“Chiiiillash”дан “Жанжал патир”гача... Реклама матнларини ким назорат қилади?
Реклама шунчаки савдо воситаси эмас. У жамиятнинг маданий қиёфаси, тилга муносабати ва эстетик дидини ҳам намоён этади. Ҳар бир баннер, ҳар бир пешлавҳани ҳамма ўқийди, кўради – болалар ҳам, ёшлар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам. Демак, уларнинг матнлари жамоатчилик онгига таъсир қилувчи омил ҳисобланади.
Бугун кўчалар турли реклама ёзувлари билан тўлиб-тошган. Пештахта, баннер, LED-экран ёки оддий дўкон лавҳаси, қўйингки, барчасида харидор диққатини тортиш учун турли усуллар қўлланилмоқда. Аммо айрим реклама матнлари борки, улар нафақат кулгили туюлади, балки тил маданиятига путур ҳам етказмоқда.
Мисол учун, яхна ичимлик рекламасидаги «Chiiiillash» деган ёзувни олайлик. Бу номда на луғавий маъно бор, на имловий қоидаларга риоя қилинган. Тўғриси, бу сўзни қайта-қайта ўқисангиз ҳам маъносини тушуна олмайсиз.
Ёки катта йўл бўйида ҳайҳотдек «Анжан қора девзира ош» реклама матнини олайлик. Бутун бошли вилоят номи бузиб ёзилиши бу оддий хато эмас, тилга нисбатан бепарволикнинг яққол кўринишидир.
Яна давом эттирамиз: «Пайпоқ берсангиз, пайпоқ оласиз»... Хўш, бу билан нима дейишмоқчи? Рекламада нима таклиф этилаётгани ёки мижоз қандай манфаат олиши аниқ ифодаланмаган. Кўринадики, мижозни ҳайратга солиш учун мантиқ иккинчи ўринга сурилган.
Сўнгги вақтларда эътиборни жалб қилиш учун «Жанжал патир», «Хотин гилам ювиш учун эмас», «Миянгизга инглиз тилини ўрнатиб берамиз», «Темир хотинингиз меҳрга муҳтож», «Акция борми, оғриқ?», «Катта боллар мойкаси» каби иборалар ҳам урфга айланди.
Албатта, эълонлар эътибор тортиши керак. Лекин бу савиясизлик қилиш мумкин, дегани эмас. Айрим тадбиркорлар ва маркетологлар одамларни ҳайратга солишни реклама самарадорлигининг асосий мезони деб қабул қилмоқда. Натижада шаҳар кўчалари маъносиз, қўпол ва тил қоидаларига зид иборалар билан тўлиб бормоқда.
Аслида, реклама шунчаки савдо воситаси эмас. У жамиятнинг маданий қиёфаси, тилга муносабати ва эстетик дидини ҳам намоён этади. Ҳар бир баннер, ҳар бир пешлавҳани ҳамма ўқийди, кўради – болалар ҳам, ёшлар ҳам, хорижлик меҳмонлар ҳам. Демак, уларнинг матнлари жамоатчилик онгига таъсир қилувчи омил ҳисобланади.
Шундай экан, савол туғилади: шаҳар бедарвозами? Ким қандай истаса, шундай мазмунда реклама жойлаштираверадими?
Аслида реклама жойлаштиришнинг аниқ тартиб-қоидалари мавжуд. Матн давлат тили қоидаларига мос бўлиши керак. Шу билан бирга, жамоат ахлоқи ва маънавий меъёрларга зид бўлмаслиги лозим.
Бироқ амалда бу талабларга ҳар доим ҳам риоя этилмаяпти. Кўп ҳолларда масъул идоралар реклама конструкциясининг ўлчами ёки жойлашувига эътибор қаратади, аммо унинг мазмуни ва савияси четда қолиб кетади. Оқибатда шаҳар муҳитида тил бузилиши, маънавий савиянинг пасайиши ва кулгили ҳолатлар кўпаймоқда.
Тилшуносларнинг таъкидлашларича, оммавий макондаги ҳар бир ёзув аҳолининг тил маданиятига таъсир қилади. Айниқса, ёшлар кўчада кўрган сўз ва ибораларни тез қабул қилади. Агар рекламада имловий хатолар, маъносиз иборалар ёки қўпол ташбеҳлар урфга айланса, бу аста-секин жамиятнинг умумий нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар фикрига кўра, ташқи реклама матнларини жойлаштиришдан олдин лингвистик ва маънавий экспертизадан ўтказиш амалиётини кучайтириш зарур. Реклама берувчи фақат маркетинг эмас, тил маданияти ва жамоатчилик масъулияти ҳақида ҳам ўйлаши керак.
Дунё тажрибасида энг кучли рекламалар доимо ақл ва ҳурматга асосланади. Тилни бузмайдиган, лекин барибир таъсир қила оладиган реклама ҳақиқий профессионаллик белгиси ҳисобланади. Истаймизки, кўчаларимиз савиясиз сўзлар майдонига эмас, жамият маънавиятини акс эттирадиган манзилга айлансин.
Жамшид Эргашев




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0