Асрга тенгдош нашрлар
Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида отахон нашр “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 100 йиллиги ҳамда “Вести Каракалпакстана” газетасининг 105 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.
Кенг жамоатчилик иштирок этган маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Рустам Сапарбоев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ва бошқалар сўзга чиқиб, республикада ўз ўрнига эга ҳар иккала газетанинг юртимизда кечаётган ислоҳотларни мунтазам равишда кенг жамоатчиликка етказишдаги масъулиятли фаолиятини юксак баҳолади.
Ўтган давр мобайнида газетанинг номи бир неча маротаба ўзгарди. Яъни 1924-30 йиллар “Еркин қарақалпақ”, 1930-31 йилларда “Меҳнаткаш қорақалпоқ”, “Қызыл Қарақалпақстан”, “ Совет Қарақалпақстаны” сингари номлар билан фаолият юритмасин, аммо моҳияти ўзгармади. Мазкур нашр меҳнаткаш, фидойи, жасоратли қорақалпоқ халқининг кечаги, бугунги бунёдкорликларини, келажакка ишончли қадамларини ўз саҳифаларида ёрқин, тезкор ёритишда давом этмоқда.
– “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 100 йиллиги катта тантана билан нишонланаётгани, биз ижод аҳлини жуда хурсанд қилди. Мазкур юбилей нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистон матбуотининг ҳам катта шодиёнаси эканлигини таъкидлашни истардим. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳукуматнинг журналистларга, жумладан “Еркин Қарақалпақстан” газетаси жамоасига эътибори таҳсинга лойиқ. Шунингдек, таҳририят ходимларининг меҳнати муносиб қадрлангани, мукофотлангани юртимиздаги оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаёт ган юксак эътироф белгисидир,-дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов.
Тадбирда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан бир гуруҳ соҳа фидойилари фахрий унвон ва кўкрак нишонлар билан тақдирланди.
Фотима АБДУРАИМОВА
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0