Кулги учун қурбон қилинаётган ота образи
Ота ўз мақомини йўқотмаган. Бироқ телевизор, сериал, реклама, Instagram, YouTube ва TikTokда аксини кўряпмиз. Уларда эркак, айниқса, ота лақма, қўлидан ҳеч иш келмайдиган, хотинидан чўчийдиган, фарзандлари ҳурмат қилмайдиган, доим масхарабоз образида гавдалантириляпти. Унинг вазифаси — кулдириш. Аёл эса, ақлли, ҳушёр, барча муаммони ҳал қилувчи қаҳрамон. Бола ҳаммадан билимдон. Масалан, ҳамма севиб томоша қилаётган вайнер — Бобур Мансуровнинг аксар саҳна кўринишларида эркаклар энг лапашанг «мавжудот»га айланган. У ҳеч нарсани эплолмайди — аёл тўғрилайди. Фарзанд уни менсимайди. Томошабин эса маза қилиб кулади. Тўғри, булар ҳазилдек туюлиши мумкин. Аммо...
Бундан беш-олти йил аввал «Экрандаги латта эркак — отами?» сарлавҳали мақола ёзгандим. Унда кейинги пайтларда яратилаётган сюжетларда, хусусан, бадиий фильм, спектакль, рекламаларда шаъни, ғурури, номуси ер билан битта бўлаётган, на аёли, на фарзандлари олдида заррачалик қадри, ҳурмати қолмаётган оталар ва эркаклар ҳақида сўз борган эди. Бугун телевизор кўриб, интернетни кузатиб англадимки, шу вақт ичида ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча, оталарни лапашанг образда тасвирлаш урф бўлди. Айниқса, даврнинг модасига айланган вайнларда бу ҳолат асосий сюжет сифатида акс этмоқда. Қадриятларимизга, оилавий муносабатларга рахна солаётган ушбу мавзу мени чуқур ўйлантириб қўйди ва яна қалам олишга ундади.
Аслида кўпчилик бу мавзуни жуда жўн ва майда ҳисоблайди. Аммо «арзимас» масала ортида миллат шаъни, ғурури бор. Бир аср аввал улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий «Театр – ибратхонадир» деганида нақадар ҳақ эди.
Тан олиш керак, орамизда масъулиятсиз, уйни — зиндон, кўчани — хандон деб биладиган эркаклар, хотинининг топганини еб ётадиган такасалтанглар ҳам бор. Лекин гап улар ҳақида эмас. Зеро, оиласи учун қалқон бўладиган, фарзандлари учун елиб-югурадиган эркаклар кўпчиликни ташкил этади. Шундай экан, бошдан дўппини олиб, бир мулоҳаза юритайлик.
Аслида жамиятда отанинг ўрни қандай бўлиши керагу, ҳозир қанақа? Нега омма эътиборига бўшанг, хотини ва боласига гапи ўтмайдиган оталар образи яратилган фильмлар ҳавола қилиняпти? Унинг аянчли оқибати қандай бўлади?
Ҳа, авваллари ўзбек хонадонларида отанинг ўрни алоҳида эди. У фақат рўзғор тебратувчи эмас, балки оиланинг маънавий устуни, тарбия мезони, хонадон салобати ҳисобланган. «Отанг келсин-чи», деган гапнинг ўзи бола учун тарбия, она учун суянч, оила учун тартиб эди. Бу қўрқув эмас, ҳурмат эди. Отага бўлган муносабат орқали бола чегарани, масъулиятни ўрганарди.
Хўш, бугун-чи? Аслида ҳозир ҳам шундай. Ота ўз мақомини йўқотмаган. Бироқ телевизор, сериал, реклама, Instagram, YouTube ва TikTokда аксини кўряпмиз. Уларда эркак, айниқса, ота лақма, қўлидан ҳеч иш келмайдиган, хотинидан чўчийдиган, фарзандлари ҳурмат қилмайдиган, доим масхарабоз образида гавдалантириляпти. Унинг вазифаси — кулдириш. Аёл эса, ақлли, ҳушёр, барча муаммони ҳал қилувчи қаҳрамон. Бола ҳаммадан билимдон.
Масалан, ҳамма севиб томоша қилаётган вайнер — Бобур Мансуровнинг аксар саҳна кўринишларида эркаклар энг лапашанг «мавжудот»га айланган. У ҳеч нарсани эплолмайди — аёл тўғрилайди. Фарзанд уни менсимайди. Томошабин эса маза қилиб кулади. Тўғри, булар ҳазилдек туюлиши мумкин. Аммо ҳадеб бир хил ҳолат қайта-қайта такрорланаверса, у онгга сингиб боради. Бора-бора меъёр сифатида қабул қилина бошлайди. Масаланинг хавфли томони ана шунда.
