«Ўз»ни «Ўзга»га алмашамизми?
Яқинда бир реклама суратига кўзим тушди. Унда чиройли жойлашган телефон рақамлари савдога қўйилиб, «олтин» тарзида намойиш этилганди. Бироқ улар инглиз тилидаги таржимасида «Goldraqamlar» дея эълон қилинганди. Бу ҳам етмагандай, суратда етти рақамларидан иборат телефон аппарати қатори тилла тангалар, қимматбаҳо тошлар, шунингдек, пул қопи акс эттирилган бўлиб, устида АҚШ долларининг ($) белгиси бор эди.
Аслида бу реклама суратига «Goldraqamlar» эмас, «олтин рақамлар», деб ёзса ва пул тўла қоп устига миллий пулимиз белгисини қўйса бўлмасмиди?» деб изоҳ ёзиб қўя қолсам ҳам бўларди. Лекин бу «бизнес» оламидагилар мафкуралар оламидан, миллатпарварлик, ватанпарварлик ғояларидан шунчалик йироқ, деган ўй дилимни ранжитди. «Эҳтимол, рақамлар ростданам чет элликларга ва долларда сотилар», деган шубҳа билан реклама қилинган телеграм каналига кириб ҳам кўрдим. Йўқ, Ўзбекистон рақамлари ва сўмда белгиланган. Шу сурат мени азалдан ўйлантириб келган ва бир нечта мақола ёзишга ундаган мавзуга яна қайтарди. Дилимда бори такроран юзага чиқди.
Маълумки, ҳозирги давр ахборот асрига айланди. Хабарлар оқими борган сари кучайиб ва тезлашиб боряпти. Албатта, улар билим манбаи саналади, чунки хабардорликни оширади, дунёқарашни ўстиради, илмий таҳлилларга замин бўлади, статистик маълумотлар шаффофлигини таъминлайди, келажакни башорат қилиш ва режалаштириш учун асос яратади ва ҳоказолар. Бугун ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ҳам, маданий равнақ ҳам ахборот омилисиз рўй бермайди.
Сирасини айтганда, глобал тараққиёт ахборот пойдевори устига қурилади. Ахборот оқими жараёнларни, воқеликларни ўзгартириб юборишга қодир. Ўйлаб қарасангиз, ғиж-ғиж фойда. Ўз навбатида, ахборот оқимига шўнғиган бу шиддатли замон мафкуралар кураши даврига ҳам айланди. Мафкуралар олишуви эса ахборотлардан жуда самарали фойдаланади. Мисол учун, биргина Эрон – Америка, Исроил урушини олайлик. Ҳар иккала томон куч-қудратини кўрсатиш, қарши тарафда ваҳима уйғотиш ва мақсад-режаларини аҳоли онгига сингдириш учун айрим маълумотларни ўз ғояларига мослаган ҳолда талқин этиб, видеоахборотларни шунга монанд монтаж қилиб узатмоқда, ҳатто ахборотларни сохталаштириб, уларнинг ўткир қиличидан устомонлик билан фойдаланмоқда.
Умуман олганда, ҳар қандай урушлар ҳам шу тарзда кечади. Турли-туман бошқа усуллар билан бирга ахборотлар ҳам курашга тушади. Демак, ҳар қандай ахборот шунчаки рақамлар, воқеа тафсилотлари, дунё ўзгаришлари ва бошқа хабарлар йиғиндиси эмас, билъакс, уларнинг «жони» бор. Бу «жон» мафкурадан иборат. Яъни ахборотлар қайсидир ғояларга хизмат қилади. Ахборотларнинг кўзга кўринмас таҳдиди айнан ўша ғоялардадир.
Бинобарин, қандайдир маҳсулот рекламаси фонида қайсидир давлат ўз қудрати ёки бирор ғояси ёки сингдирмоқчи бўлган мафкурасини намоён этади. Масалан, бир йигит ва бир қиз иштирокида қайсидир шарбат рекламаси намойиш этиляпти, дейлик. Улар шарбат тўла идишни спиртли ичимлик қуйилган қадаҳ сингари уриштирадилар. Унда «Бу шарбатдан спиртли ичимлик каби (яъни спиртли ичимликдан ҳам) ҳузурланасиз», деган фикрга ишора қилингани билиниб турибди. Шунингдек, тасвирда иккала ёшнинг кийинишлари очиқ-сочиқ, ҳаракатлари ошиқона, турган жойи хилватгоҳ бўлиши мумкин. Бу эса ахлоқий қадриятлардан чекиниб, бунақа ичимликларни қаерда (!) ва қай тарзда (!) истеъмол қилиш яхшироқ эканлигига ишора эканлиги ҳам ойдай равшан.
