Уй олиш осонлашяптими? Ипотека кредитлари ҳажми 39 фоизга ўсди

2026 йилнинг январь–октябрь ойларида тижорат банклари томонидан 76 минг нафар фуқарога жами 23,5 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39 фоиз кўп.
Бу ҳақда Уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суннатилла Холмуродов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида 73 минг хонадонга мўлжалланган 1 209 та кўп квартирали уй қурилиши учун пудрат ташкилотларига 4,5 триллион сўм кредит йўналтирилган.
Ажратилган ипотека кредитларининг 74 фоизи бирламчи, 26 фоизи эса иккиламчи уй-жой бозори ҳиссасига тўғри келган. Ёшларнинг ипотека кредитларидаги улуши 30 фоизни ёки 7,2 триллион сўмни ташкил этган.
Брифингда аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «мақсадли ипотека омонати» механизми натижалари ҳам маълум қилинди. Ушбу механизм доирасида 415 нафар фуқаро томонидан жами 31,1 миллиард сўм маблағ жамғарилган. Шундан 12,4 миллиард сўми дастлабки бадал учун ажратиладиган бюджет субсидиялари ҳисобига шаклланган.
Келгусида ипотека бозорини янада ривожлантириш мақсадида эскроу ҳисобварақлари орқали уй-жой харидорлари маблағлари хавфсизлигини таъминлаш, ёш оилалар ипотека кредитлари фоиз харажатларининг бир қисмини дастлабки беш йил давомида бюджетдан қоплаш режалаштирилган.
Шунингдек, ипотека кредитларини ажратиш жараёнларида мобил иловалар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





