Марказий Осиё чемпионати: "Сувдаги рақс" орқали юракларга йўл
– Мен 9 йилдан бери сузиш билан шуғулланаман. Бу чемпионатда жамоамиз билан “Андижон полкаси” рақсига асосланган саҳна кўриниши тайёрладик. Энг қизиғи – биз миллий рақсимизни айнан сувда, синхрон сузиш ҳаракатлари билан уйғунлаштирдик. Бу шоу томошабинларда катта таассурот қолдирди, – дейди иштирокчи Муслима Махмуджонова.
Пойтахтимизда илк бор ўтказилаётган “Сув париси” номли Синхрон сузиш бўйича 1-Марказий Осиё очиқ чемпионати тантанали равишда очилди.
Чемпионатни “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси, шу билан бирга Ўзбекистон АҚУАТИСС федерацияси раиси биринчи ўринбосари Абдулла Хурсанов расман очиб берди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон, Россия, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари ва Беларусдан келган ёш, иқтидорли спортчилар иштирок этмоқда. Улар мусобақа доирасида нафис ҳаракатлар, уйғунлик ва эстетикага асосланган сузиш чиқишлари билан қатнашди.
Очилиш маросимида миллий маданиятимизни акс эттирувчи ҳамда халқаро классик санъат асарларидан иборат концерт дастури намойиш этилди. Ранг-баранг кўринишлар орқали спорт ва санъат уйғунлигининг гўзал кўриниши бўй кўрсатди.
Ўзбекистон шарафини 66 нафар ёш спортчи муносиб ҳимоя қилмоқда. Улар учун бу чемпионат нафақат мусобақа, балки ўз маҳоратларини намойиш қилиш, халқаро тажриба орттириш имконияти ҳамдир.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0