Педагог ходим тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкинми?

Савол:Ассалому алайкум. Мен алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Шу билан бирга, уй шароитида ширинликлар тайёрлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиш учун ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтганман.

10:36 | 09.11.2026
•
17
Педагог ходим тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкинми?
Катталаштириш

Бироқ бошқармамиз томонидан ўқитувчилардан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслик ҳақида кафолат хатлари олинди. Мактаб директори эса менга шахсан: «Ё тадбиркорлик билан шуғулланинг, ёки ўқитувчилик қилинг. Иккаласидан бирини танланг», дея огоҳлантириш берди.

Ушбу талаб қонунийми? Педагог ходимнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқланганми?

Саволга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
-Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра, мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.

Конституциянинг 67-моддасида ҳам давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши белгиланган. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ва ўз фаолият йўналишларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобланади.

Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳамда қонунчиликда тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқланган шахслар бундан мустасно.

Шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунда педагог ходимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини умумий тарзда тақиқловчи норма мавжуд эмас.

Эътибор беринг! «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган. Бироқ педагог ходимлар ўз-ўзидан давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланмайди. Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги ПФ–95-сонли Фармонида белгиланган қоидаларни ҳам инобатга олиш лозим.

Хулоса: амалдаги қонунчиликда педагог ходимнинг фақат ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиши шартлиги ёки унинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши умумий тарзда тақиқлангани белгиланмаган. Шу сабабли педагогдан фақат тадбиркорлик билан шуғуллангани учун кафолат хати талаб қилиш ва уни икки фаолиятдан бирини танлашга мажбурлаш учун қонуний асос бўлиши керак.

Педагог ўз касбий вазифаларини лозим даражада бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши ва тадбиркорлик фаолиятини қонунчилик талаблари асосида юритиши шарт.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади