Қўқонлик косиб Мўмин аканинг ҳунари
Қуёш ерни аямай қиздираётгани боис кўчаларда одамлар анча сийрак, бу вақтда ҳамма салқин жой излаб, совутгич тагида дам олаётган бўлади. Аммо Чорсу бозори ҳар доим ҳам одамлар билан гавжум. Айниқса косибларнинг растаси харидорлар билан тўла бўлади. Ҳунармандчилик дўконининг соясида, юзидан нур ёғилиб турган қўқонлик Мўмин ака 25 йилдан буён шу ерда косиблик қилади. У асосан, оёқ кийимларни таъмирлаш билан шуғулланади.
– Мен 17 ёшимда косиблик илми бўйича техникумда ўқиганман. Ўқишда унинг тарихи, нозик сир-асрорларини чуқур ўрганганман, шунинг учун ҳам ўзимни бу соҳанинг олий маълумотли меҳнаткаши ҳисоблайман, – дейди Мўмин ака юзида табассум билан.
Қаҳрамонимиз болалигида прокурор бўлишни орзу қилган. Аммо тақдир-тақозоси билан у деҳқончилик, дурадгорлик, боғдорчилик, тракторчилик соҳаларида ишлади. Сўнг нон шаҳри– Тошкентга келиб шу ердан ризқини топа бошлади. Ҳунар ортидан 3 ўғлини ўқитиб, уйли-жойли қилди. Энди бўлса набираларини “катта одам” қилишни ният қилган.
Мўмин аканинг ўзига яраша мижозлари бор. Пухта ишлагани, нархини ҳам ҳамёнбоп белгилагани учун узоқ туманлардан ҳам келишади. Зарурат туғилганида чет эллик мижозларга ҳам хизмат қилган. Меҳмон экан, дея улардан пул олмаганини айтади.
Косиб амакининг иш қуроллари–бигиз, ип, пичоқ ва қайчи. Бу асбоблар орқали эски оёқ кийимни ҳам янгига айлантиради. Ёз мавсумида асосан елимланса, куз мавсумларида тикилади. Меҳнат ҳақи эса одамларнинг истагига ва чўнтагига қараб белгиланади. 10 мингдан 25 минггача.
– Кўпинча ота-оналар таъмирлаш учун ўз оёқ кийимини олиб келишади. Бундан сезаманки, улар бор пулларини фарзандларига ишлатишган, уларга янгисидан олишади аммо ўзлари ямоқ қилинган эскига қаноат қилишади. Шундай вазиятда иложи борича яхши ишлашга, олиб келган нарсасини янгидек қилишга ҳаракат қиламан. Яна кўп косиблар кузатувчи бўлишади. Келтирилган оёқ кийимларга қараб одамлар нима иш қилишини билиб олиш мумкин. Масалан, деҳқон ва боғбоннинг оёқ кийими чанг-лой таг қисми едирилган бўлади, ҳайдовчиларники эса педални босгани учун ўша қисми кўпроқ емирилади, банк ёки давлат ишида ишлайдиган инсонларнинг оёқ кийими унча емирилмаган, нисбатан янгироқ бўлади.
Мўмин ака ўзининг ҳалоллиги, очиқкўнгил ва меҳмондўстлиги сабаб Чорсу бозорининг қадрли инсонига айланган.
Диёра РАВШАНОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0