"Ўзбек болалари: "Фарзандингиз нима кўрмоқда?"
Боланинг тили 1,5-2 ёшида чиқади. Яъни шу даврдан бошлаб, баъзи сўзларни талаффуз қила бошлайди. Хотираси аста-секин шаклланиб боради. Бунда телефон, планшетларнинг ҳам ҳиссаси ката. Чунки бугун ушбу техника воситалари оналарнинг дастёри, кичкинтойларнинг овунчоғига айланган. Аммо З авлодни унча-мунча нарса ҳайратга сололмаяпти ҳисоб.
Хўш, ҳозирги замон боласи нималарни томоша қиляпти? Уларни кўпроқ қандай контентлар қизиқтиряпти?
Мана шу саволлар атрофида ижтимоий тармоқлардаги болалар учун мўлжалланган саҳифаларни кўздан кечирдим. Олдимиздан эса фақат «Синий трактор», «Фиксики», «Мимишки», «Три кота», «Jony-Jony», яна тилим айланмайдиган ажнабий номдаги мультфилмлар чиқаверди. Умид билан улар орасидан ўзимизнинг миллий мультфилмларни изладим. Аммо...
Умуман, ўзбек тилида ишланган, мақташга арзигулик болаларбоп контентларимиз борми? Youtubeда «Ўзбек мультфилм» номли 361 обуначига эга саҳифа бўлиб, унда ўзбек халқ эртаклари асосида яратилган 245 та анимацион видео жойланган экан. Лекин улар асосан 5-6 ва ундан юқори ёшдаги болаларга мўлжалланган. Назаримда, улар кичкинтойларни у қадар қизиқтира олмайди. Тўғри, тарбия жиҳатдан бу маъқул келиши мумкин, бироқ ҳеч бир ота-она ҳали ақлини таниб улгурмаган гўдакка бунақа мултфилм қўйиб бермаса керак...
Бундан ташқари, Youtbuе саҳифаларида ранг, саноқ ва ҳарфларни ўргатувчи ўзбек тилидаги анимациялар ҳам бор экан. Кўрувчилар сони ёмон эмас – миллиондан ошган. Лекин бошқа давлатларники билан солиштирганда сифати анча паст экани яққол сезилиб қолади. Тан олиш жоиз, хорижий аниматорлар биздан анча илгарилаб кетган. Уларнинг контентлари қизиқарли, ранг-баранг, ҳар қандай болани ўзига жалб эта олади. Масалан, «Cоcоmelon», «Peppa Pig», «Teremok BabyOrah» саҳифаларнинг миллионлаб обуначиси бор. Кўришлар сони ҳам жуда юқори. Битта контент 10 миллиардгача кўрилади. Ёки россиялик болалар тайёрлайдиган биргина «Влад и Никита» блогининг 8,9 миллион обуначиси бор. «Лике Настя Влог» нинг видеолари 500 миллионлаб кўрилади.
Хўш, нима учун масъулларимиз шунақа контент ишлашолмайди? Бунга нима тўсқинлик қилади? Ёки муаммо фақат маблағдами?
Буни қарангки, ушбу соҳага ҳар йили давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ йўналтирилади. Мисол учун, бу йил Маданият вазирлигига 1 триллион 172 миллиард сўм, МТРКга 881,4, Ёшлар ишлари агентлигига эса 456 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу ташкилотлар айни йўналишдаги вазифаларнинг ижрочилари ҳисобланишади, деб ўйлайман.
Агар мазкур маблағларни бошқа давлатлар билан солиштирсак, анча кўплигини кўрамиз. Биргина қўшни Қозоғистонни олсак, 2024 йилда шу йўналишдаги ишлар учун 800 миллион танга (1,5 миллион доллар) сарфланган. Бизда эса, 105 миллиард сўм (8 миллион доллардан ортиқ).
Шундай экан, нима учун, бизнинг контентларимиз «Маша и Медвед», «Диана и Рома», «Лунтик», «Буба» каби оммалашмаяпти?
Дарвоқе, бундан уч йил олдин «Tashkent International Animation Forum» бўлиб ўтди. Унда Ўзбек мультфилм уюшмаси ташкил этилиши ҳақида айтилганди. Аммо, мана, орадан шунча вақт ўтса-да, уюшмадан ҳеч қандай дарак йўқ.
Болаларни миллий руҳда тарбиялаш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин амалда мақтанадиган бирон-бир анимациямиз йўқ. Ваҳоланки, бунинг учун шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Балки бу жабҳага ёшларни жалб қилиш керакдир. Ҳар ҳолда, улар катталарга нисбатан анча креатив фикрлайдилар. Нима учун болаларимиз бошқа тилдаги контентларни кўриб улғайиши керак? Нега уларнинг тили «Ота», «Она» деб эмас, «Папа», «Мама», «Daddy», «Mammy» деб чиқиши керак? Бу саволларга бирон-бир масъул жавоб бера оладими?
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0