жойлашган. Иншоот дарвозасининг чап томонида катта ҳарфлар билан араб тилида “Ўзбек жомеъини Бухородаги ўзбек амири Абдулазизхон ҳижрий 1093 йил, милодий 1682 йили қурган”, деб ёзиб қўйилган. Шу даврдан бошлаб ёнида такка, мадраса тикланиб, қудуқ қазилиб, йирик мажмуага айлантирилган ушбу масжид 250 йил давомида туркистонликларнинг Ўрта Шарқдаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий марказларидан бири бўлиб келди”.


Билармидингиз бу ҳақда? Шахсан мен билмасдим. “Ватан”ни ўқиб билдим.


Билганингиздан билмаганингиз кўплигини билгингиз келса, “Ватан”ни ўқинг!


***


Агар Сизда "Ватан"ни ўқиш истаги пайдо бўлган бўлса, vatan2024@inbox.ru адресига хат ёзишингиз ёки +998712562536 ёки +998712565278 рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.


***


Ҳа, айтганча, “сарт” атамасига боғлиқ яна бир-икки маълумот. “Изоҳли луғат”нинг 2007 йилги нашрида “сарт” сўзига бундай изоҳ берилган:


“Қадимда Ўрта Осиёдаги шаҳар ва қишлоқларда яшаб, деҳқончилик, савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган туркий халқлар (жумладан ўзбеклар)”.


Бўлса бордир. Лекин мен ишонмадим бу изоҳга. Менингча, 1987 да чиққан луғатдаги изоҳ (мақола бошига қаранг) илмийроқ эди.


Ўзбек Миллий энциклопедияси эса, “сарт” сўзини умуман эътиборсиз қолдирган. Бу луғатда “сарт” сўзи йўқ. Лекин “Сартр” сўзи бор.”


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс
Ўзгача ракурс