Сўнгги йигирма йил ичида нафақат бизда, балки бутун дунё медиасида эркак образини қадрсизлантириш тенденцияси кучайди. Ғарб таҳлилчилари буни ҳатто «Эркаклик инқирози» деб аташмоқда. Уларнинг фикрича, эркаклар маданиятда ё ёвуз қаҳрамон, ё аҳмоқ, ё масъулиятсиз кимса сифатида тасвирланмоқда.
Яқинда телеграм каналларнинг бирида америкалик тадбиркор ва радиобошловчи Дейв Рэмснинг қуйидаги фикрларига кўзим тушиб қолди: «Жамият эркакка йиллар давомида «Сен кераксиз, сен аҳмоқ, сенинг қадринг йўқ», деган сигнални берса, у вақти келиб, ҳақиқатан ҳам, ўзини кераксиз ҳис қила бошлайди».
Ҳақ ва аччиқ гап. Чиндан ҳам, айрим ўлкаларда меҳнат бозоридан четлашган, жисмонан соғлом, аммо ҳаётда фаол иштирок этмаётган миллионлаб эркаклар пайдо бўлгани ҳақида жиддий баҳслар кетмоқда. Улар ишсиз, мақсадсиз, оиладан узилган, ўзини жамият учун аҳамиятсиз деб билишади.
Албатта, биз Ғарб эмасмиз, аммо глобал ахборот маконида яшаяпмиз. Қолаверса, биздаги ҳолат ҳам ҳавас қиларли даражада эмас! Кўпчилик «Битта реклама ё сериал нима бўларди?» деб ўйлашади. Аммо уларнинг салбий оқибатлари кўп. Чунки бола ҳар куни экранда отасини масхара қилиш мумкинлигини кўрса, вақти келиб, буни табиий ҳол, деб билади. Бора-бора падарига гап қайтариш, уни менсимаслик, қарорини кулги қилиш одатий ҳолга айланади. Биз бунинг «меваси»ни аллақачон татиб улгурдик. Ижтимоий тармоқларда отаси ёки онасини видеога олиб, мазах қилаётган фарзандлар кўпайди. Лайк йиғиш учун онасининг юзига торт билан урган «ўғил» эсингизда бўлса керак…
Хуллас, оталар контент марказига айланди. Кимдирнинг соддалигидан куляпти, кимдир саводсизлигини, кимдир замондан ортда қолганини писанда қиляпти. Энг ачинарлиси, бундай видеолар миллионлаб кўрилмоқда. Демак, жамиятда шунга эҳтиёж шаклланмоқда.
Бугун баъзилар ота ролини фақат пул топиш билан ўлчайди. Гўё эркакнинг вазифаси — фақат рўзғор тебратиш. Аслида эса ота оиланинг психологик таянчи ҳамдир. Хусусан, психологлар қиз боланинг ўзига ишончи, муносабатлардаги танлови, ҳаётга қараши кўп жиҳатдан отаси билан муносабатига боғлиқлигини таъкидлашади. Қизини меҳр билан улғайтирган, уни эшитган, қўллаб-қувватлаган ота фарзандида ички ҳимоя ҳиссини шакллантиради. Бундай қизлар ўз қадрини яхши билишади, тасодифий муносабатларга берилишмайди, ўзларини ҳимоя қила олишади.
Ўғил бола учун эса ота биринчи намуна бўлиши керак. У эркакликни Instagramдан эмас, отасидан ўрганиши зарур. Масъулиятни, сўзда туришни, аёлга муносабатни, меҳнатни, сабрни отасининг хатти-ҳаракатида кўрмоғи жоиз. Борди-ю, унинг онгида ота доим масхара қилинадиган, ҳеч ким ҳисоблашмайдиган образ бўлиб қолса, эртага у ҳам ўз оиласига жиддий қарамаслиги турган гап. Қуш уясида кўрганини қилади, деб бежиз айтишмаган.
Тўғри, ҳамма айбни кино ёки блогерларга ағдариш адолатдан эмас. Чунки бугун зиммасидаги масъулиятни унутган эркаклар ҳам кўпайиб бормоқда. Оила юкини аёли елкасига ташлаб қўйган, фарзандлар тарбиясига аралашмайдиган, кун бўйи чойхонада бўладиган ёки телефондан бўшамайдиган ношудлар ҳам кам эмас. Бироқ бу ҳадеб ёмонликни тарғиб қилавериш керак, дегани эмас.
Аслида тарози посангисини тўғри қўйиш муҳим. Аммо муаммо шундаки, медиа бу нуқсонни бартараф этиш ўрнига, уни тобора оммавийлаштирмоқда. Гўёки масъулиятли, кучли, ақлли ота образини гавдалантириш мумкин эмасдек...
Ёки аудиторияга лақма, хотинидан қўрқадиган эркаклар керакмикан?.. Шу йўл билан рейтингни ошириш тўғримикан?..
Кино шунчаки вақт ўтказиш воситаси эмас, у тарбия омили. «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатуви, «Тошкент — нон шаҳри», «Сен етим эмассан» каби фильмлардаги ота образларида салобат, масъулият ва ички босиқлик бор эди. Бугун эса кўп фильмларда конфликт яратишнинг энг осон йўли — эркакни шунчаки аҳмоқ қилиб кўрсатишдан иборат бўлиб қолди. Айрим картиналарда аёлнинг мақомини ошириш учун эркакларни таҳқирлаш шартдек.
Ваҳоланки, кучли аёл образини кучсиз эркак орқали эмас, унинг шахсияти орқали ҳам кўрсатиш мумкин. Чунки оила кимдир ютиб, бошқаси ютқазадиган майдон эмас. Яна бир гап. «Оммавий маданият» деганда кўпчилигимиз очиқ-сочиқлик ёки чет эл таъсирини тушуняпмиз. Аслида қадриятларни кулгига айлантириш ҳам «Оммавий маданият»нинг бир кўриниши. Отани менсимаслик, оилани енгил қабул қилиш маънавий емирилишдан далолатдир. Бу ерда гап эркакни мутлақ ҳукмдор қилиш ҳақида кетаётгани йўқ. Гап мувозанат ҳақида бормоқда. Чунки ота Қадри йўқолган оилада тарбия издан чиқади. Тарбия издан чиққан жамиятда эса қонун-қоидалар ишламайди.
Хўш, бизга қандай қаҳрамонлар керак? Бизга сохта қаҳрамонлар эмас, ҳаётий, аммо масъулиятли оталар образи керак. Камчилиги бўлса ҳам, фарзанди учун жон куйдирадиган, хатосини тан оладиган, меҳнат қиладиган, оиласи учун елиб-югурадиган эркаклар керак. Ўғил болаларга ҳақиқий эркакликни интернет беролмайди.
Энг катта хавф шундаки, жамият бу ҳолатга секин-аста кўникиб боряпти. Оиладаги муносабатларга шунчаки юмор сифатида қараяпмиз. Аммо бу яхшилик билан тугамайди. Масъулиятсиз оталар, отасиз катта бўлаётган болалар, оила қуришдан қочаётган ёшлар, руҳий бўшлиқ, агрессия — буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлардаги бемаза картиналарнинг «меваси» аслида.
Ота – шунчаки оила аъзоси эмас. У бола учун қонун, ҳимоя, намуна. Шундай экан, медиа, кино, реклама ва блогерлик соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир инсон бир ҳақиқатни унутмаслиги керак: кулги учун қурбон қилинаётган образ шунчаки персонаж эмас, у миллатнинг эртасига таъсир қиладиган тимсол. Санъат инсонни майдалаш учун эмас, юксалтириш учун хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда, бугун кулаётган ҳолатимиз эртага жамиятнинг энг катта фожиасига айланиши ҳеч гап эмас...
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, гап фақат кинодаги «ёмон ота»лар образи ҳақида эмас, балки жамиятнинг эркак ва отага бўлган муносабати аста-секин ўзгариб бораётганида, янада ачинарлиси, бу ҳолат санъат орқали меъёрлаштирилаётганида.
Муаммо фақат экранда эмас, бозорда ҳам. Чунки бугун кино санъат эмас, тез пул топиш воситасига айланмоқда. Томошабин енгил кулги истаяпти, ижодкорлар эса шу талаб ортидан кетяпти. Оқибатда фикрлашга мажбур қиладиган, инсонни юксакликка чорлайдиган асарлар четга сурилиб, уларнинг ўрнини олди-қочди сюжетли картиналар эгаллаяпти.
Айрим фильмларда дангасалик, масъулиятсизлик, оилавий беҳурматлик оддий ҳол сифатида кўрсатилмоқда. Томошабинлар эса уларни қабул қиляпти. Яна бир иллат шундаки, бугунги ижодкорларнинг аксарияти ҳаётдан, китобдан, мушоҳададан узилиб қолган. Шунинг учун сюжетлар бир хил. Санъатнинг вазифаси фақат муаммони кўрсатишдан эмас, инсонни фикрлашга ундашдан ҳам иборатдир.
Албатта, биз отани яккаш идеал қилиб тасвирлаш керак, деган фикрдан йироқмиз. Фақат ҳар қандай вазиятда ҳам мувозанатни сақлаш лозимлигини эслатмоқчимиз. Агар экранда нуқул ожиз, масхарабоз ёки масъулиятсиз эркаклар нишонга олинаверса, бу бутун бир авлоднинг ота ҳақидаги тасаввури ўзгаришига олиб келади.
Санъат эса эрмак эмас, миллат қиёфасини шакллантирадиган кучдир. Шундай экан, «арзимас масала» хусусида яна бир бор жиддий ўйлаб кўриш фойдадан холи бўлмайди.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0