Экспорт ҳисоботлари чиройли, ҳақиқат-чи?

09:38 | 18.10.2026
•
16
Экспорт ҳисоботлари чиройли, ҳақиқат-чи?
Катталаштириш

Жорий йилнинг май ойида телеграмдаги “Soyalar” номли каналда мева-сабзавот экспорти мавзусида номаълум муаллифнинг эътирозли мулоҳазалари эълон қилинди. Унда Андижон вилояти Шаҳрихон туманида янги боғларни барпо этиш тугул, эскилари ҳам қолмаганлиги, бироқ масъуллар “тонна-тонна меваларни экспорт қилдик” мазмунида ҳисобот бериб, аслида маҳаллий ҳокимлик билан келишиб, пул эвазига статистик рақамларни шишириб ётишганлиги таъкидланади.
Сохта рақамлар ҳақидаги иддаолар бундан аввал ҳам маълум даврдаги экспорт кўрсаткичлари импорт қилувчи мамлакат эълон қилган маълумотлар билан қиёсланган ҳолда ўрганилган. Жумладан, Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 8 ойида Ўзбекистондан Қирғизистонга 20 миллион долларлик атиргул экспорт қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров суриштирувида эса Қирғизистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларида сўз бораётган даврда Ўзбекистондан жами 815 минг долларлик дарахт ва бошқа ўсимликлар, илдизлар, декоратив ўсимликлар импорт қилинганлиги аниқланган. Яъни ўртада фарқ жудаям катта рақамларда акс этиши сохта экспорт операцияларига ишора қилади.

Хўш, ёлғон маълумотлар билан қоғоз бежашдан кимга нима фойда? Биз мавзуни ўрганиш чоғида экспорт мавзусига алоқадор масъуллар, бир қатор фермерлар билан суҳбатлашдик. Мулоқотлардан умумий хулоса шуки, экспорт маълумотларини шишириб манфаатдорлар икки гуруҳга бўлинади.

Биринчиси: маҳаллий ҳокимликлар масъуллари. Улар ҳар бир туман кесимида экспорт режаларини бажариш билан боғлиқ ўзларига юклатилган юмушларни бажариш чоғида амалда уддалай олмаган вазифаларини қоғозларда ёпиш, яъни статистикани шишириб кўрсатиш пайидан бўладилар. Бунинг учун, юқорида иддао қилинганидек, экспорт қилишга арзигулик маҳсулот етиштиролмаган ёки бунга чиндан-да имкони йўқ бўлган фермерлар ва ер эгаларидан пул йиғишлари эҳтимоли юқори.
Иккинчиси: экспортчи корхоналар. Бу тоифа аслида хориж мамлакатларга маҳаллий маҳсулотларни юбориш билан шуғулланади. Бироқ айни жараёнда амалдаги ишни қоғозда ошириб бажариш ҳолатлари кўзга ташланади.

Чунки чет давлатларга маҳсулот сотганлик учун экспортчиларга қонун имтиёз беради. Жумладан, экспортчиларга давлат қўшимча қиймат солиғини қайтаради.
Суриштирув доирасида Бўстон тумани ҳокимининг икки ўринбосарига айнан экспорт масаласидаги сохтакорликлари ортидан жиноят иши очилганлиги эътиборимизга тушди ва суд жараёнларини сиртдан кузатдик. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани судининг 2026 йил 25 февраль кунги ҳукмига кўра, Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари У.С. 6 йил муддатга, шу туман ҳокимининг яна бир ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Ш.Д. эса 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Нима учун бундай бўлди?
Аниқланишича, ҳоким ўринбосари У.С. Бўстон туманидаги боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари экспорт режаси бажарилишига масъул бўлган. У мазкур вазиятдан фойдаланиб, фермер хўжаликларига ноқонуний топшириқлар бериб, улар бажармаган тақдирда ер майдонларини олиб қўйиши мумкинлигини айтиб, гўёки уларнинг номидан экспорт режасини бажариш эвазига ҳар гектар ер майдони учун 1 милион сўмдан пул талаб қилган.

Хусусан, 2025 йил 3 сентябрь куни фермер Б.А.дан 5 гектар ер майдони учун 5 миллион сўм талаб қилиб, мазкур сумманинг 4 миллион сўмини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган.

