Касаба уюшмалари аёллар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилади
Тизимдаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, гендер стратегиясини амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон энергетика, нефт, газ ва геология соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати ташкил этилганининг 120 йиллигига бағишланган “Аёллар ва ёшлар форуми” ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва Кончилик ва геология вазирликлари тизимли ташкилотларида фаолият кўрсатаётган 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар – касаба уюшма фаоллари иштирок этди. Дастлаб, форум иштирокчиларига Касаба уюшмалари федерацияси томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари шахмат мактаби фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Форумнинг иккинчи куни иштирокчилар учун касаба уюшмалари фаолияти, ёшлар ва гендер масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Тадбир доирасида тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ҳуқуқий билим савиясини ошириш, спортга кенг жалб этишга қаратилган маънавий-маърифий, кўнгилочар ва спорт тадбирлари ҳам ўтказилди. “Заковат” интеллектуал ўйини, шахмат-шашка мусобақалари қизғин ва қизиқарли ўтди. Унда ҳар бири 6 кишидан иборат 7 та жамоа иштирок этди.
Ушбу билимлар беллашувида Энергетика вазирлиги ва “Ўзтрансгаз” АЖнинг “Янги Тошкент” жамоаси 1-ўрин, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Қора олтин” жамоаси 2-ўрин, “Ўзбекгидроенерго” АЖ, “Ўзбекистон ГТЛ” ва Шўртан газ-кимё мажмуасининг “Соф энергия” жамоалари 3-ўринни эгаллади.
Шахмат баҳсларида Геология фанлари университети ходими Шоира Собирова 1-ўринни, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ходими Гулшода Абдуназарова фахрли 2-ўринни, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази ходими Мохигул Мамадалиева 3-ўринни эгаллади.
Форум якунлари бўйича ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон энергетика, нефт, газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ташкил этилган хотин-қизлар форуми муҳокамаларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди.
Мамлакатимизда гендер тенглиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири саналади. Охирги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу омил ҳам иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг энг юқори даражаларига асос бўлиб хизмат қилади. Чунки, мутахассисларнинг фикрича, 50/50 эркаклар ва аёллардан иборат меҳнат жамоалари, айниқса, интеллектуал меҳнат билан шуғулланса, фақат эркаклардан ташкил топган жамоаларга қараганда бир неча баробар яхши ишлайди. Бундан ташқари, гендер тенглиги мамлакатнинг демократик ривожланиш даражасининг кўрсаткичидир. Бинобарин, ривожланган давлатлар қаторига кириш, саноатимизга сармояларни кўпроқ жалб этиш учун бу кўрсаткичга етарлича аҳамият беришимиз керак.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0