+37C

+37C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Маънавият қозони қачон қайнайди?

173 09:14 | 09.08.2026 09:14

Кейинги вақтларда тонналаб ош дамлаш урфга айланди. Тўғриси, бу каби исрофгарчиликни кўриб, «Кимга кераги бор бунча сарф-харажат ва уволнинг?» дегинг келади. Агар буни гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган тарғибот ёки реклама деб оқламоқчи бўлсак, афсуски, тадбир иштирокчилари орасида бирорта ҳам хорижий сайёҳ кўринмайди.


Қолаверса,бу каби дабдабали ва серҳашам тадбирлар қайси маблағлар ҳисобидан ўтказиляпти? Албатта, ташкилотчиларнинг ўз чўнтагидан эмас!


Болаларнинг севимли ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев бир вақтлар болажонларга ош бериб, китобхонлик тадбирлари уюштирарди. Шу баҳона келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга маънавий озуқа улашарди.


Энди-чи? Ҳамманинг қорни тўқ бир замонда яна фақат қорин тўлдириш билан бандмиз. Узоққа бормайлик, салкам 40 миллионлик аҳолиси бор юртимизда яхши, ўқишли китоблар, нари борса, 2-3минг ададда чоп этилаётгани ёки республикамизда 11 мингдан ортиқ мактаб бўла туриб, «Маърифат» газетасининг тиражи 3минг нусхадан ошмаётгани маънавиятимиз қай даражада эканининг яққол кўрсаткичи эмасми?!


Ушбу ачинарли ҳолатимизни кўриб, беихтиёр миллат ойдини, улуғ жадид Мунавварқори Абдурашидхоновнинг бундан бир аср олдин алам билан айтган сўзлари ёдга тушади:


«Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидан чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадирлар».


Хўш, бу кетишда маънавиятимизни бойитишга қачон вақт топамиз?


Ижтимоий тармоқларда авж олаётган бемазагарчилик ва савиясизликлар айнан маънавиятимиздаги улкан бўшлиқнинг аччиқ оқибати эканини тушуниб етадиган фурсат келмадими?


Бугун жамиятни бирлаштирадиган ягона восита катта дошқозонлардаги ош бўлиб қолмаслиги керак. Инсонни юксалтирувчи, миллатни тараққий эттирувчи асосий куч илм, китоб, маърифат ва юксак тафаккурдир.


Ўзимизга бир савол берайлик: биз келажак авлод хотирасида тонналаб ош ейиш билан қолмоқчимизми ёки мустақил фикрлайдиган, маънан бой инсонлар жамияти сифатидами?


Миллатнинг интеллектуал салоҳияти дабдабали дастурхонларда эмас,балки улкан тафаккур соҳибларида намоён бўлишини унутмайлик.


Анваржон ҲАЛИМОВ
Ishonch.uz
“Ishonch” газетасининг 2026 йил 97-сонидан олинди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид