«ҲОЗИР ОЛ — КЕЙИН ТЎЛА» насия савдо ва микроқарзлар ортидаги хавотирлар
Бир танишим кутилмаганда омонатини топширди. Ваҳоланки, тўрт мучаси соғлом, спорт билан мунтазам шуғулланарди. Оилада ёлғиз ўғил. Отаси қазо қилгач, онаси, аёли ва болаларининг ягона боқувчиси бўлиб қолганди. Топиш-тутиши ҳам эл қатори эди. Маъракалар ўтар-ўтмас, уйига банкдан келишибди. Маълум бўлишича, микроқарзи бор, бу ҳам етмагандек, муддатли тўловга бир нечта маиший техника харид қилган экан. Онаси ва аёли ишсиз. Ундан қолган қарзларни қандай узишни билмай, жони ҳалак…
Бир ўйлаб кўринг. Атрофингиздаги қайси яқинингиз ёки танишингиз насия савдога бирон-бир маиший техника харид қилмаган ёки микроқарз олмаган? Борми шунақаси? Менимча, йўқ! Айниқса,ёш оилалар ойлик даромадининг катта қисмини қарз тўлашга сарфламоқда.
Хўш, нега шундай бўляпти? Табиийки, бунинг ҳам объектив, ҳам субъектив сабаблари бор. Биринчидан, ортиқча ҳою ҳавасга берилдик. Иккинчидан, кундалик эҳтиёж ва мажбуриятлар. Учинчидан, одамлар буни ҳеч қандай хавотирсиз, жуда жўн ва оддий қабул қиляпти.
Тўртинчидан, талаб бор жойда таклиф ҳам юқори бўлади.
Ҳозир молиявий муносабатлар тез ўзгармоқда. Деярли ҳар ой янги кредит маҳсулотлари, янги тўлов шакллари пайдо бўлмоқда. Бир қарашда, бу жараён жамиятнинг модернизациялашуви, аҳоли учун янги имкониятлар эшиги очилиши сифатида кўриниши мумкин. Лекин иқтисодий ҳолатни фақат ташқи кўриниши билан баҳолаш у қадар тўғри эмас. Чунки, ҳар бир рақам ортида инсоннинг кундалик ҳаёти, ижтимоий муаммолари мужассамлашган.
Сўнгги йилларда, айниқса, истеъмол кредитлари, онлайн рассрочка ва микроқарз хизматлари оддий молиявий инструментдан кўра, ижтимоий
ҳодисага айланиб улгурди. Телефон, мебель, маиший техника воситалари, ҳатто оддий кийим-кечак харид қилиш ҳам кредит орқали амалга оширилмоқда. Бу кўпчиликка қулай туюлаётган бўлиши мумкин. Зеро, «Ҳозир оламан, кейин бўлиб-бўлиб тўлайман», деган хулоса истеъмолчи
учун оддий шиор эмас, балки ҳаёт тарзига айланди.
Тўғри, ҳаммада ҳам бирон-бир маҳсулотни пулини тўлиқ тўлаб, сотиб олиш имкони бўлмаслиги мумкин. Ҳар ҳолда, беш қўл баравар эмас. Агар кимдир заруратдан шу ишга қўл урса ва молиявий аҳволи қарзини ойма-ой узиб боришга етса, бунинг йўли бошқа. Бироқ моддий имкони бўлмаса-да, керак-нокерак буюмни шунчаки ҳавас учун харид қилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Бунга кундалик ҳаётимизда кўп гувоҳ бўляпмиз. Қанчадан-қанча одамлар ўйламай қилган ишининг жабрини тортиб, бошини қай деворга уришни билмай юрибди.
Таҳлилларга кўра, жисмоний шахсларга ажратилаётган истеъмол кредитлари ҳажми торбора ўсиб бормоқда. Шунга яраша муаммоли кредитлар ҳам юқориламоқда. Бу бир томондан молиявий бозор фаоллашуви сифатида талқин қилинса, иккинчи томондан кредитга қарамликни англатади.
Хавотирлиси, истеъмол кредитларидан фойдаланувчилар орасида ёшлар улуши юқори экан. Хусусан, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган қатлам энг фаол иштирокчига айланган.
Бу тасодиф эмас. Чунки йигит-қизларда истеъмол эҳтиёжи юқори, бирон-бир мақомга эришиш истаги кучли, аммо эҳтиёж бор – молиявий имконият йўқ. Қизиққон, тез хулоса қилувчи шахсларда эса, иқтисодий ҳисоб-китоблар эмас, балки ҳиссий қарорлар устунлик қилади. Шу боис узоқ муддатли тўловга харид қилишни маъқул кўришяпти. Улар учун маҳсулотни ҳозир олиш муҳим, кейин қандай тўлаш иккинчи даражали масала.
Муаммога фақат иқтисодий нуқтаи назардан қараш етарли эмас. Унда ижтимоий омиллар ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ёшлар учун истеъмол фақат эҳтиёжни қондириш воситаси эмас, балки мақом ва «замонавийлик» белгиси ҳамдир.
Қиммат смартфон, бренд кийим-кечак улар учун муҳим саналади.
Ижтимоий тармоқлар эса, «Ҳозир ол – кейин тўла», деган қарашни янада кучайтирмоқда. Тасаввур қилинг, кимдир ўз саҳифаси орқали «идеал» ҳаётини кўз-кўз қилади. Табиийки, уни кўрган бошқа биров шахсий ҳаёти билан таққослай бошлайди.
Оқибатда молиявий қарор рационал эмас, балки солиштириш психологияси асосида қабул қилинади. Бу ерда асосий муаммо кредитнинг қанчалигида эмас, уни тушуниш ва англаб етиш маданиятида.
Зеро, молиявий саводхонлик даражаси етарли бўлмаган шароитда қабул қилинган қарор нотўғри танловдир. Кўп ҳолларда умумий қарз юки, узоқ муддатли мажбурият ва инфляция таъсири ҳисобга олинмайди. Улар учун асосий мезон ҳозирги эҳтиёжни қондиришдан иборат.
Муддатли тўловни бир томонлама танқид қилиш ҳам адолатдан эмас, албатта. Чунки бу объектив жараён. Аҳоли даромадлари ўсиши, истеъмол бозорининг ривожланиши ва рақамли хизматлар кенгайиши кредитга бўлган талабни табиий равишда оширади. Лекин у назоратсиз қолса, ижтимоий босим манбаига айланиши ҳеч гап эмас.
Нафсиламрини айтганда, масала кредитни чеклаш ёки уни тақиқлашда эмас, молиявий маданиятни шакллантириш, қарзни бошқариш кўникмасини ошириш ва қарорларни онгли равишда қабул қилишдадир. Агар инсон ўз даромади ва қарзи ўртасидаги муносабатни тўғри бошқармаса, ҳар қандай «осон кредит» охир-оқибат, «мураккаб тўлов»га айланиши мумкин.
Дарвоқе, марҳум танишимнинг қарзлари суд орқали ижобий ечим топиб, онаси ва аёли бу ташвишдан қутилди.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0