101 ёшли нодир отанинг орзуси
Польшадаги жангдамиз. Қоп-қора осмон остида, қор босган далада ётибмиз. Совуқдан суяклар қақшайди. Тўққиз кундан бери тўйиб овқатланмаганмиз. Доимий ҳамроҳим – милтиғим қўлимда. Бир пайт тўсатдан қаршимда душман пайдо бўлди. Юрагим гўё уришдан тўхтагандай эди. Ўқ узишга чоғландим. Хаёлимда ўлдим, дедим, аммо... у ўқ узмади. Бир зумга кўзларимиз учрашди. Эҳтимол, у ҳам мен каби ёш бола, ҳаётдан умидвор ва онасини соғинган эди... Ортига қайтди. Бу бир дақиқалик инсонийлик эди...
Иккинчи жаҳон урушининг бу каби ғамгин ҳикоялари ҳали-ҳамон қалбларимизни титратади. Янгийўл тумани, Қовунчи қишлоғида яшовчи 101 ёшли Нодир Мансуров бугунги тинч ва осойишта кунлар қадрини бошқача ҳис этади, чунки у ўша даҳшатларни ўз кўзи билан кўрган. Биз Нодир ота билан суҳбатлашиш учун уйига йўқлаб бордик.
– 1924 йилда туғилганман. Ўша машъум ёзни яхши эслайман. Оилада кенжа фарзанд бўлиб, ёш йигит эдим, – дейди Нодир ота. – Аксарият болалар қатори дарсликни кетмон тутқичига алмаштирдим. Полизларда туну кун ишлаб, рўзғорга қарашдим. Гарчи уруш юртимизда бўлмаса ҳам бахтиёр болани кўрмаганман. Акамни кўп қатори урушга кузатганимиздан кейин қийинчилигимиз янада ортди. Оиланинг бутун масъулияти менинг зиммамга тушди. Аммо урушнинг бадали фақат меҳнат бўлса қанийди... 1942 йили уйимизга «қорахат» келди: акам Турдибой Сталинград остонасида шаҳид бўлганди. Онам ҳеч бўлмаса, Турдибойимнинг совуқ вужудини қучоқласам ҳам рози эдим, дея куйинди. Акамдан битта қиз ёдгорлик қолганди. Бироқ янгам кўп ўтмай оиламиздан бутунлай кетди. Жияним дардимизга малҳам бўлиб турган экан. Хонадонимиз ҳувиллаб қолди.
...1944 йил. Ҳужжат бўйича 18, росмана 20 ёшга кирганимда урушга чақиришди. Онамнинг кўзларида ёш билан менга тўн кийдираётиб, «Жон болам, юрагинг пок, ниятинг ҳалол бўлса, ўқ ҳам сени четлаб ўтади», деган гапи кечагидек қулоғим остида жаранглайди.
Урушга борганимиздан сўнг, аввало, ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Кейин эса жанговар ҳаракатга – Польшага жўнадик. Ўқчи полкнинг оддий аскари сифатида хизмат қилдим. Ҳар бир отган ўқим, босган қадамимда ўша «қорахат»ни ёдга олдим.
Урушни эсласам, бир воқеани кўп хотирлайман... Ҳал қилувчи жанг кетаётганди. Снаряд ва миналар портлашидан ер ларзага келар, осмон қора тутунга бурканарди. Ҳозир ҳам кўзларимни юмсам, ўша портлашлар қулоғим остида жаранглайди. Ҳандақда душманга хужум қилишни кутиб ўтирган эдик. Ҳар бир сонияда ўлим чанг соларди. Тўрт кун давомида на овқат кўрдик, на уйқу. Аскарлар ниҳоятда чарчаган, аммо жон ширин, тупроқни чангаллаб ўтиришарди. Ҳамқишлоғим Комил ака ёнимизга келиб тушган снаряддан оғир яраланди. Қони юзимга сачради. У сўнгги нафасини олаётганда жойимизни тарк этишга буйруқ бўлди. Афсуски, уни ҳеч бўлмаса кўмиш насиб қилмади...
Отахон оғир тин олиб, сўнг сўзини давом эттирди:
– Ғалаба яқин экан. Оғир йўқотишлардан сўнг Польшани душмандан тозаладик. Уруш нафақат ғалаба, балки йиллар давомида кўзда қоладиган ёш ҳам экан. Айниқса, боласини излаётган отани, «Дадам келадими?» дея онасидан сўраган мурғак болаларни кўрганимда, юрагим қайта аланга оларди.
Уруш тугаб, ғалаба эълон қилинган бўлса-да, ўқ овозлари тинмади. 12 май куни ҳам Чехословакиядаги жангларда қатнашдим. Совет армияси таркибида 1950 йилгача Европанинг вайрон бўлган шаҳарларини тиклаш ишларида хизмат қилдим.
Ватанга ёруғ юз билан қайтдим. Қовунчи қишлоғининг мусаффо осмони, меҳрли нигоҳлар ва тандирдан узилган иссиқ нон ҳиди урушнинг барча дахшатларини, бир зум бўлса-да, унуттирди. Афсуски, мен қайтганимда онам бу дунёда йўқ эди...
Ғамни меҳнат аритади, деганлари рост экан. Ўзимни юмушга урдим. Янгийўлдаги ёғ-мой комбинати, консерва, биохимия заводларида узоқ йиллар ишладим. 1974 йилда «Ҳурмат белгиси» ордени билан, кейинчалик кўплаб медаллар билан тақдирландим.
Тақдирнинг менга меҳрибонлигини қаранг, Амина исмли садоқатли аёл билан ҳаёт йўлимни боғладим. Бир умр бир-биримизга елкадош бўлдик. Гарчи фарзандимиз бўлмаса-да, биргаликда яхши умр кечирдик. Афсуски, аёлим 74 ёшида вафот этди. Бу айрилиқдан сўнг анча пайт ўзимга келолмадим. Кексаликнинг ёлғиз йиллари бунчалар оғир ўтишини ва Яратган эгам умримни бу қадар узун қилишини билмагандим.
Ёлғизланиб қолганимдан сўнг, атрофимда яна бир меҳр қўрғони пайдо бўлди. Жияним Ҳафизахон ва унинг турмуш ўртоғи фарзандсизлигимни билдиришмайди. Ҳурмат-иззатда умргузаронлик қиляпман. Қўни-қўшни, маҳалла ҳолимдан доим хабар олади.
Мустақиллик йилларида фахрийларга эътибор янада кучайди. Мен «Шуҳрат» медали билан тақдирландим.
Бугунги дориламон кунлар қадрига етиш керак. Уруш даврида бундай тинч-осуда ҳаётни орзу қилиш эмас, ҳатто тасаввур этишнинг ўзи мушкул эди. Тиним билмасдик. Совуқда музлаб қолмаслик учун қалин қорни қазиб, остига ётиб жон сақлаганмиз. Бугунги ёшларга шуларни айтсангиз, худди эртак тинглаётгандек бўлади, – дейди Нодир ота. –101 ёшда инсонда орзу бўладими, деб сўрадингиз. Ҳа, бўлади. Энг катта орзуларимдан бири – Юртбошимиз билан учрашиш. Аллоҳ умр берса, бу ҳам амалга ошишига ишонаман.
Хонадонни тарк этар эканмиз, Нодир ота юртимиз тинчлиги, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсатини алқаб дуо қилиб, сўзининг сўнгида шундай деди: «Урушни биз кўрдик, сизлар асло кўрманг! Тинчликнинг қадрини уруш кўрганлар билади».
Феруза Раҳимова
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0