Энди, айтайлик, гўёки фақат шарбатни реклама қилаётган шу қаҳрамонлар эгнидаги футболкага масалан Америками, Хитойми ёки бошқа давлатнинг байроғи тасвири, гарчи жуда кичик ўлчамда бўлса ҳам, туширилган бўлса-чи? Бу, турган гапки, байроғига қараб ўша давлат «параст»ларини, аниқроғи, америкапарастликни, хитойпарастликни ёки шу каби ҳолатларни кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу кийимларда ёки орқа фонда (бу режиссёрлар маҳоратига боғлиқ) қайсидир давлат ё миллатнинг, масалан, араб имлоси, хитой, инглиз, ҳинд ёки бошқа миллат ёзуви туширилган бўлса, у ҳам ўша миллат истиқомат қиладиган давлатнинг «параст»лари кўпайишига билвосита хизмат қилади. Бир қарасангиз, шарбатнинг мазалилиги ҳақида ахборот бериляпти ва фақат шарбат кўз-кўз қилиняпти. Лекин бу сувдаги айсбергнинг кўриниб турган ва унинг жуда кичик қисмини ташкил этадиган уч томони, холос. Унинг йирик кемаларга вайронкор талафот етказишга қодир бўлган, кўзга кўринмас қисми эса сув остида жойлашган. Бу масаланинг реклама ортига яширинган, бир қарашда кўринмайдиган, онг остига билвосита сиздириладиган томони.
Умуман олганда, мафкуралар тарғиботида ҳозир бевоситадан кўра билвосита жиҳатлардан фойдаланиш кенг авж олган. Аслида улардан азалдан тактик кураш сифатида фойдаланиб келинган. Масалан, қамал қилинган қалъадагилар ўзлари очликдан тупроқ яласалар ҳам, 5-10 та молни боқиб семиртиришган ва гўёки «ўтлатиш» учун уларни қалъа ташқарисига чиқариб юборишган. Душман кўрсаки, моллар семиз-бақувват. Бу эса қамалдагилар очликдан қийналишмаётганини, уларга ташқаридан кирадиган яширин оқимлар мавжудлигини англатади. Шу боис босқинчилар ортга чекинишади. Демак, бу ўринда ҳам ахборот устомонлик билан бошқача ниқобда етказилган. Ана, сизга ахборотнинг яна бир мафкуравий кучи.
Энди юқорида таърифланган суратга қайтайлик. Биламан, бунақанги рекламалар ҳар қадамда тиқилиб ётибди. Кўчадаги дўконлар, тадбиркорлик субъектларидан аксариятининг номи ажнабий тилда. Ижтимоий тармоқларга боқсангиз, либослар, қўшиқлар, сўзлар ва яна бошқа воситалар ўзга тиллар билан аралашиб кетганини кўрасиз. Шоу кўрсатувларини олиб борувчиларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Қўшма корхоналар майли, ҳатто маҳаллий тадбиркорлар ҳам ўз фирмаларига ажнабийча ном қўйиб олишган. Ҳатто баъзи давлат ташкилотларига борсангиз, қўриқчиларнинг эмас, «security»ларнинг назоратидан ўтасиз.
Хўш, қачонгача бегона тилда сўзлаб, бегона номларни кўпайтирамиз? Қачонгача ўзгалар қолиб, ўзимиз ҳам ўзгалар мафкурасини бошимиз узра қиличдек ўйнатамиз?
Тўғри, қилич бор экан, қалқон ҳам топилади. «ЎЗГА»га қарши ҳамиша «ЎЗ» ва «ЎЗНИКИ» туради. Бу «ЎЗ» ўзимизнинг қадриятлар, ўзимизнинг ёзувимиз, ўзимизнинг тилимиз, ўзимизнинг қудратимиз, ўзимизнинг бирлигимиз, ўзимизнинг ғуруримиздир.
Ушбу сўзларим, эҳтимол, кимгадир баландпарвоздай туюлар. Бироқ аслида бу гаплар «ўзимнинг уйим», «ўзимнинг онам», «ўзимнинг отам», «ўзимнинг ғоям», «ўзимнинг обрўйим» деганидир. Зеро, одамларнинг аксарияти шахсий обрў-эътиборини пулга сотмайди. Акс ҳолда, андишасизлик қилган бўлади. Борди-ю, кимдир «Ўзимнинг отам содда ва камбағал», деб «ўзга»нинг отаси бой ва ўқимишли бўлгани учун уни ўз дастурхонининг тўрига, ўз отаси ўрнига ўтқазса, бу ғурурсизликдир.
... Мен гўёки ўз маҳсулотлари рекламаси «жозибадорлигини ошириш учун ажнабий унсурлар ва сўзларни қўллаётганларга, отаси дуосини олиб ўзлари қурган корхона, фирмаларига ажнабий ном қўяётганларга, «ўзгаларники» бўлишга «ўзлик»ни алмаштираётганларга дўпписини бошидан олиб, бобосидан қолган танчага суяниб, бувиларининг асрлар оша хиргойи қилиб келинаётган алласини эшитиб, би-и-и-р ўйлаб кўришларини тавсия қилган бўлардим.
Шаҳло АҲРОРОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими,
фалсафа фанлари доктори, доцент




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0