Покистонда ўтган кўргазмада умумий қиймати 500 млн АҚШ долларига тенг 181 та шартнома имзоланди
Жорий йилнинг 11—13 февраль кунлари мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Покистон Савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Lahorе Expo Center марказида ташкил этилган ушбу тадбирда уч кун давомида юртимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, мебел ва ёғочсозлик, кимё, фармацевтика саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Покистоннинг федерал ва маҳаллий ҳукуматлари расмийлари, дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, 500 дан ортиқ покистонлик бизнес доира вакиллари иштирок этди.
Уч кун давомида 80 мингдан ортиқ ташриф буюрувчилар миллий саноат маҳсулотлари ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Тадбир доирасида Ўзбекистон тадбиркорларининг 500 дан ортиқ “B2B” учрашувлари ташкил этилди. Уларда янги савдо шартномаларини тузиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари, шунингдек, Панжоб вилоятининг йирик саноат марказлари – Файсалобод, Сиалкот, Гужранвала, Гужрат, Баҳавалпур, Мўлтон ва Шейхпура шаҳарларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги ихтисослашган корхоналар ва уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишди. Аниқ истиқболли лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришиб, қисқа фурсатларда ўзаро ташрифларни уюштириш ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича музокараларни батафсил давом эттириш томонларнинг иш режаларига киритилди.
Кўргазма давомида умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг 181 та шартнома имзоланди. Шундан 263 миллион АҚШ доллари экспорт савдо шартномалари, 236 миллион АҚШ доллари эса импорт шартномаларини ташкил этади.
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0