Бухорода гул фестивали: анъанага айланиб бораётган гўзаллик
16 май куни Бухорода Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши ташаббуси билан гуллар фестивали иккинчи бор ўтказилди. Тадбир 2025 йил — “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” ҳамда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги доирасида ташкил этилди.
Фестивалда 100 га яқин гулчиликка қизиқувчи мутахассислар, тадбиркорлар ва селекционерлар иштирок этди. Уларнинг тажриба ва ютуқлари алоҳида майдонда намойиш қилинди. Фестивалда тадбиркор Моҳина Саидова Голландия ва Хитойдан олиб келинган саккиз турдаги гулларни тақдим этди.
Карнай-сурнай садолари остида бошланган фестивални вилоят касаба уюшмалари раиси Муҳаммадқосим Олимов очди. Фолклор жамоалар концерти, ош сайли ва расмлар танлови ташкил этилди.
Фестивал меҳмонлари орасида хорижликлар ҳам бўлиб, улар маҳаллий гулчилик тажрибаси билан танишиш имконига эга бўлишди. Иорданиялик талабанинг айтишича, бундай фестиваллар инсонда эстетик завқ уйғотади ва табиатга бўлган муносабатни ўзгартиради.
Танловлар давомида “Энг яхши гулчи”, “Энг чиройли декорация” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Фестиваль доирасида гуллар ҳақида қизиқарли маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Бу каби тадбирлар “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экологик маданиятни ошириш ва гулчилик анъаналарини рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда.
Дилдора ИБРОҲИМОВА, Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0