Касаба уюшмалари Федерациясида ОАВ вакиллари билан давра суҳбати ташкил этилди
Журналистика фидойи ва журъатли инсонлар касби. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ана шундай фидойи ва устоз журналистлар Касаба уюшмалари Федерациясига давра суҳбатига таклиф этди.
Мулоқотда соҳа ходимларининг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини халқимизга етказишдаги жонбозлиги, юртдошларимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериши мақсадида қилаётган меҳнатлари эътироф этилди. Учрашувда журналистлар олдида турган вазифалар, жумладан, миллий контент яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Меҳмонлар 2024 йилдан чиқа бошлаган, Касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги «Ватан» журналининг дунё ахборий маконидаги аҳамияти, хусусан, журнал саҳифаларидаги контентларнинг тарихий ўзлигимизни англатишга хизмат қилаётганини таъкидлашди.
– Журналистларни игна билан қудуқ қазийдиган соҳа эгалари, десам, адашмайман, – деди «Саодат» журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова. – Бугунги даврада кўплаб ҳамкасбларимиз билан дийдор кўришиб турганимдан хурсандман. Ҳар йили касб байрамимиз арафасида Касаба уюшмалари Федерацияси касбдошларимиз қувончига сабаб бўлиб келяпти. Ўтган йили ҳам бир ходимимизнинг фарзанди касал бўлиб, операция столига ётқизиши зарур бўлиб қолганида, Касаба уюшмаларининг эътибори ва ғамхўрлиги унинг жонига оро кирганди. Бу йил эса, мана, яна кўплаб журналистларга байрамона кайфият улашмоқда. Бу ишларнинг бошида турган Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқовга миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Болалигимизда адибларнинг «Осмонимиз мусаффо!» деган сўзларини шунчаки оддий гап деб ўйлардик. Мана энди бу шунчаки оддий гап эмаслигини тобора чуқурроқ ангаяпмиз ва тинчлигимизга кўз тегмасин, деймиз!
Давра суҳбатида тажрибали устоз журналистлар Шароф Убайдуллаев, Абдусаид Кўчимов, Турсунали Қоратоев, Асаджон Ходжаев ва яна бир гуруҳ соҳа фаоллари сўзга чиқиб, мамлакатимизда яратилган сўз эркинлиги, журналистларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида гапирдилар. Тадбир якунида журналистлар Касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди.
Зебо НАМОЗОВА
Қувонч ТЎРАЕВ
Эъзоза УМУРЗОҚОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0