Газетага «шарманда» дея устхат тортадиган раҳбарлар борми?
Ўтган йилнинг 28 октябрь санасида Андижон тумани ҳокими Бобуржон Юлдашев «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида» қарор чиқарди. 2025 йил 1 январдан кучга кириши назарда тутилган бу ҳужжатнинг 9-бандида «Мазкур қарор «Андижоннома» газетасида расман эълон қилинсин» дея қайд этилган.
Орадан икки кун ўтгач — 2024 йилнинг 30 октябрь куни Улуғнор тумани ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов ҳам худди шу мазмунда қарор қабул қилади. Унда «Ушбу ҳужжат «Улуғнор» газетасида эълон қилинсин», деган банд бор эди.
Қарорлар моҳиятида акс этган бандлик масаласи ўз йўлига, биз ҳозир бу ҳақда эмас, балки амалдорларнинг матбуотга муносабати хусусида сўз юритмоқчимиз.
Кўпчиликка маълум, «Андижоннома» — вилоят ҳокимлиги нашри. Бироқ Андижон тумани ҳокими ўз қарори орқали вилоят миқёсидаги таҳририят зиммасига вазифа юклаяпти. Аввалига вазмин одамлар ҳар ишдан ҳикмат излагани каби «Туман ҳокимлиги вилоят газетасига хайрихоҳ бўлиб, доимий қўллаб-қувватласа керак-да», деган яхши гумонларга борасиз. Шундай бўлса қанийди-я?! Асл вазият шуки, 2024 йил давомида наинки мазкур ҳудуд, балки вилоятдаги бирорта шаҳар ва туман ҳокимликлари «Андижоннома»га бирор нусха ҳам обуна бўлишмаган. Бу йилги вазият ҳам ўтган галгидан беҳроқ эмас.
«Улуғнор» газетаси эса бир йил аввал туман ҳокимлиги муассислигидан чиқарилиб, хусусийлаштирилган, бироқ шундан буён бирорта сони чоп этилмаган. Туман ҳокими эса ўзи имзолаган ҳужжат орқали аллақачон қўлдан кетган нашрга вазифа юкламоқда.
Бугун жойлардаги босма матбуот нашрлари, хусусан, ҳокимликлар муассислигидаги газеталарнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тўғрисида сўз борар экан, юқоридаги икки ҳолат асл вазиятга баҳо бериш учун етарли бўлса керак.
Андижон вилоятида 10 йиллар аввал ҳам 38 номдаги газета-журналлар чоп этилар эди. Замон зайли билан аксарият таҳририятлар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳозир уларнинг учдан бири ҳам қолмади. Кўплаб хусусий ва тармоқ нашрлари қаторида Бўстон, Олтинкўл, Хонобод, Марҳамат, Қорасув, Шаҳрихон каби шаҳар ва туман ҳокимликларининг газеталари фаолияти тугатилди.
Маҳаллий ҳокимликлар тасарруфидаги қолган нашрлар эса амал-тақал қилиб кун кўряпти: айримлари икки ҳафтада бир марта, баъзилари ҳар ойда... Ҳатто, икки ойда бир бор чоп этилаётганлари ҳам бор. Аксариятининг адади ҳақида сўз очгани тил бормайди: бор-йўғи 100-200 нусха атрофида.
Туман нашрларидаги ҳолат тушунарли, вилоят ҳокимлиги газетасининг аҳволи қандай, деган савол кўнглингиздан ўтаётган бўлса, ажабмас. «Андижоннома» газетаси, мана, уч йилдирки, 15 кунда бир марта, ўртача 1000-1300 нусха атрофида чоп этилаётир. «Андижанская правда» газетаси фаолиятини тўхтатганига эса яқинда тўрт йил бўлди.
Матбуотга бефарқ бўлмаган зиёлилардан «Бугун ўқувчи ҳар қандай ахборот ва янгиликдан тармоқлар орқали сониялар ичида хабар топяпти. Демак, газеталар воқеликлар ҳақида хабарлар эмас, балки таҳлилий материаллар бериб борсагина ўқувчисини йўқотмайди», мазмунидаги фикрларни кўп эшитамиз. Бу тамойил шусиз ҳам «Андижоннома» газетаси фаолиятининг ўқ томирига айланган эди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳаттоки, интернет фойдаланувчилари кам ва ижтимоий тармоқлар оммалашмаган 2010 йилларда нашр саҳифаларида янгиликлардан кўра, таҳлилий-танқидий, маърифий материаллар салмоқли ўрин эгаллар эди. Эслайман, ижодий йиғинларнинг бирида нашр бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, раҳматли Абдумуталлиб Абдуллаев «Газета саҳифаланаётганда доим ахборот ва янгилик излаб қоляпмиз. Мухбирларимиз гўёки оғир вазнли полвонларга ўхшайди, таҳлил ва танқидни қойиллатишади-ю, хабар ёзишни эп кўришмайди», дея зорланганди.
