Битирувчилар “Каръера куни”да иш билан таъминланди
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида 2024-2025 ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотини таъминлаш мақсадида “Ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги бунёдкори” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди ва ўз нутқида ёшлар – келажагимиз пойдевори экани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади эканини қайд этди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида хассос соҳа – муқаддас ислом динини илмий нуқтаи назардан, фундаментал тадқиқ этиш, улуғ алломалар маънавий меросини қайта кашф этиш орқали дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли мутахассис-кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам кўплаб янгиликлар амалга оширилганини эътироф этди.
Академияда талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Каръера куни” учрашувнинг ўтказилиши анъанага айланган.
Тадбирда Академиянинг Мумтоз шарқ филологияси, Исломшунослик ва Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультетларининг бакалавр йўналиши битирувчи талабалари иштирок этди.
Мазкур мулоқотда 2025-йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2024-2025-ўқув йилида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясини 309 нафар талаба бакалавриат ва 95 нафар магистратура босқичини тамомламоқда.
Ҳамкор ташкилотлар кўлами эса йил сайин кўпайиб бормоқда. Ҳозирги кунга келиб, Академия ва ташкилотлар ўртасида 100 дан ортиқ ҳамкорлик бўйича меморандум ва шартномалар имзоланган.
Тадбир давомида иш берувчилар битирувчилар билан суҳбат жараёни ўтказди. Мазкур жараёнда 70 га яқин давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иш берувчи ташкилот вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0