Ўзбекистон дипломатиясида муҳим тарихий воқелик
Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей ассамблеяси мамлакатимизда ўтказилади

Бугун дунёнинг турли нуқталарида мураккаб геосиёсий жараёнлар, кескинлик ва иқтисодий тангликлар кучайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазиятларда фаол ташқи сиёсат орқали халқаро майдонда миллий манфаатларни самарали илгари суриш муҳим аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги тамомила янгича мазмун касб этаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсат туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланаётгани ҳам бор гап.
Ҳеч шубҳа йўқки, миллий сиёсат ва дастурларнинг амалга оширилишини парламентлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Кейинги йилларда миллий парламентимизни ҳам Президентимиз раҳбарлигидаги демократик ўзгаришлар, иқтисодий юксалиш ва ташқи сиёсатнинг фаол иштирокчиси сифатида кўриш мумкин, албатта. Хусусан, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сифат жиҳатидан янги, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Етакчи хорижий давлатлар парламентлари, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан аниқ натижаларга эришиляпти. Йирик халқаро парламент тузилмаларининг тўлақонли аъзоси сифатида нуфузли анжуманларга мезбонлик қилиб, муҳим таклиф ва ташаббусларни дадил илгари сурмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган парламентлараро ҳамкорлик алоқалари янги таҳрирдаги Конституция ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариляпти. Парламентнинг халқаро алоқалар географияси кенгаймоқда. Жаҳон миқёсида Ўзбекистон миллий манфаатларини ифода этиш, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик тобора ривожланмоқда.
Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Халқаро парламент форуми ҳамда Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари 14-саммитининг муваффақиятли ўтказилгани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирган эди. Швейцариянинг Женева шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ (ПИ) бош котиби Мартин Чунгонг ва Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўртасида ПИнинг 150-юбилей ассамблеясини 2025 йил Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги битим имзоланди. Унга кўра 5–9 апрель кунлари Марказий Осиё тарихида илк маротаба Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтади.
Парламентлараро Иттифоқ қандай ташкилот?
Парламентлараро Иттифоқ 1889 йилда таъсис этилган бўлиб, халқаро ташкилотлар орасида ёши энг улуғидир. Бу нуфузли ташкилот дунё парламентларининг етакчи халқаро органи сифатида мамлакатларни ўзида бирлаштирган. 1971 йилдан буён бош қароргоҳи Женевада жойлашган. Шунингдек, АҚШнинг Нью-Йорк ва Австриянинг Вена шаҳарларида ҳам идоралари бор.
Аъзо парламентлар ва уларнинг депутатлари ўртасида юксак қадриятларни илгари сурадиган ушбу ташкилот барча миллатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантириб келмоқда. Айни вақтда тинч ва ҳамжиҳат келажакни таъминлаш учун самарали қарорлар қабул қилиш йўлида хизмат қилмоқда.
Тинчликни парламентлараро дипломатия ва мулоқот орқали тарғиб қилишга бағишланган мазкур ташкилот бугунги кунга келиб, 180 дан зиёд аъзо парламент ва 15 та ассоциациялашган аъзо билан ҳақиқий глобал ташкилотга айланди.
Шиори: Демократия учун. Ҳар бир киши учун.
Шунингдек, ташкилот демократик бошқарув, институтлар ва қадриятларни илгари суради, парламентлар ва парламентарийлар билан биргаликда халқнинг эҳтиёж ва орзуларини ифодалаш ва уларга жавоб бериш учун ишлайди. Сиёсий мулоқот, ҳамкорлик ва парламент фаолияти орқали тинчлик, демократия, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқлим ҳаракати ва барқарор ривожланиш учун ҳаракат қилади.
Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони бўлиб, унинг доирасида муҳокама қилинган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади.
Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқнинг овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда.
Аъзолик ва ҳамкорлик
Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоққа 1992 йилда аъзо бўлган. Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан ушбу ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. Бугунги кунда Олий Мажлисимиз Парламентлараро Иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
2019 йил 17 октябрда Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу юксак лавозимга сайланди.
Албатта, Иттифоққа аъзолик парламентлараро мулоқотни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, жаҳон жамоатчилигини мамлакатимиз ички ҳамда ташқи сиёсати, бой маънавий ва маданий меросидан, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш имконини беради.
Нима учун айнан Ўзбекистон?
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жаҳондаги 180 дан зиёд парламентни бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма ўзининг юқори органи – ассамблеяни парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси мавжуд бўлган мамлакатларда ўтказади.
Бу галги юбилей ассамблеянинг айнан бизнинг юртимизда ўтказилиши замирида ҳам соҳадаги ютуқлар акс этади, албатта. Аввало, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фалсафаси ҳам, ўз навбатида, «Инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши» ҳамда 2030 йилгача мамлакатнинг барча белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини таъминлаш ғояларига асосланган.
Бугун мамлакатимизда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга ўз вақтида эришиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинаётган қонунлар, стратегиялар ва давлат дастурларининг миллий мақсад ва вазифаларга мослиги, шунингдек, соҳада олиб борилаётган самарали парламент назорати ҳам Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича тажрибаси бутун дунёга намуна сифатида тақдим этишга муносиб, деб айта оламиз.
Бу тажриба қашшоқликка, очликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва яхши овқатланишга эришиш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш борасида олиб борилаётган самарали ишларда ўз аксини топмоқда.
Нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам парламент йўналишидаги бундай нуфузли тадбирнинг биринчи марта ташкил этилаётгани тарихий воқеликдир. Бу, албатта, биринчи навбатда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини тасдиқлайди.
Қолаверса, бу мезбонлик Ўзбекистон парламентининг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги фаол иштироки, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилиши, парламент даражасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглиги масалаларини илгари суриш, Ёшлар парламенти доирасида ёшларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этилиши билан ҳам изоҳланади.
Кутилаётган натижалар
Жорий йил апрель ойининг 5-9 саналарида Tashkent City ҳудудидаги Конгресс-холл мажмуасида ўтказиладиган мазкур анжуманда дунёнинг 180 та мамлакати, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан икки мингга яқин делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилишнинг асосий мавзуси «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» бўлиб, унда камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инклюзияни қўллаб-қувватлаш ва қарор қабул қилиш жараёнида камситилган гуруҳлар иштирокини ошириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Шунингдек, мавзу доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Бир ҳафта давомида Парламентлараро Иттифоқ қўмиталари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, ёшлар масалаларига бағишланган турли тадбирлар ташкил этишга доир чора-тадбирлар белгиланган.
Эътироф этиш керакки, Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясининг мамлакатимизда ўтказилиши парламентлар ўртасида халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон парламенти фаолияти билан танишиш, 2030 йилгача бўлган стратегияни амалга оширишда парламентлар иштирокини кенгайтириш, БРМга эришиш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентлар ҳамкорлигини кўриб чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Ва, албатта, аҳоли фаровонлигини бундан-да ошириш, инсон қадри ва қимматини юксалтириш йўлидаги самарали қадамларни янада мустаҳкамлайди.
Ҳусан ЭРМАТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари
қўмитаси аъзоси