Яна бир эпизодда эса у туман ҳокими ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Ш.Д. билан тил бириктириб, “Alfa fayz” кўп тармоқли фермер хўжалигига қарашли 105 гектар ер майдонининг 65 гектари мева-сабзавотчиликка ихтисослашгани учун мулкдордан унинг номидан экспорт режасини ёпиш мақсадида 65 миллион сўм талаб қилиб, сўралган маблағнинг 40 миллион сўмини пора тариқасида олаётган чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга тушишган.

Мазкур иш доирасида маҳкамада гувоҳлик берган фермер Б.А.нинг кўрсатмалари экспорт режаларини реал ҳолат билан ҳисоблашмаган тарзда шакллантирилишига ишора беради. Хусусан, Б.А.нинг сабзавотчиликка ихтисослашган 5 гектар ери бор. Унга ҳам экспорт режаси қўйилган. Айтишича, у экспортга дохил расмиятчиликларни тушунмайди. Шу боис ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички бозорга чиқаришни маъқул кўради. Аввалги йилда ҳам экспорт режаси учун маҳсулот топширган, етмай қолган қисмини эса пул билан ёпган.
Бундан кўринадики, ташқи бозорга маҳсулот чиқариш режасини тузишда фермерлар деҳқончилик қилаётган ернинг қай даражада унумдорлиги, кутилаётган ўртача ҳосилдорлик миқдори кўп ҳолларда ҳисобга олинмайди. Миришкорлар “Деҳқончилик – таваккалчилик”, деган гапни кўп ишлатишади.

Фермерга боғлиқ бўлмаган табиий ҳолатлар, ҳосилни совуқ уриб кетиши ёки бошқа омиллар таъсирида нобудгарчилик бўлган тақдирда ҳам, экспорт режасини бажариш талаб қилинади. Йўқса, худи юқоридаги каби ҳосил ўрнига пул берилиб, қоғоз қорайтиришга мажбур қилинади.

Бу воқеликлар қандай хулоса беради?

Юқори доирадаги ташкилотлар томонидан режа қўйилишидан аввал сабзавотчиликка ихтисослашган ерларнинг балл-бонитети, ўртача ҳосилдорлиги, мевазор боғларнинг ҳосил бериш имкониятлари тўғри баҳоланиши керак. Ана шу жиҳатга қараб экспорт режаси қўйилса, статистик алдов ҳолатлари камаяди ва экспортга доир рақамларнинг ишончлилиги ортади.

Иккинчидан, фермерлар кесимида тузилган режаларда ҳам йилнинг тўрт чораги билан боғлиқ имкониятлар ҳисобга олиниши зарур. Мисол учун, “А” фермернинг 10 гектар боғи бор. Унинг 5 гектарида гилос, 5 гектарида анор парвариш қилади. Дейлик, у 20 миллион сўмлик маҳсулот экспорт қилиши керак. Ҳокилик фермердан гилос пишиб тугайдиган мавсум, яъни йилнинг 1-ярмидан сўнг юқоридаги режанинг барчасини талаб қилмаслиги керак. Чунки анор кузда пишади ва табиийки, экспортнинг қолган қисмини йилнинг 4-чорагида бажариш мантиққа тўғри келади.

Мавзуга доир қизиқ кузатув. Андижон шаҳридан Андижон туманининг Бўтақора қишлоғига кираверишда – катта йўлнинг икки четида ёз-куз ойларида ўндан ортиқ нуқталарда аёллар ёғоч қутиларга терилган сархил меваларни сотиб ўтиришади. Сотувчилар савдо қиладиган бу жойда – йўлнинг икки тарафида икки километрлик масофада бир-бирига туташган боғлар бор. Одамларда “мевали боғлар олдида сотилаётган маҳсулотлар янги узилган ва боғбонлар бозорга нисбатан уларни арзонроқ сотади” деган тушунча бор. Шундан бўлса керак, ўтган-кетган йўловчилар юқорида тилга олинган манзилдан меваларни мунтазам харид қилишади.

Биз ҳам ёз давомида шу ердан ўтаётиб, бир неча бор мевалар сотиб олдик. Сотувчилар билан суҳбатдан аён бўлдики, атрофдаги боғларнинг ҳосилдорлиги паст, мевалар сифати талабга жавоб бермайди. Сотувчиларнинг барчаси боғбон-деҳқон эмас, шунчаки савдогарлар бўлиб, сотувдаги маҳсулотлар эса қўшни туманлардан, баъзан қўшни вилоятлардан келтирилар экан. Экспорт билан боғлиқ кўзбўямачиликлар маҳаллий бозорга ҳам кўчгандай гўё.

Нурилло Нўъмонов,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади