Вақт ўғрилари
ёхуд барбод бўлган семинар
Ўтган ҳафта фермерлар семинарида қатнашдим. Айтилган вақтдан 15 дақиқа ўтса ҳамки, тадбир бошланавермади. Ёнимда ўтирганлардан бири шеригига норози ғудранди:
– Тўғрисини айтмайсизми, соат саккиз яримга судраб келмасдан!
– Ўнда бошланишини ўзим ҳам шу ерда билдим...
Беихтиёр суҳбатга аралашдим: «Саккиз яримда келганмидингиз?». Сўзларим унга оловга мой сепгандек таъсир қилди: «Кеча 8.30 далигини айтишганди, кечикмаслик учун 7 да йўлга чиқибмиз. Бизни бекорчи, деб ўйлашадими, ғаллага ўғит сепиш керак эди...».
Қисқаси, соат 10.20 да йиғилиш бошланди ва вилоят ташкилотларидан бирининг раҳбари сўзга чиқди. Аммо нима учундир у аввал хорижда кечаётган урушлар, сўнг Хитой тараққиёти ва мазкур давлатнинг пахтачиликка оид тажрибалари хусусида гапира кетди.
Эътиборлиси, тадбир дастурида ушбу мутасаддининг «маъруза»си кўзда тутилмаган, камига, у баён этаётган масалаларнинг семинарга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Қисқаси, ўзимиз ижтимоий тармоқ орқали ҳар куни хабар топаётган воқеаларга оид «билим»ларимизни қайта эсламоқ учун яна 25 дақиқа сарфладик.
Агар ушбу арбобни кутганимизни ҳам инобатга олсак, у элликка яқин кишининг 45 дақиқасини ўғирлаганди. Қизиғи, мутасадди «гап халтаси»ни бўшатиши билан иши кўплигини рўкач қилиб, жўнаб қолди. Сўнг фермерларни ўқитмоққа чоғланган пойтахтлик мутахассис сўз олди. Унинг маърузаси жўяли эди.
Аммо йиғилиш бошланишини қарийб 2 соат кутган, бу ҳам етмагандек 25 дақиқа давомида беҳуда гапларни тинглаган фермерлар руҳан чарчаганди. Шу сабабданми, бир неча киши «2 дақиқага ташқарига» чиққанича қайтмади. Йиғилганларнинг бировни эшитмоққа хоҳиши буткул сўнганини кўрган нотиқ маърузасини қисқа қилишга уринарди. Кейин «бошқаларнинг вақтини олмаслик» важи билан соат 16 да тугаши керак бўлган ўқувни тушликни кечиктириш ҳисобига 14 да якунлашни таклиф қилди. Иштирокчилар оч қоринга гап ёқмаслигини билдириб, семинарни 13 да якунлаш фикрини билдиришди.
Балки ҳеч ким маърузачини эшитишни хоҳламагани учундир ёки у ҳам хўжакўрсинга суратга тушиб кетишни режалаштирганми, тадбир фермерлар белгилаган вақтда тугади. Айтганча, охирида қатнашчиларга семинар натижасида уларнинг билим ва малакалари «ошиб-тошиб» кетганлигига оид сертификатлар топширилди.
Аслида Тошкентдан келган мутахассиснинг айтмоқчи бўлганлари давра учун фойдали янгиликлар эди. Бироқ ташкилотчиликдаги кемтиклар туфайли қимматли маълумотлар фермерларга етказилмай қолди. Яна шуни унутмаслик керакки, соатлаб куттириш одамларга нисбатан очиқчасига ҳурматсизликдир. Бундай муносабатни ҳис қилган киши сизни эшитармиди?
Қолаверса, икки соатлик узлуксиз ва зерикарли маърузадан ниманидир эслаб қолиш қийин. Демоқчи бўлганим, мабодо, кимнингдир билим ва тажрибасини оширмоққа бел боғлаган бўлсангиз, аввало, нотиқлик маданиятига амал қилинг, бу борадаги илғор ва замонавий технологияларни ўзлаштиринг.
Балки ушбу масала омма эътиборига ҳавола этмоққа арзимайди, деб ўйларсиз. Аммо журналистик фаолиятим давомида бундай мазмунсиз, «вақт ўғриси» бўлган йиғилишларнинг кўпида қатнашганман ва афсуски, ҳануз қатнашяпман...
Алижон АБДУСАТТОРОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0