Кибер фирибгарлардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Кейинги йилларда кибержиноятлар кўрсаткичи бутун дунёда ошиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, дунёда ахборий ҳужумлар сони 14,2 бараварга ошиб, 8,15 трлн. АҚШ доллари миқдорда моддий зарар етказган. Ушбу кўрсаткич жорий йилда 10.5 трлн. АҚШ долларига етиши таҳлил қилинган.
Бугун рақамли технологиялар барча соҳаларга жадаллик билан кириб келди ва бу жараён давом этмоқда. Албатта, бундай янгиликлар аҳоли турмушида қулайликлар яратди, масофа ва вақт тежалди, иқтисодиёт ва бизнесга янги имкониятлар очилди. Шу билан бирга, янги технологиялар янги хатарларни келтириб чиқарди.
Юртимизда ҳам бу каби жиноятлар ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари халқаро даражадаги йирик саммитларда, кўплаб йиғилишларда бу муаммога бир неча марта эътибор қаратган. Кибержиноятчилик терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар қаторида тилга олинган. ШҲТнинг Самарқанд саммитида сўзлаган нутқида эса Давлатимиз раҳбари бутун ташкилот миқёсида киберхатарларга қарши курашиш бўйича ягона платформани яратиш ва ишга тушириш таклифини илгари сурди.
Маълумотларга кўра, ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятларнинг айрим турлари сезиларни суръатда кўпайган. 2022 йилда бундай жиноятлардан азият чекиб 20 мингдан зиёд фуқаро мурожаат қилган бўлса, ўтган йили уларнинг сони 30 минг нафардан ортиқни ташкил қилган.
Ачинарлиси, кейинги тўрт йилда электрон тўлов воситалари орқали содир этилган ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари 17 бараварга ортган.
Мисол учун сохта ҳаволалар юбориш орқали тасдиқловчи кодни қўлга киритиб, карта бошқарувини эгаллаш, онлайн савдо платформаларида турли алдовлар билан товар ва хизматлар учун тўловни олдиндан амалга оширишга эришиш, телефон қўнғироқлари орқали банк карта бошқарувини тасдиқловчи кодни қўлга киритиш, шахсларни сохта крипто-биржаларга қизиқтириш ва пул ўтказишга эришиш, хориждан мерос ёки пул юборишни ваъда қилиб, почта харажатларига тўлов сифатида пул ўтказдириш каби усуллар билан содир этилганлиги аниқланган.
Рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятлар аҳолининг шахсий дахлсизлиги ва молиявий хавфсизлигига реал хавф туғдирмоқда. Хўш, бундай жиноятларнинг кўпайишига олиб келаётган асосий омиллар нима?
Логин ва паролни бериш
Фирибгарлар асосан ижтимоий инжиниринг усулларини қўллаган ҳолда фуқароларнинг ишончига кириш йўли билан уларнинг мобиль иловалардаги аккаунтларини бошқариш имконини берувчи логин ва паролларни эгаллаб, банк карталаридаги пул маблағларини ечиб олади.
Тармоқда шахсий маълумотларни қолдириш
Рақамли технологиялар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган жараёнда ҳар бир фуқаро ўзининг шахсий маълумотларини (Ф.И.Ш, телефон рақами, банк карта рақами, электрон почта манзили ва ҳ.к) интернет тармоғидаги турли кўнгилочар сайтлар, ижтимоий тармоқлар, эълонларни жойлаштириш сервисларида қолдиради. Айрим ресурслар эса ишончсиз ёки хавфсизлик етарли даражада таъминланмаган бўлиб, фойдаланувчилар учун хатарларни келтириб чиқаради.
Бевосита ёки телефонда алдаш орқали
Фирибгар фуқарога қўнғироқ қилиб, ўзини банк ва тўлов ташкилотининг хавфсизлик, пластик карта, мижозларни қўллаб-қувватлаш ёки бошқа бўлими ходими сифатида таништиради. Шундан сўнг, фуқаронинг фамилияси, банк карта рақаминининг маълум қисмини айтиб, унинг мобиль иловадаги аккаунтига хужум уюштирилгани, банк картаси блоклангани ёки картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани, зудлик билан чора кўрилиши лозимлиги каби баҳоналар билан фуқарога босим ўтказиб, уни тезроқ қарор қабул қилишга ундайди.
Яна бир: Фойдаланувчига гўёки “Марказий банк” номидан зарарланган илова юборилади ва уни телефон қурилмасига ўрнатиш талаб қилинади. Ушбу жараёнда фуқаро фирибгарнинг алдовига ишониб иловани ўрнатади ва ўз банк картасини унга боғлайди. Фирибгар бир марталик тасдиқловчи кодни олгач, ҳисобларни бошқариш имкониятини тўлиқ эгаллаб олади.
Савдо майдончалари Фирибгар савдо майдончаларига жойлаштирилган эълонлардаги маълумотлардан фойдаланиб, буюмни сотиб олмоқчи эканини, аммо узоқдалигини айтиб, етказиб бериш хизмати (курьер) орқали харидни амалга оширишни таклиф қилади.
Фуқаро бунга рози бўлгач, фирибгар гўёки тўловни амалга ошираётгандек кўрсатиб, сохта ҳаволани тақдим этади. Унда эса банк карта рақами, амал қилиш муддати ва картага уланган телефон рақамини тақдим этиши сўралган бўлади.
Оммавий тарғибот компаниялари
Фирибгарлар интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар ёки электрон почта орқали соҳта веб-сайтлар, банк ёки тўлов ташкилотларининг номидан очилган соҳта саҳифаларни тарқатиб, улар орқали турли (реклама қилиш, совринли акциялар, лоторея ютуқлари, бир марталик нафақа тўловлари, узоқ қариндошдан қолган мерос, сотилаётган буюмни харид қилиш ёки арзон нархда сотиш, интернет орқали осон пул топиш ва ҳ.к. каби) таклифлар бериши ва фуқароларнинг маълумотларини киритишини сўраш орқали фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг маълумотларини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Шахс номига унинг хабарисиз онлайн кредит расмийлаштириш
Бунда ҳам юқоридаги каби хорижий фуқаролар сохта рақамлар орқали қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк ёки ахборот хавфсизлиги бўйича масъул ходим деб таништиради, кейин “кредит бўлими ходими” ёки “бўлим бошлиғи” дея бошқа шахсларга, аслида эса ўзининг шерикларига қўнғироқни бериб, шахснинг ишончига киради. Ундан паспорт билан расмга тушиш, “тасдиқловчи СМС-код”ни ва бошқа маълумотларни маълум қилишни талаб қилади. Шу вақт оралиғида бир нечта банклардан онлайн кредит расмийлаштириб олиб, пулларни дарҳол бошқа банк карталарига ўтказиш орқали ўзлаштирилади. Алдов қурбони бўлган шахс эса банкдан кредитни тўлаш ҳақида хат келгандагина ушбу “схема”дан хабар топади...
Ушбу турдаги жиноятлар виртуал муҳитда содир этилиши, жиноят изини яшириш имкони сабабли бошқа турдаги жиноятларга нисбатан уларни фош этиш кўрсаткичи паст.
Хўш, улардан қандай сақланиш мумкин?
Мутахассисларнинг фикрича, киберхатарлар қурбонига айланмаслик учун айрим қоидаларга риоя қилиш муҳим. Электрон хатлар, мессенжерлардан келган хабарларни пухта текширинг. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда доимо огоҳ бўлинг. Браузер, иловаларни ўз вақтида янгиланг. Мустаҳкам ва ишончли пароллардан фойдаланинг. Паролингизни ҳеч кимга маълум қилманг. Антивирус дастурларидан фойдаланинг. Ўз медиасаводхонлигингизни доимий ошириб боринг. Шубҳали хабарлар, постлар ва ҳаволаларни бошқалар билан бўлишманг. Бундай хатти-ҳаракатларга дуч келсангиз, улар ҳақида тегишли ташкилотларга дарҳол хабар беришга одатланинг.
Электрон тўлов воситалари орқали содир этиладиган ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан ҳимояланиш учун эса парол ва кодларни ҳеч кимга маълум қилманг. Банк картангизда СМС-хабарномасини уланг. Антивирус дастурларидан фойдаланинг.
Банкоматларда банк картасидан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга оширишда ёнингизда шубҳали шахслар йўқлигига эътибор беринг. Банкоматга банк картасини киритиш учун жисмоний куч ишлатманг. Агар банк картаси киритилмаса, бундай банкоматдан фойдаланманг. POS-терминалларда (қўл терминаллар) банк картаси билан операцияларни фақат ўзингизнинг иштирокингизда бўлишини талаб қилинг.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0