Мактаб битирувчиларининг 50 нафари муддатидан олдин талаба бўлди
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги 96-умумтаълим мактабида таълим олаётган ўқувчиларнинг ютуқлари жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Жорий ўқув йилида мазкур таълим муассасасининг 11-синф битирувчилари томонидан 172 та миллий ва халқаро сертификат қўлга киритилди. Улардан 6 нафари халқаро SAT сертификатига эга бўлди. Шунингдек, 50 нафардан ортиқ битирувчи муддатидан олдин талаба бўлишга муваффақ бўлди.
Мазкур натижалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилингач, "Ishonch.uz" мухбири ҳам мактабда бўлиб, эришилган ютуқларнинг омилларини ўрганди.
Мактабда ҳозирда 48 нафар педагог фаолият юритади. Уларнинг 34 нафари олий тоифали ўқитувчилардир. Педагоглардан бири “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ ўқитувчиси” унвонига эга бўлса, 9 нафари “Халқ таълими аълочиси”, яна бири “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Мактаб директори Собир Қодировнинг таъкидлашича, эришилаётган натижалар педагоглар ва ўқувчиларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасидир.
– Таълим сифати, аввало, ўқитувчининг ўз устида ишлашига боғлиқ. Шу боис педагогларнинг малакасини ошириш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Масалан, хорижий тиллардан дарс берувчи 6 нафар ўқитувчимиз турли даражадаги миллий ва халқаро сертификатларга эга. Бошқа фан ўқитувчиларининг ҳам илмий салоҳияти юқори, – дейди мактаб раҳбари.
Сўнгги йилларда мактаб ўқувчилари турли танлов ва олимпиадаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 2022-2025 йиллар давомида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, Президент мукофотига сазовор бўлди. 2024 йилда вилоят босқичида 1-ўринни, республика босқичида эса 4-ўринни эгаллади. Натижада 5 нафар ўқувчи ва бир нафар ўқитувчи Буюк Британияга таълим саёҳатига бориш имкониятига эга бўлди.
Мактабда ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда тайёргарлик ишлари йўлга қўйилган. Айрим ўқувчилар фан олимпиадаларига, бошқалари эса халқаро сертификат имтиҳонларига тайёрланади.
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Адиба Усмонованинг айтишича, бу йил 11-синф битирувчилари томонидан қўлга киритилган 172 та сертификат жамоа учун катта натижа ҳисобланади.
Сўнгги йилларда ҳам мактаб битирувчилари юқори натижаларга эришиб келмоқда. Масалан, 2024–2025 ўқув йилида 104 нафар битирувчининг 81 фоизи давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган. Мактаб ўқувчиси Мадина Суюнова эса 2021–2024 йиллар давомида халқаро математика олимпиадаларида иштирок этиб, бир қатор медалларни қўлга киритди. 2024 йилда у халқаро математика олимпиадасида бронза медалига сазовор бўлди.
2025–2026 ўқув йилида ҳам мактаб ўқувчилари муносиб натижаларни қайд этмоқда. Жумладан, икки нафар ўқувчи она тили ва адабиёти ҳамда физика фанлари бўйича Республика фан олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Яна бир нафар ўқувчи физика фанидан халқаро олимпиадада қатнашиш имконига эга бўлди.
Муассасада таълим билан бир қаторда тарбия масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ва спорт мусобақалари ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0