Шавкат Мирзиёев давлат харидларида «энг арзон нарх» тамойилини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Давлат харидларида маҳсулот танлашда фақат унинг нархига эмас, балки хизмат муддати давомидаги умумий харажатларига ҳам эътибор қаратилади. Бунинг учун «life cost» ёндашуви жорий этилади.

15:36 | 09.11.2026
•
12
Шавкат Мирзиёев давлат харидларида «энг арзон нарх» тамойилини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди
Катталаштириш

Маълум қилинишича, мамлакатимизда давлат харидлари доирасида ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинади.

Илгари тадбиркорлар давлат корхоналарининг буюртмаларини кузатиш учун тўрт-бешта алоҳида электрон платформага мурожаат қилишга мажбур бўлган. Эндиликда эса барча давлат буюртмалари ягона платформада акс эттириладиган тизим жорий қилинди.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан давлат харидлари бўйича уч йиллик режаларни олдиндан эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу тадбиркорларга келгуси талабни олдиндан баҳолаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги ускуналар харид қилиш ва инвесторларни жалб этиш имконини беради.

Давлат харидларида энг арзон маҳсулотни танлаш амалиёти ҳам қайта кўриб чиқилади. Чунки дастлабки харид нархи арзон бўлган импорт маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида электр энергияси, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари анча юқори бўлиши мумкин.

Бунга мисол тариқасида назорат хариди доирасида ўрганилган иккита 40 киловаттли трансформатор келтирилди. Унда импорт трансформатор маҳаллий маҳсулотдан 400 минг сўм арзон бўлган. Бироқ унинг электр энергияси сарфи 10 фоизга, фойдаланиш давридаги таъмирлаш харажатлари эса тўрт баробарга юқори экани аниқланган.

Шу боис давлат харидларида маҳсулотнинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларини баҳолаш тизими — «life cost» ёндашуви жорий этилади. Бунда маҳсулотнинг харид нархи билан бирга электр энергияси сарфи, таъмирлаш, сервис ва бошқа эксплуатация харажатлари ҳам ҳисобга олинади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади