Бугун Озарбайжонда «Ўт чоршанбаси» байрами нишонланмоқда. У қандай байрам?
“Менинг қайғуларим ва бахтсизликларим оловда ёнсин!”
Қишнинг қорли кунлари сусайиб, одамлар баҳорнинг илиқ нафасини ҳис қила бошлади. Айни пайтда Озарбайжоннинг барча бурчакларида гулханлар ёнмоқда, уларнинг алангаси осмонга кўтарилиб, қишки совуқни ёқиб юбораётгандек гўё.
Бу “Ўт чоршанбаси” маросими бўлиб, у ёмон кўз, оғир касалликлар ва оловни ортда қолдирадиган кун – янги бошланишлар, ички покланиш, умиднинг тикланиши рамзидир. Озарбайжон халқи уни асрлар давомида нишонлаб келади.
Озарбайжон Миллий фанлар академияси Фольклор институти етакчи илмий ходими, филология фанлари номзоди, доцент Элчин Ғолиб ўғли “АзерТаж” мухбири билан суҳбатда ушбу байрамнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди.
Суҳбатдошга кўра, қадимий эътиқодларга асосланган бу кун оловнинг муқаддаслиги, унинг поклаш ва ҳимоя қилиш қудратини ифодалайди. Қадимги озарбайжон анъаналарига кўра, одамлар ёнғин тозаловчи кучга эга эканлигига ва олов ёқиш орқали барча муаммолар ёниб кетишига ишонган. Шунинг учун ҳам шу куни одамлар ўз ҳовлиларида гулханлар ёқишади, бир-бирига яхши тилаклар билдиришади. Дарвоқе, ким оловдан сакраб тушса, омадсизликдан қутулиб, янги йилга пок қалб билан кириб келади, деган ақида ҳам бор.
Олов куни – қадимги эътиқодлардан ҳозирги кунгача
Фольклоршуноснинг фикрича, оловга эътиқод минг йиллик тарихга бориб тақалади ва туркий халқлар дунёқарашида муҳим ўрин тутади. Олов Қуёшнинг ер юзидаги рамзи ҳисобланган. Бу ғоялар антик даврнинг анимистик ва теократик эътиқодлари билан чамбарчас боғлиқ. Халқ орасида “Ўт чоршанбаси” байрами билан боғлиқ турли эътиқод ва маросимлар кенг тарқалган. Қадим замонларда одамлар олов атрофида тўпланиб, қўшиқлар куйлашган, шеърлар ўқиб, оловни мадҳ этишган. Олов муқаддас ҳисобланган, шунинг учун унга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлинган. Азалдан одамларда олов устидан сакраб ўтиш орқали ўтаётган йил қийинчиликларидан ва бахтсизликлардан халос бўлиш мумкин, деган ишонч бўлган.
Бугунги кунда ҳам шу анъана давом этмоқда: “Ўт чоршанбаси”да одамлар гулхан ёқадилар ва қадимги одат бўйича: "Менинг қайғуларим ва бахтсизликларим оловда ёнсин!" дейдилар.
Ҳудудларда “Ўт чоршанбаси” анъаналари
Озарбайжоннинг турли ҳудудларида, Боку ва унинг атрофидаги кўча ва майдонларда гулханлар ёқилади, одамлар гулхан атрофида тўпланади, қўшиқ куйлайди, рақсга тушади, завқланади. Шехи, Гах ва Зақатала шаҳарларида оилалар тўғридан-тўғри ҳовлиларида катта гулхан ёқади, қўни-қўшнилар биргаликда байрам қилишади. Бу ҳудудларда олов атрофида айланганда “Мўл-кўлчилик бўлсин!” деб тилак билдириш одат тусига кирган.
Ўтмишда Қорабоғда, хусусан, Агдам, Фузулий ва Шушада гулханлар атрофида анъанавий ялла ва рақслар ижро этилган. Куй-қўшиқлар, шеърлар билан байрамлар ўтказилар эди. Ганжада, “Ўт чоршанбаси”да қовурилган ёнғоқ, ширинликлар тайёрланади. Шунингдек, қадимий "Қапи пусмақ" (фолбинни кутиш учун эшикни тинглаш) маросимини ўтказадилар.
Нахчивонда ҳар бир уйда ёмон кўздан асраш учун ишлатиладиган ўсимлик ёқиб юборилади ва тонг саҳарда оловдан олинган кул оқар сувга оқизилади. Рамзий маънода ҳамма ёмон нарсадан халос бўлади.
Озарбайжоннинг жанубида “Ўт чоршанбаси”олов ва сувнинг бирлиги деб ҳисобланади. Бу ерда олов ёқишдан ташқари, булоққа бориб, сув яқинида тилаклар билдириш одатий ҳолдир.
“Ўт чоршанбаси”даги дастурхон фаровонлик рамзи
Наврўз олдидан бошқа чоршанбаларда бўлгани каби, “Ўт чоршанбаси”да ҳам тўкин дастурхон атрофида ўтириш, келгуси йилнинг рамзи бўлиб, бойлик ва фаровонликка тўла ҳисобланади.
Омма эътиқодига кўра, столда шам ёниб туриши ва у бутунлай ёниб кетиши керак. Бу оилага ёруғлик, илиқлик ва фаровонлик келтиради. Баъзи урф-одатларга кўра, бу кунда униб чиққан буғдой (самани) сувга солинади ва бу омад ҳамда тўкинлик келтиради, деб ишонилади.
“Ўт чоршанбаси” байрам дастурхони куч, энергия ва илиқликни англатувчи оловранг таомлар ва маҳсулотлар билан безатилади. Қизил олма, анор, ичимликлар ва бу каби ранглардан бўлган бошқа маҳсулотлар шулар жумласидандир. Анъанага кўра, фундук, бодом, ёнғоқ ва нўхат мўл-кўллик ва унумдорликни англатади. Дастурхонда шекербура, пахлава ва гўғал номли алоҳида ўрин тутувчи таомлар бўлади. Уларсиз Наврўз байрамини тасаввур этиб бўлмайди.
“Ўт чоршанбаси” шунчаки олов алангаси эмас, балки қалбларнинг илиқлиги, бирлик, меҳр-оқибат ва саховат тимсоли. Зеро, дастурхон қанча тўкин бўлса, уйга шунчалик бахт, шодлик ва омад олиб келади.
Гулой Назарова
“АЗЭРТАЖ” мухбири
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0