Бу гапда жон бор эди. Газетанинг деярли ҳар сонида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларига дохил ўткир, «тиш-тирноқли» мақолалар берилар, вилоят раҳбарияти ҳар бир журналистик суриштирув ортидан газетанинг шу саҳифасига устхат тортиб, мақолаларда тилга олинган масалалар юзасидан хизмат текшируви тайинларди. Ҳатто бир гал вилоят раҳбарларидан бири газета бош саҳифасида берилган танқидий чиқишнинг тепасига йирик ҳарфларда «Шарманда!» дея ёзиб, катта бир йиғилишда мақолада «пўстаги қоқилган» ташкилот раҳбарининг қўлига тутқазгани ижодкорлар давраларида ҳали-ҳануз эсланади.
Узоққа бормайлик, олти йил аввал газетада чоп этилган ва республика миқёсида катта резонанс берган учта мақола ортидан аввалига «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раҳбарияти, сўнгра Андижон тумани ҳокими (эндиликда собиқ) раддия талаб қилиб газетани судга берди. Узоқ тортишувлардан сўнг таҳририят ҳар икки судда ютиб чиқди. Мақолалар мутасаддиларни обрўсизлантириш мақсадида ёзилмаган, балки уларнинг ўзгача иш тутумига кўзгу тутилганди, холос.
Бу гаплар нега эсланяпти? «Андижоннома» ҳамиша ва ҳар доим обуначисини рози қиладиган нашр сифатида ўқувчиларнинг кўнглига йўл топиб келган. Бироқ ҳафтада икки марта чоп этиладиган нуфузли газетанинг бугунга келиб даврийлиги 15 кунга, адади 1300 тага, йилнинг иккинчи ярмида эса 800-900 тага тушиб қолишининг энг асосий сабабларидан бири муассиснинг эътиборсизлиги, газета тарғиботига бефарқлиги десак, гапнинг индаллосини айтган бўламиз. Қўполроқ ўхшатиш бўлса ҳам, ҳозир оғзига сув томизиб ётган бемор ҳолига тушиб қолган туман газеталари хусусида ҳам шу фикрни айтиш мумкин: муассис ва таҳририят ўртасида мулоқот йўқ, газетанинг тақдири бўйича гаплашмоқчи бўлган муҳаррир билан учрашишга эса амалдорнинг вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ.
2017 йили вилоят ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича (эндиликда собиқ) ўринбосари Серобиддин Исмоилов ҳамда ўша кезлардаги котибият мудири Азизбек Миркомилов ташаббуси билан таҳририятлар фаолиятини жонлантиришга эътибор қаратила бошланганди. Жумладан, ҳар ҳафтада бир бор вилоят ва туман нашрлари жамоалари билан мулоқотлар йўлга қўйилганди. Айтайлик, барча ижодкорлар бир гал Олтинкўл тумани ҳокимлиги газетаси таҳририятига бориб, тажриба алмашишса, кейинги гал Пахтаобод туманидаги таҳририятда меҳмон бўлишади. Бу жараёнларда баъзан вилоят ҳокимининг ўринбосари, кўпинча котибият мудири, шунингдек, маҳаллий ҳудуд раҳбари, ташкилотлар мутасаддилари ҳам иштирок этиб, газетанинг иқтисодий муаммоларини бартараф этиш, бунда энг муҳими, мажбурий обуна йўли билан эмас, балки маърифий тарғибот усули орқали нашрлар ададини кўпайтиришга эътибор қаратилганди. Етти-саккиз бора ўтказилган шундай учрашувлар натижасида маҳаллий газеталар ҳар бир ташкилотга кира бошлаган, шунга мос равишда таҳририятларда ижодий жонланиш ҳам кўзга ташланган эди.
Бироқ, юқорида қайд этилгани каби, сўнгги 4-5 йилда вилоятда таҳририятлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Одамларнинг ўз ҳисобидан эмас, балки бюджет маблағларидан ташкилотларга обуна жараёнлари ҳам буткул унутилди. Тарғибот хусусида-ку, гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Жамоатчилик яхши эслайди: 2021 йили «Андижоннома» 100 йиллик юбилейини нишонлаш тараддудига киришаётган бир паллада ўз вақтида таҳририят ташкил этилганининг 50 йиллигига совға сифатида барпо этилган уч қаватли кўркам ва файзли бино бузилиши ва ўрнига мактаб қурилиши бўйича муассисдан кўрсатма келди. Муаммо хусусида оммавий ахборот ахборот воситаларида бонг урилгач, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шошилинч равишда таҳририят жамоаси билан юзма-юз учрашди. Мулоқот жараёнида турли масалалар ўртага ташланди, жумладан, ҳокимлик соатларида «Андижоннома» ҳақида икки оғиз фикр айтилиб, бир асрлик тарихга эга бўлган нашрни тарғиб қилиб бориш (обунага мажбурлаш эмас) юзасидан таклифлар билдирилди. Бироқ айни учрашувда таклифлар «жон» деб қабул қилинди-ю, амалда унутилди.
Қизиқ-да, газета ҳокимликники, у бугунги ислоҳотларнинг вилоятдаги ижросини, бунёдкор юртдошлар фаолиятини, замондошларимизнинг ўй-кечинмаларини ёритиб боради. Шу аснода ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган айрим ҳолатлар хусусида аччиқроқ чиқишлар ҳам қилиб туради. Бироқ барча раҳбарлар иштирокида ўтказиладиган ҳокимлик соати машваратларида газета номи тилга олинмайди. Тўрт соатгача давом этадиган «жонли монолог»да аллақайси блогер ҳақида сўз бориши мумкин, илло, вилоят нашри хусусида «фалончи ҳақида яхши мақола чиқибди» ёки «фалон соҳадаги муаммолар қаламга олинибди» мазмунидаги икки оғиз жумла айтишга хасислик қилинади. Шу йўл билан тарғиб қилиш мумкин-ку ахир. Биринчи раҳбарни қўятуринг, соҳага масъул ўринбосарларни ҳам «Таҳририятларда нима гап?» деган савол заррача қизиқтирмайди.
Боя айтилганидек, тўрт йил аввал «Андижоннома» биноси бузилиб, шов-шув кўтарилгач, бошқа бир ташкилотга тегишли иморат зудлик билан таъмирланиб, таҳририят шу бинога кўчирилди. Бино эса бошқа вилоятлардаги каби «Матбуот уйи» эмас, балки «Маърифат уйи» деб номланди. Чунки бу бинодан вилоят маънавият-маърифат маркази, журналистлар ва ёзувчилар уюшмалари, «Ўзбекконцерт»нинг ҳудудий бўлими, иккита сиёсий партия, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, бешта маданий марказ, имконияти чекланган шахсларнинг турли уюшмалари, хуллас, йигирмадан ортиқ ташкилотлар қўним топди-да. Энг юқори — тўртинчи қаватдаги мажлислар зали эса вилоят филармония ансамбли жамоаси ихтиёрига берилди. Бу ерда созандалар баъзан кун ора, гоҳо уззукун соатлаб репетиция қилишадики, қулоқни қоматга келтиргудек шовқин ва гиж-баданг мусиқадан фаолиятига тинч ижодий муҳит зарур бўлган ташкилотлар жамоалари, жумладан, таҳририят учун қочгани жой йўқ.
Вазият шу даражага келган экан, муассислардан эътибор кутишнинг ўзи жудаям кулгили, а?
Вилоятда барча ҳудудларда бўлгани каби бу йил ҳам Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун байрам ташкил қилиниб, фахрийлар ва соҳа ходимларига совға-саломлар улашилди. Бир пиёла чойга таклиф этилди. Аслида эса, юқорида қаламга олинган муаммолар ечими сари бир қадам ташланиши, жумладан, муассислар ўз мажбуриятини англаб етишининг ўзи маҳаллий нашрлар жамоалари учун катта байрам, мингта дастурхон-у совға-саломдан аъло бўлар эди.
Бу фикрлар — бугун соҳа фидойилари, кўплаб ҳамкасбларимизнинг кўнглидан ўтаётган безовта ўйлар десак, асло адашмаган бўламиз.
Нурилло НЎЪМОНОВ
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0