Устама олишга уринмаган маъқулми?
Ўқитувчилар иш ҳақига қўшимча бериладиган устама ҳақидаги фикрларимни ўртоқлашишга “Маърифат” муштарийлари” телеграм гуруҳида бир пост атрофидаги баҳс, мунозаралар сабаб бўлди. Пост ва мунозаралардаги фикрларни сал қуйироқда келтираман, унгача иш фаолиятим давомида ўзим гувоҳ бўлганим айрим ҳолатлар билан ўртоқлашсам.
Устама жорий этилишидан мақсад ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришда таълим тизимининг энг қуйи бўғини бўлган мактаблар ролини ошириш, ўқитувчиларни таълим ривожига қўшган шахсий ҳиссасига қараб рағбатлантириш бўлганлигини барчамиз биламиз. Мактабларда директор жамғармаси ташкил этилиб, ўқитувчиларга устама берила бошланганига ҳам йигирма йил бўлибди. Бу вақт давомида тизим такомиллашиб, ажратиладиган маблағ эса камайиб борди. Дастлаб мазкур жамғарма иш ҳақи фондининг 15 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 8 фоизга тушиб қолган. Устама тайинлашнинг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллашиб, инсон омилига деярли ўрин қолдирмайдиган даражага келган. Меҳнат қил, натижага эриш ва ҳаққингни ол.
Устама тайинлашда ўқитувчилар фаолияти 9 та мезон асосида, эришилган аниқ натижаларга кўра баҳоланади. “Синфдан ташқари ишлар” (15 балгача) ва “Кузатув кенгаши аъзолари томонидан ўқитувчи фаолиятининг баҳоланиши”(5 балгача) ҳамда “Ўқувчилар томонидан ўқитувчи фаолиятининг баҳоланиши”(5 балгача) йўналишларидагина ўқитувчига белгиланадиган бални ошириш ёки камайтириш мумкин. Аммо бу йўналишларда ҳам аниқ натижаларга кўра бериладиган балл белгилаб қўйилган бўлиб, ўқитувчи ўз натижаси учун бемалол талашиб, тортишиши мумкин. Аммо аниқ натижаларга эга бўлса... Аксинча ҳолатларда эса устамага қизиқмаган маъқул...
Устама жорий этилганидан буён 35–40 фоиздан кам устама олганимни эслай олмайман. Аммо ўтган йили натижаларим яхши бўлмади. Сарҳисоб қилинганда 10 фоизга тўғри келди. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари 35 фоиз, директоримиз эса ҳеч бўлмаганда 25 фоиз устама белгилашмоқчилигини айтишди. Ишчи гуруҳ аъзоси бўлган математика ўқитувчимиз ҳам уларнинг фикрига қўшилди. Аммо мен натижага яраша белгилангизлар деган фикримда қатъий туриб олдим. Хуллас, 10 фоиз устама белгилашди. Уччовлари ҳам мендан хафа бўлишди. Янги йил арафасида устамалар вилоят прокуратураси томонидан, кейинроқ эса назорат-тафтиш бўлими томонидан текширилди. Ҳар уччала ҳамкасбим қайта-қайта раҳмат айтишди. Чунки агар 25–35 фоиз устама олганимда, мен билан бирга улар ҳам жавобгар бўлишар эди. Сабаби, тоифам олий, 30 соат дарс ўтаман. Ноқонуний тўланган 15 ёки 25 фоиз устама анчагина маблағ бўларди. Улар эса камида маъмурий жавобгарликка тортиларди.
Энди “Маърифат” муштарийлари” гуруҳида баҳс-мунозарага сабаб бўлган постни келтириб ўтсам. Гуруҳ аъзоси Ҳилола МАМАЖОНОВАнинг қуйидаги пости гуруҳ аъзолари ўзларининг муаммолари билан ўртоқлашишларига сабаб бўлди:
“Мен бугун мактабдан жуда тушкун аҳволда келдим. Устама ғалваси. Устамага даъвогар бўлмасдим. Бу йил анча ўрнак кўрсатган ишларим борлиги учун ҳужжат тайёрладим. Биринчи гал кенгаш аъзолари кўриб 20 фоиз белгилашди. Яна чақириб 15 фоизга туширишди, бугун борсам устамадан ўчиришибди. Алам қилди, нимага? Яна ноҳақлик, ишламайдиган, раҳбарларнинг “яловдорлари” оларкан. Бошланғичда ишлайдиганларга йўқ! Учтагина номзод оларкан, уларнинг “тили узун”.
Таълимда шундай ноҳақликлар бошқаларнинг ишдан совушига, қадрсизланишига олиб келади. Талаб қиламан, ТММТБ, ВММТБ қошида илмли, холис инсонлардан комиссия тузилсин. Устама ҳужжатлар пдф шаклида жўнатилар экан. Кўрилсин, лойиқ номзодларни шулар аниқласин(холис бўлса, албатта).
Майли, мен устамага қараб қолган жойим йўқ, лекин ҳадеб ишлаган қолиб қинғир йўллар билан давлатнинг пулини сўраётганларга ҳайфим келади. Лойиқмас, дарсни ҳани-ҳуни ўтиб қочадиган, “оммалаштириш”ни сотиб олган, репетитордаги ўқувчисининг орқасидан рағбарлантирилаётганлар устозлик мақомига “беш”. “Маърифат” ўқитувчиларнинг дард-у ҳасратини эшитади деган умиддаман!”.
Гуруҳ аъзоси Хосиятхон бу ҳақда қуйидаги фикрни билдириб ўтди:
“823-қарор чиққандан сўнг бошқа мактабларни билмадим-у, бизнинг мактабда устама сўзи унутилди. Чунки қўл етмас даражада қилиб қўйилди, бир бандини бажарсанг, бир банди мушкул, бир бандини бажариш оддий иш бўлса, бир бандига балл олиш муаммо... Тиришиб-тирмашиб етдимов десанг, кенгаш аъзолари ваҳима қилиб, минг чиғириқдан ўтказишади. Топиб олгани “Қайта тўлатишади”. Э бор-э дедиг-у, жамоа билан биргаликда устама муаммосидан воз кечиб юбордик-да, сертификатга ҳаракатни бошлаб юбордик. Буниям олиш осонмас экан, бир ўқитувчи ўтган йили олди, мен шу йил апрелда 3-уринишда олдим. Оллоҳ насиб этса, 3 йилгача 50 фоиз устама оламан. Маслаҳатим, мактабдан устама оламан деб урингандан кўра сертификатга ҳаракат қилган маъқулроқ экан”.
Шу ўринда Хосиятхон тасвирлаган ҳолат аксарият мактаблар учун хослигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Кўпчиликнинг наздида сертификат учун устама оладиган ўқитувчиларга шунинг ўзи кифоя, у қандай натижага эришган бўлса ҳам мактабдан бериладиган устамага даъвогарлик қилса уят ҳисобланармиш.
Ўқитувчи бўлатуриб, мана шундай фикрлашнинг ўзи уят менинг назаримда. Ахир сертификат учун бериладиган устама бу ўқитувчининг билими, тажриба ва маҳоратига берилади. Бунда ҳеч қандай лимит ва чекловлар йўқ. Билиминг етса сен ҳам ол. Оддий мисол, ўзим Миллий сертификат учун 50 фоиз, мактаб директор жамғармаси ҳисобидан 35 фоиз устама оламан. Ва бунинг учун уялмайман.
Шу ўринда мактаб раҳбариятининг натижага эришган ўқитувчиларнинг устама олишига қарши бўлишларини умуман тушунмаяпман. Бундай ҳолатда ўқитувчилар ва мактаб фаолияти орқага кетмайдими?
Шу ўринда гуруҳ аъзоси Назарованинг фикрларига эътиборингизни қаратсам:
“Азиз ҳамкасбларим! Айтсам дилим, айтмасам тилим деганларидек, мен ҳам юқоридаги устозлар хилидан эканман. Ўзим комиссия аъзолигидаман! 3 кун олдин 10 фоизга илиндим, устама ҳужжатларининг балларини ҳисоблаганда, кейинги кун 15 фоизга, билмадим бугун шу устама фоизидан ҳам айрилдим.
Мактаб директори ички буйруқ қилиб бошланғич синфларда, олимпиада ўтказишди. 1-2-3-ўринни ҳам менинг синфимдаги ўқувчилар олишди. Оммалаштиришда 74 балл билан вилоятга чиқдим.
Бошқа бандлардан ҳамма ишим бор. Синфдан ташқари ишлар бандига нечта фандан дарс берсам, ҳаммасидан тўгарак ўтишим керак экан. Бу дегани сенга устама йўқ, мактаб веб-сайтини юритаман десам, у ўзинг учун дейди. Хуллас, илтимос сиздан бизнинг устозларга синфдан ташқари ишлар учун деган бандга аниқ маълумотни вазирликдан олиб беринг”.
Юқорида айтган фикримнинг кўзгудаги акси, тўғрими? Ахир бу кетишда ўқитувчиларнинг ишга бўлган қизиқишлари, интилишлари батамом ўлади-ку.
Гуруҳнинг яна бир аъзоси Саидахон МАМАЖОНОВАнинг эътирозида ҳам жон бор:
“Демак, кўп жойда муаммо бир хил. Ҳужжат тайёрладим, балим 97 га етди. Лекин 25 % билан кифоялашди(мактабимиздаги энг юқори фоиз)... Фондга пул кам ажратилаётган экан, кейинги йилларда моддий ёрдам олувчилар кўпайибди... Камига давлат томонидан оладиган устамам етарли экан...”.
Саидахоннинг “давлат томонидан оладиган устамам етарли экан...” деган гапидан сертификат учун устама олар экан деган хулосага келиш мумкин. Мактабга раҳбар бўлатуриб мана шундай фикрлашнинг ўзи, мазкур раҳбарларнинг мактабда қоровуллик ёки фаррошлик қилишга ҳам лаёқатсиз инсонлар эканини кўрсатади. Мен бу фикрим билан қоровул ёки фаррошларни камситмоқчи эмасман, балки уларнинг ҳам бу нарсани тушунишини, билишини таъкидламоқчиман.
97 баллик натижага эришган ўқитувчиларнинг қадрига етмайдиган мактаб раҳбарларини мен тасаввур қила олмайман. Ахир бундай ўқитувчилар мактаблар ўртасида талаш бўлади-ку.
Фидойи устозлардан Гулчеҳраҳон АШУРОВА:
“Ўқитувчи бундай машмашалардан қутулиши, адолат қарор топиши, дунёқараши тор, ўқитувчи меҳнатининг қадрига етмайдиган, коррупцияга мойил раҳбарлар, ўринбосарлар... га яна неча йил чидаши керак экан-а?
“Ўқитувчи – миллат юзи», деган пурмаъно фикрлар саробми?.
Сўнгсўз ўрнида, устама олишда муаммоларга дуч келаётган ўқитувчиларга маслаҳатим, натижаларингиз етарли бўлса, сизнинг устама олиш ҳуқуқингизни мактаб раҳбарияти рад этиш ва чеклашга ҳаққи йўқ. Ишчи гуруҳ белгилаган балл асосида белгиланган устамани олишга ҳақлисиз.
Нормамат ЭШОНҚУЛОВ,
Олтинсой туманидаги
3-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.
«Ма'rifat» газетасидан олинди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0