Дунёдаги энг бой одамларнинг кундалик ҳаёти
Илон Маск бойлиги 400 миллиард доллардан ошган дунёдаги биринчи энг бой одам бўлди. Унинг активлари, жумладан, Тесла, SpaceX ва хАI, — энг йирик компаниялари ҳозирда тахминан 428 миллиард долларга баҳоланмоқда, деб ёзади Американинг Форбес нашри.
Энди Маск Марк Цукерберг ва Жефф Безосни бирлаштиргандан ҳам қимматроқ, деб таъкидлайди The Times. Бу Форбеснинг жаҳон миллиардерлари рейтингини қарийб 40 йиллик тарихидаги рекорддир. SpaceX ва унинг инвесторлари компания 350 миллиард долларга баҳоланган битимда инсайдер акцияларини сотиб олишга рози бўлгани маълум бўлгач, Маскнинг бойлиги 58 миллиард долларга кўтарилди. Ҳисоб-китобларга кўра, Маскнинг 42 фоиз улуши 147 миллиард долларга тенг ва SpaceXнинг ўзи ҳозирда дунёдаги энг қиммат хусусий компанияси ҳисобланади.
Каталониялик энг бой одамнинг бевақт ўлими
Манго кийим-кечак дўконлари тармоғининг 71 ёшли асосчиси Исак Андик оила аъзолари билан сайр қилиб, Каталония тоғларида вафот этди. Бахтсиз ҳодиса Барселона яқинида машҳур Монcеррат монастрига олиб борувчи сайёҳлик тоғ йўлида содир бўлган: тадбиркор дарада йиқилиб тушиб, олган жароҳатлари туфайли вафот этган. Андик Каталониядаги энг бой одам эди, унинг оиласининг бойлиги 4 миллиард долларга баҳоланмоқда. У кийим-кечак савдосини Барселонадаги ўрта мактабда ўқиб юрганида бошлаган. Дастлаб синфдошларига кашта тикилган футболкаларни сотган.Кейин Барселонадаги Балмес кўчаси бозорига кийим-кечак етказиб бериш билан улгуржи бизнесни бошлаган. 1984 йилда тадбиркор Манго компаниясига асос солган ва ҳозирда 110 мамлакатда 2100 та дўкон тармоғига эга. Манго 2023 йилда рекорд даражадаги 3,39 миллиард доллар даромад олди ва 2026 йилгача бутун дунё бўйлаб 500 га яқин дўкон очишни режалаштирган эди. Тадбиркорнинг ўғли ва унинг меросхўри деб тахмин қилинган Жонатан Андик компания директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Қадимги Хитой анъаналарини тиклаган миллиардер
Машҳур хитойлик визажист Мао Гепин Гонконгдаги худди шу номдаги косметика брендининг муваффақияти туфайли миллиардерга айланди, деб хабар бермоқда Американинг Форбес нашри. Мао Geping Cosmetics акциялари савдонинг биринчи кунида оммавий таклифнинг дастлабки нархидан 87 фоизга ошди. 60 ёшли Мао Хитойда ҳақиқий юлдуз бўлиб, у бўяниш санъатида (макияжда)довруқ қозонди.У қадимги Хитой анъаналарини қайта кўриб чиққан усуллардан фойдалана бошлади. 2000 йилда асос солган ҳозирда 1,6 миллиард долларга тенг бўлган компания асосчиси, Мао макияж бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқаради ва ижтимоий тармоқларда маслаҳат беради.
Мао Geping бренди остида ишлаб чиқарилган косметика халқаро брендларга нисбатан афзалликларга эга, дейди Хитойдаги косметика бозори мутахассислари. Уларнинг таъкидлашича, Мао маҳсулотлари осиёлик истеъмолчиларнинг терисига кўпроқ мос келади ва улар тобора кўпроқ маҳаллий брендларни афзал кўрмоқда.
