5 июнь – бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи нафақат экологлар ёки ҳукумат, балки ҳар бир инсон учун долзарб вазифага айланмоқда. Инсон фаолиятининг таъсири туфайли глобал исиш, биологик хилма-хилликнинг камайиши, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши каби жиддий муаммолар вужудга келмоқда. Бу ҳолат сайёрамизнинг барқарорлиги ва инсон саломатлиги учун катта таҳдид солади.
Экология – фақат табиат эмас, балки инсон саломатлиги, миллий иқтисодиёт ва келажак фаровонлигини қамраб олувчи муҳим соҳадир. Шу боис ҳар йили 5 июнь дунёда бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана жаҳон жамиятини табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва глобал экологик муаммоларга ечим топишга чорлаш мақсадида жорий этилган. 1972 йилда Стокгольм шаҳрида БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича конференциясида қабул қилинган резолюция асосида ушбу сана расман белгиланди ва 1974 йилдан бошлаб кенг нишонлана бошланди.
Яна бир муҳим масала 2024 йилда Европа Иттифоқининг “Clean Air Task Force” ташкилоти ҳамда Германиянинг “Max Planck Institute for Chemistry” илмий муассасалари томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, айрим шаҳарларда ҳаво ифлосланиши белгиланган меъёрлардан 8–10 баробар юқори даражада эканлиги аниқланган. Айниқса, Ҳиндистон, Хитой ва Марказий Осиёнинг баъзи шаҳарларида ҳаводаги зарарли моддалар аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Сўнгги йиллар ичида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Япония каби минтақаларда экологик тоза ёқилғилардан фойдаланиш ва самарали технологиялар жорий этилиши натижасида ҳаво сифати анча яхшиланган. Ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар – электростанциялар, саноат корхоналари ва автотранспорт воситаларидир. Улардан тарқаладиган зарарли газлар ва тутунлар узоқ муддат ҳавода сақланиб, инсон саломатлигига катта таҳдид туғдиради.
Шу билан бирга чиқиндилар муаммоси ҳам глобал экологик хавфлар қаторида туради. Бу масала нафақат санитария ва гигиена, балки шаҳарлар ривожланиши ва барқарор иқтисодий ўсиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, табиий ресурслар – ер, сув, ўрмон, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси –ни муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Ҳозирда дунё бўйича ҳар йили 400 миллион тоннадан ортиқ пластик ишлаб чиқарилади. Шунинг ярми фақат бир марта фойдаланиш учун мўлжалланган. Афсуски, улардан атиги 10 фоизигина қайта ишланади. Ҳар йили 11 миллион тонна пластик сув ҳавзаларига тушади — бу 2 200 та Эйфел минорасининг оғирлигига тенг. Микропластикалар — 5 мм дан кичик заррачалар — овқат, сув ва ҳавога аралашиб, ҳар бир инсон танасига йилига ўртача 50 000 дона пластик заррача киришига сабаб бўлмоқда
Ўзбекистонда ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида экологик барқарорликни таъминлаш муҳим йўналиш сифатида белгиланган. Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Бу ташаббус шаҳар ва қишлоқларнинг экотизимини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватини 16 минг мегаваттга етказиш режалаштирилган. Бу энергетикада барқарор ривожланиш ва экологик тоза келажак сари ташланган муҳим қадам ҳисобланади.
Ўзбекистон Париж иқлим битимига қўшилган ва ҳозирда Экологик таълимни ривожлантириш бўйича миллий концепцияни амалга оширмоқда. Чўлланиш, ер деградацияси, биохилма-хилликнинг йўқолишига қарши кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бутунжаҳон атроф-муҳит куни – бу фақатгина табиат гўзаллигини нишонлаш эмас, балки уни асраш, келажак авлод учун соғлом муҳит қолдиришга қаратилган жавобгарликни ҳис этиш кунидир. Ҳар биримиз ўзимиздан бошлаб экологик масъулиятни оширсак, сайёрамизнинг барқарор келажагига ҳисса қўшган бўламиз.
Даврон ЭРГАШЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0