Оксфорд университети–миллиардерлар мактаби
Нуфузли тадқиқот марказларининг таъкидлашича, Оксфорд университетини Буюк Британиядаги бошқа университетларга қараганда кўпроқ миллиардерлар битирган. Бу ерда умумий бойлиги 47,1 миллиард доллар бўлган жами 10 нафар миллиардер таҳсил олган. Бу рўйхатда Кембриж университети ва Лондон Иқтисодиёт мактаби ҳар бири саккиз миллиардердан иборат иккинчи ўринни эгаллади. Қизиғи, Оксфорд битирувчилар орасида энг кўп бой одамлар бўлишига қарамай, Кембриж университети миллиардер битирувчиларнинг умумий бойлиги — 92,6 миллиард долларни ташкил этган.
«Чехия сфенкси» ва Норвегияда йўқолиб
кетиш хавфидаги “тур”
«Чехия сфенкси» деб аталадиган Даниел Кретинский Британия почтасининг янги эгаси бўлди. Буюк Британия ҳукумати уни 3,6 миллиард фунт стерлингга (4,5 миллиард доллар) сотишга рози бўлди. Қироллик почтасининг 508 йиллик тарихида у биринчи марта хорижлик тадбиркор назоратига ўтди. Шундай бўлишига қарамай, ҳукумат ўз улушини сақлаб қолади. Яъни мулк, солиқ резиденцияси ёки штаб-квартирадаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳукумат розилигини талаб қилади.
Норвегияда миллиардерлар йўқолиб кетиш хавфи остида турган “турга” айланди, деб ёзади Daily Economy. Тадбиркорларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши 2022 йилда бойлик солиғи жорий этилгандан сўнг бошланган. Шу сабабли ўнлаб миллиардерлар яшаш жойини ўзгартирган. Улардан бири балиқ овлаш магнати Кьелл Инге Рекке бўлиб, у Швейцарияга кўчиб ўтди. Натижада Норвегия ҳукумати тахминан 16 миллион доллар йўқотди. Капиталнинг бундай қочиб кетишидан сўнг, солиқ сиёсатини юмшатиш ўрнига, расмийлар яқинда яна бир қонунни қабул қилдила. Унда «экспорт солиғи » деб аталадиган солиқ жорий этилади, унинг резиденти Норвегиядан кўчиб ўтганда тўлаши керак. Бу ставка 37,84 фоизни ташкил этади ва акциялар ва қимматли қоғозлар бўйича амалга оширилмаган фойдадан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Мутахассисларнинг айтишича, Норвегияни бизнес учун энг яхши жойга айлантириб, капитал ва истеъдодларни жалб қилиш ва ушлаб туриш ўрнига, Норвегия ҳукумати ўзининг Берлин солиқ деворини қуришга қарор қилди.
“Агар адашиб қолсангиз, фаол бўлинг”
Гамбургер, қовурилган товуқ ва пицца сотишдан бойиб кетган австралиялик тадбиркор Жек Коуэн муваффақиятсизликлар ва умидсизликларни қандай енгиш кераклигини айтди. Ундан ўзларини ҳаётда адашгандек ҳис қилаётган ёшларга нимадир дейишни сўрашди ва у шундай жавоб берди: «Қисқа жавоб — агар адашиб қолсангиз, фаол бўлинг. Мен ишдан бўшатилган кўп одамларни кўраман ёки уларнинг ҳаётида нимадир нотўғри кетмоқда. Улар узоқ ўтириб, ишончни йўқотадилар». Унинг сўзларига кўра, ўйлаш учун бироз вақт сарфлаш етарли. «Сиз ҳаётнинг асосий оқимига қайтишингиз, одамлар билан мулоқот қилиш орқали бирор нарса қилишингиз керак». Коуэннинг ўзи, 82 ёшида, ҳали нафақага чиқмоқчи эмас. У шундай дейди: “Агар ҳаётимни сарҳисоб қилсам, унга кундан-кунга машаққатли иш сифатида эмас, балки саргузашт сифатида қараган бўлардим. Бу янги бизнеслар, янги корхоналар, янги лаҳзалар саргузаштлари эди ва бу ҳаёт тарзи мен учун қизиқарли.”
Анваржон Ҳалимов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0